Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш миллий дастури тасдиқланади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “2019-2024 йилларда мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Қуйидагилар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг асосий йўналишлари этиб белгиланади:
озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш;
асосий турдаги қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотлари, хом-ашёни ички ишлаб чиқаришни барқарор ривожлантириш;
чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик соҳасини барқарор ривожлантириш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш;
қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилаш;
озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш;
аҳолини барча қатламларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши учун иқтисодий имкониятларини ошириш;
озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни давлат томонидан тартибга солиш ва назорат қилиш.
2019-2024 йилларда мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш миллий дастури тасдиқланади.
Қуйидагилар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг ички омиллари ҳисобланади:
қишлоқ хўжалигида озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришда фойдаланиладиган ер ва сув ресурсларининг ҳажми, сифати ва улардан самарали фойдаланиш имкониятлари;
озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотиш соҳасига инновацион технологияларни жорий қилиш даражаси;
ички ва ташқи бозорларда мамлакатда ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг рақобатбардошлик даражаси;
миллий озиқ-овқат саноати салоҳиятининг ривожланганлик ҳолати;
озиқ-овқат маҳсулотлари импорти ва экспортининг нисбати;
аҳоли кенг қатламларининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини маҳсулот турлари, ҳажми ва сифати бўйича ички ишлаб чиқариш ҳисобига таъминлаш даражаси;
аҳоли даромадларига мос ҳолда истеъмол товарлари нархларининг ўсиш суръати;
нави ва сифати кафолатланган, ички ва ташқи бозорларда харидоргир бўлган маҳаллий уруғ ва кўчат таъминотининг барқарорлиги;
чорва ҳайвонларининг зотини яхшилаш ва маҳаллий зотларнинг маҳсулдорлигини ошириш бўйича селекция ва наслчилик ишларининг тизимли ташкил этилганлиги;
ички бозор коньюнктураси талабини мунтазам ўрганиб бориш асосида талаб ва таклифнинг мувофиқлаштириш тизимининг мавжудлиги;
қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга талаб этиладиган моддий-техник ресурслар таъминотининг барқарорлиги ҳамда маҳсулотлар баҳолари ва уларни ишлаб чиқаришга сарфланадиган моддий-техника ресурслари ва кўрсатиладиган хизматлар нархларининг ўсиш даражасининг мутаносиблиги;
ҳудудларда, айниқса қишлоқ жойларда инфратузилмани ривожланиш даражаси ва уни рағбатлантириш механизмларининг мавжудлиги;
табиий яйловларнинг ҳосилдорлиги ва улардан самарали фойдаланиш тизимининг йўлга қўйилганлиги;
ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун айланма маблағларнинг етишмаслиги ва банк кредитларининг юқорилиги;
хом-ашё етказиб берувчи ва қайта ишловчилар ўртасидаги шартномавий муносабатларнинг бозор механизмларига мувофиқлиги.
Қуйидагилар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг ташқи омиллари ҳисобланади:
озиқ-овқат маҳсулотларига дунё бўйича нархни ортиб бориши ва ривожланаётган давлатлар талабининг кўпайиши;
иқлим шароитларининг ўзгариши;
биоёқилғи ишлатиш кўламининг кўпайиши;
геосиёсий омиллар.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш механизмлари белгиланган мақсадли мезонлар асосида қуйидаги тадбирлар уйғунлигида амалга ошириш орқали таъминланади:
республиканинг барча ҳудудлари даражасида озиқ-овқат хавфсизлигини аниқлаш, баҳолаш ва кутилиши мумкин бўлган хавфни олдиндан билиш тизимини жорий қилиш;
озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича халқаро талабларга уйғунлашган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тизими жорий қилиш;
республиканинг барча ҳудудлари даражасида белгиланган мақсадли мезонларни бажаришни таъминловчи агросаноат мажмуасини барқарор ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни тартибга солиш ва бошқариш тизимини жорий қилиш.
Мавзуга оид
11:31 / 18.11.2024
Хитой Ўзбекистонда озиқ-овқат ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш масаласини кўриб чиқяпти
13:41 / 02.11.2024
Тошкент вилоятида болалар учун берилган озиқ-овқатни боғчадан олиб кетаётган мудира ушланди
17:13 / 01.11.2024
Президент бозорларда нархларни барқарорлаштириш бўйича тезкор чоралар кўришни буюрди
10:59 / 20.10.2024