Ўзбекистон | 14:41 / 12.08.2019
46219
16 дақиқада ўқилади

«Arabboy»га берилган ер тўғри олиб қўйилганмиди – сўнгги сўзни Олий суд айтади

Kun.uz таҳририятига турли фуқаролар, шахслардан ҳар хил мазмундаги мурожаатлар келиб тушади. Улар орасида, қонунчиликда белгилаб қўйилган ҳуқуқлари поймол бўлган фермерлар, тадбиркорлар, оддий фуқароларнинг ҳам арз-додлари бор.

Яқинда шундай мурожаатлардан бири эътиборимизни тортди. Бир неча йилдан буён капитал қурилиш соҳасида муваффақиятли фаолият юритиб келаётган «Arabboy» МЧЖ хатида маълум қилинишича, Юнусобод туман, Марказ-6, 9-мактаб қаршисидаги гаражлар жойлашган 0,7 гектар ер майдони 2014 йил 4 август куни Тошкент шаҳар ҳокимининг №651-сон қарори билан кўп қаватли тураржой ва кўп қаватли автотураргоҳ қуриш учун фирма тасарруфига берилган. Бироқ ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар оқибатида ер давлат захирасига қайтариб олинган ва унинг ўрнида бошқа бир фирма иш олиб бораётганини билдирган.

«Бунда энг муҳим жиҳати, шаҳар ва туман ҳокимлиги, прокуратураси тадбиркорга амалий ёрдам беришда саъй-ҳаракат кўрсатмади. Биринчи инстанция суди тадбиркорнинг қурилиш ишларини олиб бормаслигидаги ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларни инобатга олганини апелляция инстанцияси Чилонзор туман прокуратураси протести билан бекор қилди. «Arabboy» МЧЖ 3 йил мобайнида судма-суд юриб, солиқларни тўлаб, лойиҳа ишларини якунлаб, қурилиш учун энди рухсат олганида ҳаммасидан маҳрум бўлиб қолаверадими?!», - дейилади мурожаатда.

Kun.uz тасвирга олиш гуруҳи ушбу мурожаатдаги ҳолатларни ўрганиш мақсадида даставвал «Arabboy» МЧЖ юристи Рустамали Олимбеков билан учрашдик.

Рустамали Олимбеков

«Чилонзор туман маъмурий судида биринчи инстанцияда судлашганимизда, ютиб чиққандик. Ўзи ер муаммоси. Кейин Чилонзор туман прокурори томонидан Чилонзор туман суди қарори устидан протест киритди. Бизнинг назаримизда, протест умуман ноқонуний қабул қилинган, чунки сабаблари ўрганиб кўрилмасдан, Тошкент шаҳар апелляция судига берилди.

Усманова деган судья илк кунларда раислик қилди. У суднинг 1-2-3-кунларида шаҳар ҳокимлиги ва прокурорга тўлиқ босим остида ўтказди: “Нима учун, ўзинглар шароит яратиб берган экансизлар", прокурор протест ёзишда нима учун деган саволга жавоб бермаган ва нотўғри қилган, нима учун деган саволга на ҳокимлик вакили, на прокурор бир оғиз гапиролмади.

Тўртинчи жараёнга келганида, ҳокимиятнинг етакчи юристи экан, суд процесси бошланмаган эди, тезда кириб келиб, қаттиқ-қаттиқ овоз билан судьяларга гапириб кетди. Мен бу суд раиси бўлса керак, деб ўйлабман. У хонадан чиқиши билан орқасидан суд жараёнига раислик қилувчи Усмонова чиқди. Иккиси пичирлашиб гаплаша бошлади. Мен русча айтганда “нагло” бориб мўраладим. Буни кўрган Усмонова довдираб қолди ва “майли-майли” деб, суд залига кириб, ҳаммани таклиф қилди.

Шундан сўнг, арзимаган баҳонани қилиб 4 марта суд қолдирилди. Судья прокурорга айтиб турибди, “Нима учун важларни ўқиб чиқмагансиз, бир неча маротаба Виртуал қабулхонага, сизларга, ҳокимликка мурожаат қилган экан, ўзларинг берган жавоб хатлари турибди, шуларни ўрганиб чиқмагансизлар, ёхуд, «Arabboy» МЧЖни чақириб, сабаби нима, тадбиркор экансиз, камида 200 млн сўм пул сарфлаяпсиз, ахир, деб бир оғиз сўрамагансизлар? (2018 йил ўзида 95 млн солиқ тўлаганмиз)”, деб.

13 май куни, 7-суд мажлисида, беш дақиқа ҳам ўтгани йўқ, Усмонованинг менга қарашга юраги бетламади, шекилли, «Minor center» МЧЖ вакилига қараб, Тошкент шаҳар маъмурий суди Чилонзор туман маъмурий судининг қарорини бекор қилиб, прокуратура протестини маъқуллайди, деб эълон қилди. Шу билан мажлис тугади.

Мен ОАВ вакиллари иштирок этишини сўраб бир неча маротаба мурожаат қилган эдим, шу масалаларда ажрим чиқариб беришини сўрамоқчи бўлиб эшикни очсам, қарсак чалиб бир-бирини қучоқлашяпти. Мен бу ҳолатни кўриб, “байрам эканда-а”, дедим.

Мени ҳайрон қолдирган нарса, суд қарори матни билан суд жараёнидаги протокол матни бир хил. У ерда мени сўраганларим, жон куйдириб гапирганларим ҳақида бир оғиз сўз юритилмаган. Айтмоқчи бўлганим, суд бир томонлама бўлди. Бошида бизнинг ёнимизни олиб келган ва ҳокимлик ҳамда прокуратурага “Ўзингизни айбингиз, бу одамга ер бергансизлар, ундан олдин бошқа бирига ер бериш тўғрисидаги ҳужжатни бекор қилмагансизлар”, деган суд 5 дақиқада шундай қарор чиқариб қўя қолди», - деди Р.Олимбеков биз билан суҳбатда. 

Албатта, «Араббой» МЧЖ дуч келган вазиятга ўхшаш ҳолатларда ҳужжатлар сўзлаши шубҳасиз. Хўш, масъулияти чекланган жамият ихтиёрида қандай ҳужжатлар бор, унинг даъволари қанчалик ўринли, у ҳақиқатдан ҳам ўзига ажратилган ҳудудда қурилиш ишларини амалга ошириш учун бирор саъй-ҳаракат кўрсатдими?

Ўрганишларимиздан кўринишича, МЧЖ гаражлар ўрнида лойиҳага биноан кўпқаватли тураржой ва автомобиль тураргоҳи барпо қилиш учун, таъбир жоиз бўлса, уч фронтда кураш олиб борган.

Биринчидан, 2013 йил 28 май кунги Юнусобод тумани ҳокимининг 175-сон қарори бўйича фуқаро Ғ.Зокиров туман ҳокимлигини судга берган. Чунки, Ғ.Зокировга берилган ер майдонига гаражлар жойлашган 0,4 гектар ҳудуд қўшилган ҳолда Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан «Arabboy» МЧЖга берилган. Бунда Ғ.Зокировнинг судга мурожаат қилишининг сабаби, унга ер ажратиб бериш бўйича ҳоким қарори ҳам ўз кучида бўлганлигидир. Яъни, шаҳар ҳокимининг 651-сон қарори қабул қилинганида, ернинг бир қисми бошқа бир шахс ихтиёрида фойдаланишда бўлган.

Бу борада сўнгсўзни фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар кассация инстанцияси 2018 йил 2 мартдаги ажрими билан айтган. У фуқаролик ишлари бўйича М.Улуғбек туманлараро судининг 2017 йил 27 ноябрдаги Тошкент шаҳар ҳокимлиги фойдасига чиқарган ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган ва 2017 йил 1 июнь куни ўша 0,3 гектар ер Юнусобод туман ҳокимининг 187-сон-ф қарори билан туман ҳокимияти захирасига олинган. Аммо, биринчи фронтдаги кураш салкам 3 йил давом этганини алоҳида таъкидлаш лозим. Суд жараёни давом этаётган бир вақтда қайси ташкилот ҳам таваккалчиликка қўл уриб, қурилиш ишларини кўр-кўрона олиб борар эди. 

Қарийб 3 йиллик муаммо барҳам топиб, энди қурилишни бошлай деб турган тадбиркор кутилмаганда навбатдаги қаршиликка дуч келган, десак муболаға бўлмайди. У ҳам бўлса, ўз гаражларини ноқонуний тарзда жойлаштирган ҳолда ердан бирор ҳужжатга асосланмаган ҳолда фойдаланиб келганига қарамай, қайсарлик йўли билан фирманинг ўз ҳисобидан гаражларни бузишига йўл қўймаган фуқаролар жамоаси қаршилигидир. Улар гаражлар жойлашган ер майдони «Планета» гараж кооперативига қарашли эканини иддао қилишган ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва «Arabboy» МЧЖ устидан фуқаролик ишлари М.Улуғбек туманлараро судига мурожаат қилган.

Албатта, кооператив ташкил этилиши ноқонуний бўлмаган, яъни ўша вақтдаги Киров район ижроқўмининг 1987 йил 5 февралдаги 54/3 сонли қарори билан ташкил этилган. Аммо, бугунги кунда кооператив ўрнидаги гаражлар ноқонуний жойлашгани ва салкам 18 йилдан буён давлатга ердан фойдаланганлик учун бир сўм ҳам тўловни амалга оширмаганлиги ўрганишларимиз чоғида бир неча ҳужжат билан ўз тасдиғини топди.

1.    Юнусобод туман давлат солиқ инспекциясининг 2017 йил 21 сентябрдаги 04-33724-сонли хатида қайд этилишича, «ўрганишда «Планета» гараж кооперативи ҳозирда фаолият кўрсатмаётганлиги маълум бўлган».

2.    Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар кассация инстанцияси 2018 йил 2 мартдаги ажримида қайд этилишича, «Юнусобод тумани “Ягона дарча” марказининг 2017 йил 27 октябрдаги 1-10/83 сонли маълумотномасига асосан «Планета» гараж кооперативи 2001 йил 23 апрелда (ликвидация) тугатилган. Аммо, фуқаролар, кооператив тугатилганига қарамай, шу вақт мобайнида гаражлардан фойдаланишда давом этган».

3.    Гаражлар ноқонуний эканлиги Тошкент шаҳар прокуратурасининг 2017 йил 27 августдаги 10/9282-а-17 сонли хатида ҳам ўз тасдиғини топган. Бошқарма бошлиғи в.б. А.Ғуломов имзоси билан тақдим этилган мактубда жумладан шундай дейилади: «Планета» гараж кооперативи юридик шахс сифатида давлат идораларида рўйхатдан ўтмагани ва Юнусобод тумани давлат солиқ инспекциясида солиқ тўловчи сифатида қайд этилмагани аниқланди. Шу билан бирга, фуқароларда ер майдонига ҳам, тикланган гаражларга ҳам кадастр ҳужжатлари мавжуд эмас».

4.    Лекин, гараж «смотряший»си Алексейнинг бизга тақдим этган ҳужжати, бир идорадан икки хил мазмундаги хат чиқиши мумкинлигига яққол мисол бўла олади. Шаҳар прокурори биринчи ўринбосари Шерзод Облоқулов имзоси билан 2017 йил 4 июлда тақдим этилган 7392-17-сонли мактубида қайд этилишича, «Планета» гараж кооперативига 100та гараж учун ер майдони Тошкент шаҳар ижроқўмининг 1975 йил 19 декабрдаги 677/2 сонли қарори билан ажратилган, бу ҳужжат бугунги кунда расман юридик кучини йўқотмаган, «Планета» гараж кооперативига кадастр иши очилган».

Биз масала янада аниқроқ бўлиши, фуқароларнинг жон-жаҳдлари билан қайсарлик қилиб, тадбиркор зиммасига юклатилган мажбуриятни бажаришга имкон бермаганликлари ортида ҳақиқатдан ҳам кадастр иши очилганини аниқлаш юзасидан Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси Юнусобод туман бўлимига бордик ва биргина савол билан мурожаат қилдик.

Шаҳар прокуратураси мактубида таъкидланганидек, ҳақиқатдан ҳам «Планета» гараж кооперативига нисбатан кадастр иши мавжудми?

Бу саволга туман кадастр бўлими бошлиғи ўринбосари Абдулҳамид Ҳакимовнинг жавоб беришича, мазкур гаражларга ҳам, гаражлар жойлашган ер майдонларига ҳам, «Планета» гаражлар кооперативига ҳам кадастр иши мавжуд эмас.

Абдулҳамид Ҳакимов

Бизни янада ажаблантиргани, ушбу ҳолатларни барча давлат идоралари қайд этганларига қарамай, гараж эгаларини белгиланган тартибда солиққа тортиш амалиёти ҳеч бир ташкилот томонидан амалга оширилмаган. Шаҳар прокуратураси мазкур ҳолат юзасидан гараж эгаларини солиққа тортиш бўйича туман солиқ инспекциясига билдиришнома киритмаган.

Хуллас, МЧЖнинг иккинчи фронтдаги кураши ҳам фуқаролик ишлари бўйича М.Улуғбек туманлараро судининг 2018 йил 10 апрелдаги қарори билан якунига етди. Бир гуруҳ фуқароларнинг Тошкент шаҳар ҳокимининг «Arabboy» МЧЖга ер ажратиш тўғрисидаги 651-сон қарорини бекор қилишни сўраб берган аризаси рад этилиб, 2018 йил 1 майдан кучга кирган.

Қурилиш фирмаси шаҳар ҳокимининг 651-сон қарорида зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажариш учун гаражларни ўз маблағи ҳисобидан бузиши талаб этилган, бироқ бирорта давлат идораси бу масалада тадбиркорга ёрдам бермаган. Туман ҳокимлиги, туман ва шаҳар прокуратураси, туман ИИБ амалий ёрдам бериш чорасини кўрмаган. Бу борадаги мурожаатлар ва уларга берилган мантиқсиз жавоблар тўпланса, ўзи бир том бўлади.

Шу билан МЧЖ, гарчи ўтган йиллар мобайнида барча солиқларни тўлагани, қурилиш ишларини олиб бориш учун шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармасининг ижобий хулосаси салкам икки йил деганда, 2016 йил 22 июлдаги 31/14 баённомасига асосан зўрға олганига қарамай (бу ишлар учун 300 млн сўм атрофида маблағ сарфланган) сунъий равишда фуқаролар қаршилиги билан қонунчиликда белгиланган 3 йиллик муддат, судма-суд сарсон бўлиш оқибатида 4 йилга айланган.

Хат-ҳужжатлар билан югур-югурларга барҳам берганига ишонган МЧЖ энди амалий ҳаракатларга киришганида барчаси хомхаёл эканини англаб етди. Бир гуруҳ фуқаролар гаражларни бузишга келганларни жанжал ва шов-шув билан қарши олишган. Шаҳар прокуратурасидан кимнингдир қўнғироғи билан ИИБ ходимлари ва участка нозирлари келиб, тинчлик керак, дея халқни тинчитиш ўрнига, тадбиркорни «тинчитиш» вазифасини уддалаган.   

Шу билан 2018 йил 1 майдан кучга кирган суд қароридан 6 ой ўтгач, эндиликда, собиқ шаҳар прокурори Шерзод Облоқулов имзолаган протестга мувофиқ, Ер кодексининг 36-моддасига асосан ажратилган ер 4 йилдан ортиқ вақт мобайнида ўзлаштирилмагани важи билан шаҳар ҳокимлигидан «Arabboy» МЧЖга ер ажратиш тўғрисидаги 651-сон қарорини бекор қилиш сўралган ва бу сўров шаҳар ҳокимининг 2018 йил 29 ноябрдаги 1682-сон қарори билан қаноатлантирилган.

Ер майдони яна 5 сотих қўшилган ҳолда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2019 йил 7 февралдаги 159-сон қарори билан ҳаш-паш дегунча, янги бир ташкилот - «Minor center» МЧЖга бериб юборилган. Бу вақтда эса «Arabboy» МЧЖ 1682-сон қарорининг ўзига тегишли қисмини бекор қилиш юзасидан Чилонзор туман маъмурий судига ариза топширган ва суд ушбу ишни кўриб чиқаётган бўлган.

Чилонзор туман маъмурий суди «Arabboy» МЧЖни 1682-сон қарорининг ўзига боғлиқ қисмини бекор қилиш юзасидан қилган мурожаатини кўриб чиқар экан, барча ҳолатларни инобатга олган ҳолда «Arabboy» фойдасига қарор чиқарган вақтда ишга Чилонзор туман прокуратураси аралашган. Прокуратура протестига асосан иш апелляция инстанциясида кўриб чиқилган ва биринчи инстанция судининг қарори бекор қилиниб, «Arabboy» МЧЖнинг манфаатларига зид ажрим қабул қилинган.

Шу ўринда, апелляция инстанцияси қарорида қайд этилган айрим жиҳатларга тўхталсак. Жумладан, қарорда «2014 йилдан 2018 йилга қадар мазкур гаражларни кўчириш чорасини кўрганлигини тасдиқловчи далилларни тақдим этмади», дея таъкидланади. Ўринли савол туғилади: «Arabboy» МЧЖ журналистга тақдим этган ва туман ҳокимлиги, прокуратурага йўллаган ва гаражларни бузишда айрим фуқаролар қайсарлик билан қаршилик қилаётгани, бунда амалий ёрдам беришни сўраб ёзган мурожаатлари нимани тасдиқлайди ёки бўлмаса, ер учун солиқ тўлангани ва қурилиш ишларини бошлаш учун хулоса олингани-чи? Бундан ташқари, 0,7 гектар ер майдонининг 0,3 гектаридаги гаражлар эгалари рози қилиниб, уларга компенсация тўланган ҳолда фирма ҳисобидан бузилгани, майдон атрофи ўралиб, қурилиш-коммуникация ишларини олиб бориш учун тайёргарлик кўрилганини қандай баҳолаш мумкин?

 Хуллас, бугунги кунда мазкур иш ҳамон давом этмоқда. Бу ишда яна сўнгги сўзни Олий суд айтадиган кўринади.

Маълумот учун: «Arabboy» МЧЖ 1991 йили ташкил этилган бўлиб, асосан, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий-маданий объектларни капитал қуриш соҳасида бош пудратчи сифатида фаолият юритиб келмоқда. Шу даврга қадар, Юнусобод туманидаги 2-юқумли касалликлар шифохонаси, шаҳар Марказий дорихона базаси, Кардиология марказининг Б-блоки, Алишер Навоий кўчасидаги 7 қаватли турар-жой бинолари «Arabboy» МЧЖ томонидан бунёд этилган.

Толиб Раҳматов Kun.uz мухбири
Шерзод Эгамбердиев Kun.uz оператори

Мавзуга оид