«Орзум олимпиадада медал олиш эди» — Ўзбекистон учун тарихий натижа қайд этган информатика олимпиадачилари билан интервю
Халқаро информатика олимпиадасида Ўзбекистон илк медалларини қўлга киритди. 11-синф ўқувчилари 2 та бронзага эга чиқди. Улардан бири «Халқаро информатика олимпиадасида дастурлаш ва компютердан фойдаланишда яхши кўникмага эга бўлиш етарли. Шунда ҳам баланд натижа қайд этиб, бронза, ҳатто кумушни олиш мумкин», дейди. Kun.uz олимпиадада катта натижа кўрсатган ўқувчиларнинг муваффақияти калити, ўй-хаёллари, бу йўлдаги машаққатлари ва келажакдаги режалари ҳақида суҳбат ташкил қилди.
.
Халқаро информатика олимпиадаси 1989 йилдан бери ўтказиб келинади. Ўзбекистон терма жамоаси бу мусобақада жуда кўп маротаба иштирок этган, аммо шу вақтгача бирорта медал қўлга киритмаганди. 2023 йилги олимпиадада кўрсаткич янгиланди. Андижон шаҳридаги президент мактаби ҳамда Тошкентдаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари Дилшодбек Хўжаев ва Дилёрбек Валижонов 2 та бронза медалини қўлга киритди.
Бу йилги олимпиада иккала ўқувчи учун ҳам сўнггиси эди. Боиси улар мактабни тамомлаб, ОТМга қабул қилиниши кутилаётганди. Иккала ўқувчи ўзи учун мактаб ёшидаги сўнгги олимпиадани медал билан якунлашнинг уддасидан чиқиб, ўзбек информатикаси тарихида янги саҳифа ошишга муваффақ бўлди.
Kun.uz ёш информатиклар билан яқиндан танишиш, уларнинг мусобақага тайёргарлик жараёнлари ҳамда таассуротлари ҳақида билиш учун интервю ташкил этди.
Олимпиадага кириб келиш ва унга тайёргарлик
Дилшодбек Хўжаев: 5-6 синф пайтларим математика олимпиадаларига қатнашиб юрардим. У пайтларда акам ҳам информатика бўйича халқаро олимпиадаларда қатнашарди. Акамнинг ўзи ўрганишни кеч бошлаган, бошқа давлат иштирокчилари анча ёшроқ бўлади. Олимпиадага қанча эрта қатнашса, шунча кўпроқ ва яхшироқ натижа кўрсатиш мумкин.
Шундан сўнг мени ҳам информатикага йўналтира бошлашган, 6-синф пайтимда информатикани ўргана бошлаган бўлсам, 7-8-синф пайтларимдан эса халқаро олимпиадаларга тайёрланишни бошлаганман. У вақтда информатика бўйича Ўзбекистонда медал йўқ эди, шунинг учун биринчисини ўзим оламан деб ният қилганман.
8-синфдан бошлаб олимпиадаларга қатнашаман. Бу йил тўртинчи бор қатнашишим бўлди. Олдинги 3 марта қатнашганимда натижа бўлмагач, тушкунликка тушиб ташлаб кетмоқчи ҳам бўлганман. Керакмасдир, балки бундан кетарман деган хаёл ҳам ўтганди. «Шундоқ ҳам бу бўйича ҳали кўрсаткич қайд этилмаган, балки, бошқалар сингари менам ташлаб кетарман, шу медални бошқалр олар», – деганман. Баъзида ҳафталаб олимпиада ҳақида ўйлаб юрардим. Бу йил медал олсам, олмасам ҳам хафа бўлмайман деб охирги маротаба иштирок этгандим.
Олимпиадада иштирок этадиганларнинг жамоаси бор, шулар билан турли кичик мусобақалар ташкил этиб, тайёрланиб юрамиз. Бундан ташқари, апрел ойида тайёргарлик учун 10 кунлик курс ташкил қилиб беришди, дарсга Канададан ўқитувчи чақиришди. Июл ойида эса Қирғизистонда ҳам шундай дарсларда қатнашдик. Буларнинг ҳам катта фойдаси бўлди.
Халқаро олимпиадалар жуда қизиқ ўтади. Одатда 7-8 кун давом этса, энг кам ўтадиган жараён мусобақа кунлари ҳисобланади. Мусобақа жараёни 5 соатдан икки кун бўлади. Шу 10 соатда масала ишласак, қолган вақтлар бошқа давлат иштирокчилари билан танишамиз, фикр алмашамиз. Мана шундай суҳбатлар, саёҳатлар жуда қизиқ бўлади. Йил давомида тайёрланамиз, шунинг учун борганга яраша яхши таассуротлар билан дам олиб келиш ҳам керак, деб ўйлайман. Фақат олимпиада деб одам ўзига босим қилиб юбормаслиги керак.
Дилёрбек Валижонов: Халқаро информатика олимпиадаси ҳақида анча олдин хабар топгандим, лекин ўзим унча қизиқмасдим, чунки математикага яқин масалалар бўлади деб билардим. Математикани эса ёқтирмас эдим. Лекин Ўзбекистон бўйича саралашда қатнашиб кўрганимдан сўнг қизиқиб қолганман. Билдимки, математикага унчалик ўхшамас экан, у ерда мантиқий масалалар бўларкан. Бошида олимпиадага тайёрланишни унчалик ҳам жиддий қабул қилмагандим, аммо кучли рақобатчилар борлигини кўриб, мен ҳам анча ўрганишим кераклигини тушуниб етдим ва кучлироқ тайёрлана бошладим.
Ўзи аслида дастурлашга карантин вақтида қизиқиб, шуни ўрганишни бошлагандим. Президент мактабига кирганимдан сўнг олимпиадага саралаш босқичида тестлар эмас, ҳақиқий дастурлаш масалаларни қўйишни бошлашганди. Шундан кейин бундай саралашларда қатнашдим.
Олимпиада олдида ҳар куни тайёрланиб, мусобақаларга қатнашиб турдик. Бир ҳафта қолганда эса дам олиш учун машғулот ва мусобақаларни тўхтатдик, информатикага оид ҳеч нарса ўқимай қўйдик. Миям чарчаб қолмаслиги, олимпиадада «свежий» бўлиб қатнашиш учун ҳам бир ҳафта олдин информатикага оид ҳеч нарса ўқимай қўйдим.
Менимча, математикани ҳақиқатан ҳам тушунса, ўрганаётган нарсасини нималарга ишлатишни билса, бу фан қийин эмас. Халқаро информатика олимпиадасида дастурлаш ва компьютердан фойдаланишда яхши кўникмага эга бўлиш кифоя. Шунда ҳам баланд натижа қайд этиб, бронза, ҳатто кумушни олиш мумкин. Информатика қолган фанлардан кўра, ҳа, қийинроқ. Чунки бунда, албатта, компьютер ва интернетдан қандай фойдаланишни яхши билиш зарур. Инглиз тилини билмаса ҳам қийин. Қолган фанларни ўрганишда эса нисбатан тўсиқлар кам. «Нимани эксанг, шуни ўрасан», дегандек, информатикада ҳам компьютерга нима иш буюрилса, ўшани қилади, кичик хато ҳам қимматга тушади.
Стресс билан ўтган 2 кунлик мусобақа ва келгуси режалар ҳақида
Халқаро информатика олимпиадасининг назарий ва амалий қисмлари компьютерларда амалга оширилади. Олимпиада 2 кун давомида 5 соатдан ўтказилади. Қатнашувчилар ечилган жавоби учун жойнинг ўзида балларга эга бўлади. Бу жараён жуда қизиқ ва стрессли ўтади. Чунки ҳар бир иштирокчи қанча балл олганини билгани билан рўйхатда нечанчи ўринни қайд этганини кўра олмайди. Улардан бошқа ҳамма буни кузатиб туриш имкониятига эга. Яъни кимнинг ютиш ё ютмаслиги қатнашувчилардан бошқа ҳаммага маълум бўлиб туради.
Дилшодбек Хўжаев: Мусобақада мендан бошқа, ҳамма: уйимдагилар, дўстларим ҳам нечанчи ўринда кетаётганимни кўра олади. Бу жуда қийин бўлади. Чунки бошқаларга нисбатан қандай ишлаётганингизни била олмайсиз, зўр ишлаяпман деб ўйланганда, аслида натижалар ёмон бўлиши мумкин ёки ёмон деб ўйланса, аксинча, яхши чиқиши ҳам мумкин. Олимпиада вақтида концентрация билан ишлаш қийин.
Мусобақанинг биринчи кунида бошидаги 2 соатда жуда ёмон қатнашганман, нол балл билан турганман. Яъни ишлаган ечимларим ўтмаган, умумий максимал балл 300 бўларди. Кейин нима бўлса бўлар деб бошқа масалаларга ўтганман. Кейин қарасам, анча юқорига кўтарилиб қолган эканман.
Натижалар жадвалига қараганимда хавфли поғоналарга тушиб қолган эканман. Срессли вазият бўлди ўша пайт. Лекин тўлиқ натижалар ҳисоблангач, хавфсиз поғоналарга чиқиб олдим.
Олимпиадалар кўп бизда. Шулардан қайсиндадир омадсиз қатнашиб қолсам, умидсиз кайфият бўлган, ташлагим келиб қолган ҳам баъзида. Бундай мусобақаларни ташлаб, университет ҳақида, бошқа режалар ҳақида ўйлашим керакдир, деган вақтлар ҳам бўлган, IELTS, SAT имтиҳонларига тайёрланиб кўрмоқчи ҳам бўлганман, аммо ундай қилмаганман.
Шу пайтгача орзум олимпиадада медал олиш бўлган. Чунки бизда медал йўқ эди, айтганимдек. Ўзбекистон натижалари рўйхатига ранг беришни орзу қилганман. Шу йил амалга ошди. Энди MIT университетига ўқишга кирмоқчиман. Шу даражага етишимда ёрдам берган ота-онам, устозларим ва акамга раҳмат айтаман. Уларсиз бу натижаларга эриша олмасдим.
Дилёрбек Валижонов: Мусобақанинг биринчи кунида паст ўрин олдим, бронза бўлса керак деб ўйладим, қандайдир срессга тушдим. Лекин чиқиб натижаларга қарасам, ўзим ўйлагандан анча баланд балл олган эканман. Кумуш медалга ҳаракат қилдим иккинчи куни, аммо бронзалигича қолди. Дилшодбек ҳам медалли ўриндан пастга тушиб кетдим деб ўйлади, лекин охирда ундай бўлмади.
Бу олимпиадада қатнашишимда мактабдаги ўқитувчиларим ўрни катта деб ўйлайман. Лекин Андижонда, умуман Ўзбекистонда информатикани яхши ўқита олалиган кадрлар жуда кам, ўзим ҳам бундан жуда қийналганман. Яхши мутахассисларнинг кўпи Тошкентда, шунинг учун онлайн ўқишимга тўғри келган.
Информатика ўқиётганимда кўпинча ўрганишим қийин бўлиб қолади, янги масалалар ечимини тополмай қоламан. Аммо ота-онам яхши шароит яратиб, ҳар қандай вазиятда қўллаб-қувватлагани учун бундан тушкунликка тушиб қолмаганман.
Ўтган йили халқаро олимпиададан қайтганимдан сўнг бироз дам олдим ўқишдан. Яна информатика билан фаол шуғуллана бошлаганимда олдин ўрганганларимни яхши қўллай бошлаганман. Билганманки, ўша дам олиш менга фойда берган экан.
Муқаддас китобимиз — Қуръонда ҳам илм олиш ҳақида бир нечта оят бор. Инсон билим олишдан тўхтаб қолмаслиги керак. Илм олиш яхши бўлган давлатда ривожланиш бўлади, бошқалардан устун ҳам бўлади. Кучли дастурчиларни кўриб, доим уларга ҳавас қиламан ва шу даражага етишиш учун ҳаракат қиламан. Октябр ойи охиригача университетга ҳужжат топширмоқчиман, медалим ҳам ёрдам берса керак бунда. Келажакда дастурчи муҳандис ёки сунъий интеллект соҳасида кетмоқчиман. Асосий мақсадим — ота-онамни рози қилиш ва мусулмон дунёси илмини ривожлантириш. Бугунги куним кечагидан, эртанги куним эса бугунгидан яхши бўлиши керак, деган шиор билан яшайман. Чет элда ўқиб, Ўзбекистонга қайтиб келмоқчиман. Ўзим ўрганиш пайтида ўқитувчи мутахассислар камлигидан қийналганман, шунинг учун бу соҳани ўқитишни ривожлантирмоқчиман.
Эслатиб ўтамиз, 9 сентябрь куни Тошкент шаҳрида халқаро фан олимпиадалари ғолиб, совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда ғолиб ўқувчилар ва уларнинг устозлари 2 миллиард 686 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотига кўра, 2023 йил ҳисобидан Ўзбекистон 5 та нуфузли халқаро фан олимпиадасида қатнашиб, 2 та олтин, 1 та кумуш ва 10 та бронза, жами 13 та медални қўлга киритган. 2026 йилги Халқаро информатика олимпиадасига Ўзбекистон мезбонлик қилиши кутилмоқда.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
11:02 / 19.12.2024
Навоийда бир мактабдан кетма-кет уч ўқувчи вафот этди
09:30 / 04.12.2024
Дунёдаги энг қиммат 10 та мактаб-интернат: уларда йиллик ўқиш нархи 100 минг доллардан ошади
23:13 / 28.11.2024
Тошкент вилоятида ўқитувчи 9-синф ўқувчисини калтаклади
07:30 / 23.11.2024