Янги қонун билан Божхона кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, бож тарифи билан белгиланган ставкалар миқдоридаги божхона божлари товарни жўнатувчи ёки экспорт қилувчи мамлакатдан қатъи назар, Ўзбекистон савдо-иқтисодий муносабатларида энг кўп қулайлик бериш режимини қўллаётган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан қўлланилади.
Шу билан бирга, савдо-иқтисодий муносабатларда эңг кўп қулайлик бериш режими назарда тутилмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган ёки ишлаб чиқарилган мамлакати аниқланмаган товарларга нисбатан бож тарифидан ташқари қўшимча божхона божи ундирилади. Унинг миқдори қуйидагича белгилаб қўйилди:
божхона божининг адвалор ставкаси 10 фоизгача бўлган товарларга – 5 фоиз қўшимча бож;
адвалор ставкаси 10 фоиздан 20 фоизгача бўлган товарларга – 10 фоиз қўшимча бож;
адвалор ставкаси 20 фоиздан 30 фоизгача бўлган товарларга – 15 фоиз қўшимча бож;
адвалор ставкаси 30 фоиз ва ундан юқори бўлган товарларга – 20 фоиз қўшимча бож.
Қонунда белгиланишича, ушбу тартиблар қонун расмий эълон қилинган кунда эътиборан 3 ой ўтгач амалга киритилади.
















