Ўзбекистон | 10:56 / 20.12.2020
12173
2 дақиқада ўқилади

Ҳукумат айрим технологик асбоб-ускуналар импорти учун ҚҚС ва божларни бекор қилади

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги таклифи билан импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган ҳамда республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар рўйхатини тасдиқлаш кўзда тутилмоқда.

Фото: Shutterstock

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар рўйхатини тузиб чиқди. Ушбу рўйхатни ҳукумат қарори билан тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилган, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Таклиф этилган ҳукумат қарори лойиҳаси билан 81та устунда белгиланган товарларни ҚҚС ва божсиз импорт қилиш таклиф этилган. Хусусан, юк ташиш ва махсус мақсадларга мўлжалланган моторли транспорт воситалари, тикув машиналари ва тўқимачилик дастгоҳлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва мойларни саноат йўли билан тайёрлаш учун жиҳозлар, ҳайвон озуқалари тайёрлаш ускуналари ва бошқаларни имтиёз билан импорт қилиш таклиф этилмоқда.

Ушбу рўйхат 2017 — 2019 йилларда импорт қилинган технологик асбоб-ускуналарнинг номенклатурасини ва уларнинг ўхшаши республикада ишлаб чиқарилиши мавжудлигини ўрганиш натижалари асосида янгидан шакллантирилган.

Ҳукуматнинг тегишли қарорига мувофиқ, имтиёзлар фақат янги технологик асбоб-ускуналарга қўлланилиши ҳамда битта контрактга (шартномага) мувофиқ мазкур технологик асбоб-ускуналар билан бирга уларнинг ажралмас қисми сифатида етказиб берилган бутловчи ва эҳтиёт қисмларга татбиқ қилинади.

Четдан олиб келинадиган технологик асбоб-ускуналарнинг ишлаб чиқарилган йилини тасдиқлаш учун «эркин муомалага чиқариш» божхона режимига божхона расмийлаштируви вақтида технологик асбоб-ускунанинг ишлаб чиқарилган йилини тасдиқловчи ишлаб чиқарувчи заводнинг техник паспорти ёки ишлаб чиқарувчининг асбоб-ускуналар у томонидан ишлаб чиқарилганлиги, жумладан, ишлаб чиқарилган йили тўғрисидаги тегишли маълумотларни ўз ичига олган бошқа ҳужжати тақдим этилади.

Таклиф этилган қарор лойиҳаси 2021 йилнинг 1 январига қадар муҳокамага қўйилган. 

Мавзуга оид