Жамият | 23:05 / 08.06.2019
6104
2 дақиқада ўқилади

«Бу иш унумини ҳам оширади...»: АТ Халқ банки 5 та муҳим ташаббус доирасида тадбир ўтказди

Бугун, 8 июнь куни Тошкентдаги “Япон боғи”да АТ Халқ банки томонидан “Баркамол авлод – юрт таянчи” шиори остида банк ходимлари ва уларнинг оила аъзолари иштирокида маданий-маърифий тадбир ташкил қилинди.

Мазкур тадбир Республика Президенти томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш борасида илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида ташкил қилинди. 

Тадбир дастуридан ўрин олган шартларга кўра, банк ходимлари ва уларнинг оила аъзолари мусиқа, рассомчилик, спорт, китобхонлик ҳамда театр саҳнасида рол ижро этиш каби бир нечта йўналишда ўзаро мусобақалашди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири. 

«Банк ходими одатда асосий вақтини ишда, компьютер қаршисида ўтказади. Лекин бугунги тадбир ва унда белгиланган шартлардаги ходимларимизнинг иштироки, ҳосил бўлаётган юқори кайфиятдан кўриб хулоса қиляпмизки, ҳар бир ташкилотда бу каби тадбирлар керак экан. Бу иш унумини ҳам оширади», дейди АТ Халқ банки бошқаруви раиси ўринбосари Фарҳод Саломов ўтаётган тадбир ҳақида фикр билдириб.

«Баркамол авлод – юрт таянчи» шиори остида ўтган тадбирга таниқли санъаткор, цирк артисти ва қизиқчиларнинг чиқишлари, шунингдек, болалар ва катталар учун ташкил қилинган ютуқли ўйинлар алоҳида қизиқиш уйғотди.

 

Ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги 5 та муҳим ташаббус доирасида ўтказилган танловлар бўйича ғолибларга АТ Халқ банкининг совғалари топширилди.

Ташкилотчиларнинг айтишича, мазкур йўналишдаги тадбирлар Халқ банкининг республикадаги барча филиалларида ўтказилади.

Тайёрлаган:  Илёс Сафаров

Мавзуга оид