Жамият | 16:32 / 04.05.2020
12537
6 дақиқада ўқилади

Турар жойни суғурталаш қанчага тушади? Соҳа мутахассислари билан суҳбат

«Сардоба» сув омборидаги авария Ўзбекистонда суғурта бозорини ривожлантириш долзарб аҳамиятга эга эканини кўрсатмоқда. Kun.uz мухбири айни мавзуда мамлакатдаги бир нечта суғурта компаниялари вакилларидан интервью олди.

– Суғуртанинг афзалликлари ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмаган одамларга тушунарли бўлиши учун содда тилда тушунтириб берсангиз. Дейлик, 2000 йилда қурилган 5 хонали уйи бор. Фуқаро шу уйини 500 минг сўмга суғурта қилдирди. Шу уй сув остида қолди, уй учун қанча компенсация олиши мумкин?

Акрамжон Шаробиддинов – «КАФОЛАТ суғурта компанияси» АЖ суғурта бўйича директори:

– Уйни суғурта қилишда аввало уйнинг қийматидан келиб чиқилади. Айтайлик, 100 млн сўмга уйини суғурта қилдирди. Табиий офат натижасида уй батамом зарарланса, қанча миқдорда суғурта қилинган бўлса, яъни суғурта компанияси олган жавобгарлик 100 млн сўм бўлса, 100 млн сўм тўлалигича қоплаб берилади.

Офат бўлганда уй қисман зарарланса, дейлик, 5 хонали уйнинг фақат 2 хонаси зарарланса, шу икки хонани тиклаш учун кетадиган харажатлар мустақил баҳоловчи томонидан баҳолаб берилади. Компания мустақил баҳоловчи белгилаган суммани мижозга тўлаб беради.

Кўпчилик сўрайди: суғурта компанияси ғишти ёки оҳагини қилиб беради, холосми? Йўқ, қуриш учун кетадиган уста ва бошқа харажатлари ҳам қўшилиб, умумий сумма қоплаб берилади.

Табиий офатларда жуда ҳам кўп экин майдонларига зарар етяпти. Бу экин майдонлари бўйича ҳам етказилган зарар қоплаб берилади.

Транспорт воситалари, чорва моллари, ҳайвонлар суғурталанган бўлса, улар ҳам зарар кўрганда суғурта суммаси бўйича зарар қоплаб берилади.

– Дейлик, фуқаро 100 млн сўм қийматидаги уйни суғурта қилган. Аммо уй суғуртаси учун 100 млн сўм тўламайди-ку?

Умида Қосимова – «Gross Insurance» МЧЖ суғурта тўловлари маркази директори:

– Мижозлар уйини суғурта қилаётганда базавий тариф бўлади. У 0,2 фоиздан 0,1 фоизгачани ташкил қилади. Суғурта қилдираётганида уй нархидан келиб чиқиб, 0,1 фоиз ҳисоблаб, бизга суғурта мукофотини тўлаб беради. Биз бундан 100 баравар кўпига жавобгарликни оламиз.

Gross Insurance’да жуда кўп суғурта турлари бор. Уй-жойга боғлиқ кўплаб суғурта маҳсулотлари бор. Уларнинг ҳаммаси бир-биридан фарқланади.

Компания 100 млн сўмга жавобгарликни олаётган бўлса, мижоз бор-йўғи 100 минг сўм тўлаб беради. Шунда компания бир йил давомида барча табиий офатлардан, учинчи шахс томонидан етказиладиган зарарлар бўйича суғурта тўловларини амалга оширади.

– Фуқаро 100 минг сўм эмас, ундан кўпроқ пулга суғурталаса, нима бўлади?

Акрамжон Шаробиддинов – «КАФОЛАТ суғурта компанияси» АЖ суғурта бўйича директори:

– Мол-мулк суғуртасида суғурта компанияси оладиган жавобгарликнинг энг катта миқдори бозор баҳоси бўлади. Айтайлик, уй бозорда 200 млн сўм туради. Суғурта компанияси уни 500 млн ёки 1 млрд.га олишга имконияти йўқ. Чунки уй нимадир бўлиб зарарланса, унинг қийматидан ортиқ тўлаб бера олмайди. Шунинг учун бозор қиймати доирасида суғурта қилинади.

Суғурта суммаси 100 млн сўм бўлса, мижоз суғурта учун шундан 0,1 фоизи – 100 минг сўм тўлайди. Фақат бир нарсани ҳисобга олиш керак. Суғурта компаниялари кўрсатадиган хизматларда иккита тур бор. Биттаси – иморатлар суғуртаси. Иккинчиси – иморатларда жойлашган аҳолининг мол-мулки: телевизор, музлаткич, гилам ва ҳоказо.

Суғурта қилаётганда иморат биноларини алоҳида, мол-мулкни алоҳида суғурта қилиш мумкин. Шунда зарар етганда ҳам иморатга, ҳам унинг ичидаги мулкка тўлов амалга оширилади.

Амалиётда ёнғин ҳолатлари кўп кузатилади. Бунда иморатдан кўра, мол-мулк кўпроқ зарарланади.

Аҳолига тавсия сифатида шуни айтмоқчи эдим, уйларини суғурта қилганда уй ичидаги мол-мулкни ҳам суғурта қилиш керак. Чунки мол-мулк ҳам арзон нарса эмас. Офат юзага келганда зарар кўриш эҳтимоли катта бўлган нарсалардан бири.

Ўтган йили Деҳқонобод туманида кучли сел келди. Ўша жойда «Кафолат» суғурта компанияси суғурта қилган. 3 ойдан кейин ҳодиса рўй бериб, баҳор ойининг охирларида 30дан ортиқ хонадонни сув олиб кетди. Компания бориб, хонадонларни ўрганиб, тезликда суғурта зарарларини қоплаб берди. [Кейинги йил эса] ҳали қиш тугамай фуқаролар қўнғироқ қилишни бошлаяпти: «Суғурта компанияси, тезроқ келиб суғурта қилиб қўйгин, баҳор келди, бизда ҳодиса бўлиш эҳтимоли бор», деб.

Биринчидан, бизнинг айбимиз – охирги нуқтагача етиб бормаганимиз. Иккинчидан, суғурта компанияси тўлаб бергач, аҳоли ҳам мана бор экан, ишлайди, деб ишонч билдирди.

Суғурта компанияларининг республика бўйича 1600дан ортиқ бўлинмалари бор. 7000 нафардан ортиқ ходим, 10 минг нафардан ортиқ суғурта агентлари бор. Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги, суғурта ассоциацияси, суғурта компанияларининг ташаббуси билан ҳудудларга кириб боряпмиз.

Ташвиқотни етказа олсак, шунда аҳолига етказилган зарарни қоплаш имконияти бўлади.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.

Мавзуга оид