“Яқинда аҳолининг шахсий маълумотлари тарқаб кетди ва албатта бу хавфсизлигимиз етарлича ҳимояланмаганидан далолат. Квант компютерлари орқали хавфсизликни кучайтиришимиз мумкин эди ва бунга имконият бор”, – дейди Озодбек.
Озодбек Тоҳиров дастурлар яратиш баробарида инглиз тилини ҳам ўрганиб бормоқда. Унинг айтишича, келажакни квант компютерларсиз тасаввур қилиш қийин:
“Яқинда квант компютерлари орқали тасодифий рақамлар яратувчи дастур ишлаб чиқдим. Энг аввало криптография нималигини англашимиз керак.
Мисол тариқасида айтадиган бўлсам, алифбода учта рақамни олдинга ёки орқага қилиб ўзгартиришимиз мумкин, шунда “салом”даги “а” ҳарфи “д”га ўзгаради ва шунда ҳеч ким билмайди. Бунда калитимиз уч бўлади. Ҳозирда оддий компютерлар ёки суперкомпютерлар ҳам тасодифий рақамлар ярата олади, лекин улар аслида ҳақиқий тасодифий рақам эмас. Улар математик формулаларга асосланган. Ҳозирда квант компютерлари орқали ҳақиқий тасодифий рақам яратишимиз мумкин, чунки бу физика қонунларига асосланган.
Энди квант технологиялари ҳақида айтиб ўтсам. Квант технологиялари бизга янги бир инқилоб ва имконият бўлиши мумкин. Тарихга юзлансак, 1760 йилларда саноат инқилоби бўлди. Ўрта асрларда Самарқанд, Бухоро илм-фан, маданият ва савдо маркази ҳисобланган ва бу пайтда эса Европада қоронғу давр эди. Лекин саноат инқилоби туфайли кучлар баланси ўзгарди. Саноат инқилобидан сўнг биз 100-150 йил орқада қолиб кетдик. Ундан кейин электр, сўнгра интернет пайдо бўлди.
Ҳозирда сунъий интеллект пойгаси давом этмоқда. Бундан кейин квант технологиялари инқилоби пайдо бўлади. Биз бунга олдиндан тайёр бўлишимиз керак ва мутахассисларни чиқаришни бошлашимиз керак, шунда биз дунёда топ-20 таликка кира олишимиз мумкин. Квант технологияларига саноқли давлатлар эътибор қаратмоқда. Биз бу имкониятдан фойдаланиб қолишимиз керак.
Мисол учун АҚШ квант технологиялари учун 2018 йилдан доимий сармоя киритишни бошлади. Хитой эса миллий дастурлар яратишни 2016 йилда бошлаган. Биз ҳам шу каби дастурлар яратишимиз керак. 2030 йилгача 1 миллион сунъий интеллект етакчиси дастурлари бор, бизга ҳозирда квант технологияларига ҳам шундай дастурлар керак.
Квант компютери билан оддий компютер ёки суперкомпютерларни таққослайдиган бўлсак, қисқача қилиб айтганда оддий ёки суперкомпютерлар 0 ва 1лардан фойдаланади. Квант компютерларида эса шундай хусусият борки, суперпозиция деб аталади, унда ҳам 1, ҳам 0 ишлаши мумкин. Бу уларга бир вақтнинг ўзида вазифаларни барчасини ишлашига ёрдам беради.






