Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нигерия: жангари гуруҳ қўлидан 100 нафар мактаб ўқувчиси қутқарилди
Ноябрь ойи охирида жангарилар томонидан ўғирлаб кетилган католик “Сент-Мэри” интернат-мактабида ўқиган 100 нафар қизнинг озод этилгани ва улар Нигер штати ҳокимиятига топширилиши кутилаётгани ҳақида БМТдаги манба AFP агентлигига хабар берди.
Фото: KOLA SULAIMON/AFP
Нигерия ҳокимияти ноябр ойи охирида жангарилар томонидан ўғирлаб кетилган католик “Сент-Мэри” интернат-мактабининг 303 нафар ўқувчисидан 100 тасини озод қилишга эришди. Бу ҳақда якшанба куни, 7 декабр куни маҳаллий Channels Television телеканали ҳам, AFP агентлиги ҳам мустақил равишда хабар берди. AFP бу маълумотни БМТдаги исми ошкор этилмаган манба ва Нигерия президентининг расмий вакили сўзларига таяниб тарқатди.
Манбанинг айтишича, 100 нафар бола мамлакат пойтахти Абужага етказилган. Кутилишича, 8 декабр куни улар Нигер штати ҳокимият вакилларига топширилади. Хабарларда қизлар жангарилар қўлидан куч ишлатиш орқалими ёки музокаралар йўли билан озод қилинганми, ноаниқлигича қолмоқда.
“Биз дуо қилиб, уларнинг қайтишини кутдик. Агар бу рост бўлса, жуда хурсанд қилувчи хабар”, — деди мактабни бошқарувчи Контагора епархияси епископи Булус Йоханнанинг матбуот котиби Даниэл Атoри. “Бироқ бизда ҳали расмий маълумот йўқ, федерал ҳукуматдан бу ҳақда ҳеч қандай расмий хабар олганимиз йўқ”, — дея қўшимча қилди у.
22 ноябр куни Нигерия Христианлар ассоциацияси “Сент-Мэри” интернат-мактабидан 303 нафар ўқувчи қиз ва 12 нафар ўқитувчи ўғирлаб кетилганини маълум қилган эди. Мактаб Нигер штатидаги Папири аҳоли пунктида жойлашган. Кейинчалик жангарилар асирларидан 50 нафари қочишга муваффақ бўлгани маълум бўлди. Хабар эълон қилинган вақтга келиб, 265 нафар киши — ўқувчилар ва мактаб ходимларининг тақдири ҳали ҳам номаълум эди.
Нигерияда қуролланган гуруҳлар кўп йиллардан бери мамлакатнинг шимолий-ғарбий ва марказий ҳудудларидаги қишлоқ жойлардан одам ўғирлаб, уларни товон пули эвазига қайтариш билан шуғулланиб келади. Бундай ҳужумлар натижасида минглаб инсонлар ҳалок бўлган. Жангарилар бир неча штат ҳудудини қамраб олган катта ўрмонли ҳудудларда яшириниб юради.
Энг кўп шов-шувга сабаб бўлган ҳодисалардан бири 2014 йил апрелида содир бўлган эди. Ўшанда “Боко Ҳарам” гуруҳи жангчилари Чибок шаҳридаги лицейдан 276 нафар ўқувчи қизни ўғирлаб кетган. Кейинчалик уларнинг кўп қисми террористлар қўлидан қочди ёки музокаралар натижасида озод қилинди. Amnesty International ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотларига кўра, 2024 йилга келиб ўша ўғирланган қизлардан 82 нафари ҳали ҳам бедарак йўқолганлар рўйхатида қолмоқда.
Мавзуга оид
07:36 / 04.12.2025
Бениннинг қадимги деворлари: космосдан ҳам кўринадиган улкан иншоотлар
12:00 / 26.11.2025
Якка тартибда ўқитиладиган ўқувчиларга дарс берганлик учун йўл компенсацияси тўланади
09:55 / 23.11.2025
Нигерияда жангарилар 300 дан ортиқ болани ўғирлаб кетди
16:17 / 18.11.2025