Ўзбекистон | 13:33 / 30.07.2020
9773
2 дақиқада ўқилади

ИИВ томонидан ташкил этилаётган 750 ўринли вақтинчалик шифохонага тиббиёт ходимлари ишга таклиф этилмоқда

14 кунлик фаолияти учун шифокорларга 25 млн сўм, ҳамшираларга 15 млн сўм, кичик тиббиёт ходимлари 15 млн сўм иш ҳақи берилиши, ўзининг ижобий кўрсаткичлари билан ўрнак бўлган ходимларга иш ҳақига қўшимча равишда 6 фоизлик устама тўланиши ваъда қилинмоқда.

Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев «Ўзбекистон24» телеканалига берган интервьюсида 2-3 кун ичида 2000 ўринли даволаш марказлари фаолияти йўлга қўйилиши, жумладан, Мудофаа вазирлиги томонидан 814 ўринли, Давлат хавфсизлик хизмати томонидан 520 ўринли, Ички ишлар вазирлиги томонидан 750 ўринли тез тиббий ёрдам кўрсатадиган даволаш муассасалари ишга туширилишини маълум қилган эди.

ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсовнинг хабар беришича, Тошкент шаҳридаги Бадиий гимнастика спорт мажмуасида (Юнусобод тумани Тор хўжа ота кўчаси, 2-А уй) ташкил этилган вақтинчалик шифохонага тиббиёт ходимлари ишга таклиф этилмоқда.

Қайд этилишича, 14 кунлик фаолияти учун шифокорларга 25 млн сўм, ҳамшираларга 15 млн сўм, кичик тиббиёт ходимларига 15 млн сўм иш ҳақи берилиши, ўзининг ижобий кўрсаткичлари билан ўрнак бўлган ходимларга иш ҳақига қўшимча равишда 6 фоизлик устама тўланиши ваъда қилинмоқда. Иш ҳақи ва устамалар жойида берилиши айтилмоқда.

Ушбу таклифга қизиққанлардан 98 115-29-39 рақамига (Талъатбек Маматқулов) қўнғироқ қилиш сўралган.

Мавзуга оид