Ўзбекистон | 14:29 / 13.11.2020
13689
3 дақиқада ўқилади

Давлат ташкилотларининг хизмат автотранспортлари хатловдан ўтказилади ва нормативлардан ортиқча бўлганлари аукционда сотилади

Фото: KUN.UZ

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов қиммат нархларда хизмат автомобилларини сотиб олаётган давлат хизматчиларига нисбатан чекловлар қўллашдан бошқа чора қолмаётгани ҳақида фикр билдирди.

“Афсуски, айрим мансабдор шахслар бугунги мураккаб (пандемия) шароитида давлат маблағларининг самарали сарфланиши нақадар муҳим эканлигини тўла англаб етмаяпти. Ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама бўлаётган – қиммат нархлардаги хизмат автотранспортларини харид қилиш бунга яққол мисол бўла олади.

Бундай ҳолларда давлат хизматчиларига “Ҳалоллик вакцинаси”ни норматив ҳужжатлар қабул қилиб, тегишли чекловларни қўллаш орқали сингдиришдан бошқа чора қолмаяпти”, – деб ёзади агентлик директори.

Акмал Бурҳоновнинг маълум қилишича, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳасида айнан шу каби ҳолатларнинг олдини олиш режалаштирилмоқда.

“Лойиҳага кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбар ходимларига хизмат автотранспортларни классига қараб бириктириш нормативлари (энг юқори нархлари) белгиланади.

Жумладан, туман, шаҳар ҳокимларига бириктириладиган хизмат автотранспорти нархи БҲМнинг 1200 баравари (267 млн. 600 минг сўм)дан ошмаслиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўлинмалари раҳбарлари хизмат автомашинаси нархи эса БҲМнинг 700 баравари (156 млн. 100 минг сўм)дан ошмаслиги керак бўлади.

Давлат ташкилотларида фойдаланишда мавжуд бўлган хизмат автотранспортлари хатловдан ўтказилади ва белгиланган нормативлардан ортиқча бўлган хизмат автотранспортлари E-IJRO AUKSION орқали аукцион савдоларда сотилиши таъминланади.

Хизмат автотранспортларини сотишдан тушган маблағлар эса тегишлича республика бюджетига ва Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига йўналтирилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларини янгисига алмаштириш ундан камида 5 йил фойдаланилгандан сўнг амалга оширилади. Бунда автотранспортнинг техник ҳолати, ундан фойдаланиш хавфсизлиги, шунингдек, янгисига алмаштиришнинг иқтисодий мақсади инобатга олиниши лозим бўлади.

Бундан ташқари, хизмат автотранспортларидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланилиши жамоатчилик томонидан назорат қилинади ҳамда хизматдан ташқари мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг махсус порталига, шунингдек, махсус мобил дастурий таъминотига фото ва видео материалларни жойлаштириш орқали хабар қилинади.

Ўйлайманки, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши бугунги кун учун жуда долзарб масалага айланган — бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши, унинг устидан жамоатчилик назоратининг ўрнатилишига хизмат қилади”, – деб ёзади агентлик директори.

Аввалроқ, Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармаси сохта ҳужжатлар билан 349 миллион сўмга Equinox автомобилини харид қилгани маълум қилинган эди.

Мавзуга оид