Жамият | 19:27 / 19.11.2020
12634
8 дақиқада ўқилади

Қаршида битта ер майдони учта тадбиркорга бериб юборилган. Чигал масала энди қандай ечилади?

Қарши шаҳри ҳокимлиги ходимларининг масъулиятсизлиги ортидан бир ер майдони бир неча тадбиркорга бериб юборилган. Бу ҳолатда ҳам онлайн аукционда ер сотиб олган тадбиркор мулкига эгалик қила олмаяпти.

Ҳозирда боши берк кўчага кириб қолган ва аукционда харид қилган еридан ҳам, суднинг ҳал қилув қарори боис ушбу ер учун ўринга ўрин берилган ер майдонидан ҳам қуруқ қолган 3 нафар тадбиркордан бири – Шарофиддин Даминов бўлади.

xP_r1xqAmwNbyuwYtWA5fTm_TfTVqx5q.jpg (960×1280)

1VTBY0HljUg663jC4My_-il3SufZnXLm.jpg (960×1280)

«2018 йил 31 октябрда e-auksion сайти орқали Қарши шаҳридан ўтувчи Қарши–Шаҳрисабз йўл ёқасига яқин жойдан, Отчопар маҳалласидан 3,6 сотих ер майдони харид қилган эдим. Ўша йилнинг 21 декабрида ҳокимнинг ўша қатордаги барча ер майдонлари учун битта қарори чиққан.

Қурилиш учун лойиҳа-смета ҳужжатларини йиғишни бошлаганимдан бироз ўтгач, бу ишларни тўхтатиб туришимни ва ерни ўз хоҳишим билан захирага топширишим кераклигини айтишди. Ҳокимлик вакили мен харид қилган ерда йирик мултиавтосалон қурилиши белгиланганини, мени еримга ўринга ўрин ер майдони берилишини айтди. Бу воқеа 2019 йилнинг июл ойида бўлди. Ўрнига ўрин ер берсангиз, мен розиман, дея ариза ёзиб бердим. Захирага олинди», – дейди Шарофиддин Даминов.

Тадбиркорнинг айтишича, унга 3та ер участкаси кўрсатилган, у ўзига шаҳарнинг «Рогузар» МФЙ, Ислом Каримов кўчасидан 4,8 сотих ер майдони маъқул келганини билдирган ҳамда ҳеч кимда эгалик ҳуқуқи бўлмаса, ушбу ерни беришларини сўраган.

«2019 йил 9 июлда шу жойга қарор чиқариб беришди. Қарорга ҳеч қандай эътирозим йўқ эди. Оилавий масалалар боис ишим сал орқага сурилди. Кейинчалик, архитектура-қурилиш хулосасини олиш учун ҳужжатларни топширдим. Хулосани олиб бўлгач, лойиҳага топширган вақтларим бошқа бир киши келиб, бу жойни ўраб олибди.

Маълум бўлишича, ҳокимлик «Асл Меъмор Барака» МЧЖга 2020 йил 3 апрел куни айни ерга қарор чиқариб берган», – дейди у.

Ш.Даминов бир неча марта шаҳар ҳокимлигига боргани, манфаатларига зид ҳокимлик қарорини бекор қилдириш учун Қарши шаҳар маъмурий судига мурожаат қилганини билдирди.

Тадбиркорга кўра, ҳокимлик унга чиқариб берилган қарорни бир йил мобайнида бирор қурилиш ишлари амалга оширилмагани учун бекор қилишларини билдирган. Ваҳоланки, шаҳар ҳокимлигининг 2019 йил 9 июлда чиққан қарорида, ер участкасидан 2 йил мобайнида фойдаланилмаса ёки қурилиш ишларини тугатмаса, ажратилган 480,0 кв.м. ер участкасини доимий фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилиниши белгилаб қўйилган.

9hiN-8UL7e-T_ptMLLUSXI3rImzmSTv_.jpg (897×1280)

Тадбиркор шу йилнинг 1 июлида судга шикоят аризасини топширган бўлса-да, карантин муносабати билан ишни кўриб чиқиш кечиктирилган. Кейинроқ, иккинчи тадбиркор, яъни «Асл Меъмор Барака» МЧЖ Шарофиддин Даминовга аукционда сотиб олган ерига ўринга ўрин берилган ер майдони учун чиқарилган ҳоким қарорини бекор қилиш учун судга мурожаат қилган.

2020 йил 25 сентябрда чиқарилган маъмурий суднинг ҳал қилув қарорини ўрганиш жараёнида эса, қизиқ бир ҳолатга дуч келдик. Бу – мақоламиз бошида сўз юритилган масъулиятсизлик ҳақида.

Ҳал қилув қарорида қайд этилишича, «Асл Меъмор Барака»га қарашли бўлган маъмурий бино жойлашган 1801,39 кв метр ер майдони олиб қўйилган. Қашқадарё вилоят хўжалик судининг 2016 йил 20 октябрдаги ҳал қилув қарорига кўра, ҳозирги И.Каримов (собиқ Ўзбекистон) кўчасидан «Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси» қуриш учун 500,0 кв метр ер участкаси Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш доимий комиссияси томонидан ажратиб берилиб, далолатнома расмийлаштирилган ҳамда шаҳар ҳокимининг қарорини чиқариш учун 2016 йил декабрида барча ҳужжатлар ҳокимликка тақдим қилинган.

Бизни ажаблантирган жиҳатга келсак, мавзуга дахлдор бўлмаса-да, эътиборингизни яна бир нарсага, яъни Қарши шаҳар ҳокимлигининг суд қарори ижросини пайсалга солиб келганига қаратишни истардик. Қашқадарё вилоят хўжалик суди қарори 2016 йил 20 октябрда қабул қилинган бўлса, ҳокимликнинг «Асл Меъмор Барака»га ер ажратиб бериш ҳақидаги қарори салкам 3,5 йилдан сўнг чиқариб берилган.

Ер майдонлари ҳақиқатдан ҳам устма-уст тушадими?

Судда жавобгар Қарши шаҳар ҳокимлиги вакили 3.Исмоилов тушунтириш бериб, «... аслида мазкур ер майдони «Улкан иншоот қурилиш сервис» МЧЖга тегишли экани ҳозирда аниқланган»ини билдиради.

Ҳокимлик вакилига кўра, ушбу МЧЖга Қарши шаҳар ҳокимининг 2015 йил 8 июндаги Х-396/6-сонли қарорига асосан 3996,0 кв метр ер майдони ажратиб берилган. Қарши шаҳар ҳокимининг 2016 йил 29 сентябрдаги Х-1301/9-сонли қарори билан Қарши шаҳар Ўзбекистон кўчасида «Улкан иншоот қурилиш сервис» МЧЖ томонидан қурилган 3-4 каватли, 38 хонадонли турар-жой биноси фойдаланишга қабул қилиниб, мулкка эгалик ҳуқуқи берилган.

Исмоилов, шунингдек, ўз кўрсатмасида низоли қарорларда келтирилган ер майдонлари устма-уст тушишини билдирган.

cxS8F9ygOyxxYEcXE6qGhbSe50MzrlRr.jpg (1280×891)

Ишга мутахассис сифатида жалб қилинган Қарши шаҳар қурилиш бошқармаси ходими Ш.Тўхтаев тушунтириш бериб, чиндан ҳам низоли бўлган ер майдонини бир қисми дастлаб Қарши шаҳар ҳокимининг 2015 йил 08 июндаги Х-396/6-сонли қарори билан «Улкан иншоат қурилиш сервис» МЧЖга, кейинчалик 2019 йил 9 июлдаги X-2829/7-сонли қарор билан фуқаро Шарофиддин Даминовга, 2020 йил 03 апрелга келиб HQ-834/04-сонли қарор билан «Асл Меъмор Барака» хусусий корхонасига ажратиб берилганини қайд этган.

Унинг судда билдиришича, ушбу қарорлардаги ер майдони устма-уст тушган бўлиб, англашилмовчилик туфайли дастлабки қарор бекор қилинмасдан, ёки тегишли розилиги олинмасдан бир ер майдони бир неча тадбиркорларга бериб юборилган.

Бироқ, Kun.uz ихтиёрида Қарши шаҳар қурилиш бўлимининг 2020 йил 30 октябрдаги бошқа бир хати мавжуд бўлиб, унда бўлим мутахассиси С.Шодмонов «... ажратилган ер участкаларининг ишчи комиссия далолатномаси хариталари солиштирилганда бир-бирига устма-уст тушмаслиги аниқлангани»ни таъкидлаган.

Шу билан, 3 тадбиркорга ажратилган ер майдони устма-уст тушадими, деган саволга аниқ жавоб йўқ. Чунки бир идоранинг бир мутахассиси тушади, деса иккинчиси тушмайди, деб турибди.

1vfHjOvTZJ3rZ-BD1UeScrwI56g0aSMp.jpg (960×1280)

Суд, иш бўйича тарафларнинг тушунтиришини эшитиб, иш материалларида тўпланган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги хулосага келган:

«... Бундай ҳолатда, Қарши шаҳар ҳокимининг 2019 йил 09 июлдаги Х-2829/7-сонли ва 2020 йил 03 апрелдаги HQ-834/04-сонли қарорларини қонуний деб бўлмайди. Чунки ЎзР Ер кодекси 23-моддаси, 3-бандига кўра, эгаликдаги, фойдаланишдаги, ижарадаги ва мулк қилиб берилган ср участкасини бошқа шахсларга бериш (реализация қилиш) фақат шу участка белгиланган тартибда олиб қўйилганидан (сотиб олинганидан) кейин амалга оширилади».

Шу муносабат билан, Қарши шаҳар маъмурий суди шаҳар ҳокимининг 2020 йил 03 апрелдаги НQ-834/04-сонли қарорини ҳамда Қарши шаҳар ҳокимининг 2019 йил 09 июлдаги Х-2829/7-сонли қарорини ҳам ҳақиқий эмас деб топган.

Хуллас, ҳокимлик мутасаддиларининг ўз ишларига масъулият билан ёндашмасликлари оқибатида 3 нафар тадбиркор ҳам вақтини, ҳам асабини йўқотмоқда. Муаммо эса ҳамон ўз ечимини кутмоқда.

Толиб Раҳматов, Kun.uz мухбири
Шерзод Эгамбердиев, тасвирчи

Мавзуга оид