Ўзбекистон | 16:05 / 07.01.2021
25005
2 дақиқада ўқилади

Пенсия ва нафақалар қайси тоифа шахслар уйига етказиб берилади?

Пенсия ва нафақалар «Халқ банки» филиаллари томонидан айрим хонадонларга бевосита етказиб берилади. Бунда алоҳида шарт ва талаблар асосида шундай амалиёт йўлга қўйилган.

I ва II гуруҳ  ногиронлиги бўлган шахслар ва мустақил ҳаракатланиш ҳамда пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловларни сайёр кассалардан олиш имкониятига эга бўлмаган шахсларга пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловлар «Халқ банки» филиали томонидан бевосита уларнинг яшаш жойига етказиб берилади. Ушбу масала Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2018 йил 14 мартда давлат рўйхатидан ўтказилган «Ўзбекистон Республикаси АТ «Халқ банки» бўлинмалари орқали ишламайдиган пенсионерларга пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловларни тўлашни ташкил этиш тўғрисида»ги йўриқноманинг 6-бандига асосан тартибга солинади.

Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг маълум қилишича, «Халқ банки» филиали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда ҳар ойнинг йигирма еттинчи санасига қадар I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва мустақил ҳаракатланиш ҳамда пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловларни сайёр кассалардан олиш имкониятига эга бўлмаган шахслар рўйхатини шакллантириб, тегишли Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимига электрон ва ёзма шаклда тақдим этади.

«Пенсия жамғармаси бўлимлари ҳар ойда «Халқ банки» филиали томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва мустақил ҳаракатланиш ҳамда пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловларни сайёр кассалардан олиш имкониятига эга бўлмаган шахслар қайдномаларига тегишли ўзгартириш киритиб боради», – дейилади хабарда.

Маълумот учун, 2021 йил 1 февралдан бошлаб, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ҳамда стипендиялар миқдори 1,1 баробарга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 февралдан иш ҳақи, пенсия ва нафақалар 7 фоизга оширилган эди. 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб эса пенсия ва нафақалар миқдори 10 фоизга оширилган.

Тайёрлаган:  Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид