Light | 20:20 / 21.08.2020
32025
5 дақиқада ўқилади

«Битта тандирингга алишмасман мен» – Андижоннинг машҳур тандирлари қандай ясалади?

Парижнинг энг гўзал ресторанларин,
Битта тандирингга алишмасман мен.

(Муҳаммад Юсуф)

Шоир бежиз оддий тупроқдан ясалган тандиримизни бу даражада кўкларга кўтармаган. Чунки унда ўзбегим мўъжиза деб биладиган, табаррук қилиб кўзига суртадиган нон ёпилади. Ўзбеклар қадимдан нон ёпишда тандирдан фойдаланиб келишган.

Бугунги кунда ҳам тандир халқимиз тарихининг, маданиятининг бир қисми сифатида эъзозланади. Тандир ясаш эса алоҳида ҳунар ва санъат дейишимиз мумкин.

Андижон вилояти Пахтаобод шаҳрининг Юқори маҳалласида яшовчи Юнусовлар оиласи мана бешинчи авлод ота-боболаридан мерос касб ва ҳунар бўлган тандирчилик билан шуғулланиб келмоқда.

Ҳунармандлар хонадонида бўлиб, тандирнинг қандай жараёнлар орқали тайёр бўлишини кузатдик.

Ёши улуғ икки уста Раҳимжон ота ва Мўминжон оталар тандирхонадаги шогирдларга маслаҳат бериб бошчилик қилади. Устахонада 15 нафар киши тандир ясаш билан банд.

«Аждодларимиз 100-200 йиллардан бери ҳунармандчилик ишлари билан шуғулланиб келган. Аввал Юнус кулол отамиз бу ҳунарни бошлаган экан. Опоқдадаларимиз кулолчилик қилиб, идиш-товоқ, халққа керак бўлган кўзалар ясаган. Кейин бизни оталаримизга ҳунар ўтган. Халқ учун тандирни зарурияти катта бўлгани учун тандирчи бўлиб кетганмиз.

Раҳимжон ота Юнусов

Ҳунарни биз олиб қолдик, ўғиллар ўрганди. Мана энди неваралар. Ҳозир 5-6 авлод тандирчилик қиляпти. Тандир – юртга жуда зарур буюм. Шу касбни танлаганимиздан хурсандмиз. Маҳалламиздаги ёшлар чиқиб ҳунар ўрганишади. Атрофимизда ҳамма йигитларни тандирчиликдан хабари бор деса ҳам бўлади. Ҳаммаси шогирд бўлиб ўрганган биздан, ўғилларимиздан. Эл ичидаги ҳурматни ҳунаримиз орқали топдик», – дейди Раҳимжон ота Юнусов.

Водийда «Пахтаобод тандирлари»нинг донғи тўрт томонга кетган. Бу ерда ясалган тандирлар водийнинг уч вилояти – Андижон, Наманган ва Фарғона бўйлаб сотилади. Устахонада тайёр бўлган тандирларни сотувчилар машиналарга ортиб шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ юриб сотадилар. Ўтган йили Россия ва Қозоғистондан ҳам буюртма асосида 50 та тандир олиб кетишибди.

Тандир машаққатли меҳнат эвазига бунёд бўлади. Операторларимиз билан буюм ясалишининг лой ҳолатидан тандир кўринишига келишигача бўлган жараённи суратга туширдик.

«Ҳунаримиз, мана шу ота касб – тандирчилик. Шунинг орқасидан, мана, Худога шукр, уй-жой қилдик, болаларимизга шароитлар яратдик, машиналаримиз бор. Барчасини тандирчилик орқасидан, ҳалол меҳнат билан топганмиз.

Мана бу уста йигит ўғлим – Оятиллоҳ. Катта ўғлим тандир сотиш билан шуғулланади.

Мўминжон ота Юнусов

Пахтаобод тандирини бошқа тандирлардан фарқи нимада? Сифати, манави гирвони (тандирнинг лаб қисми)нинг бошқа жойда қилинадиган тандирларга нисбатан ишловида фарқи бор. Кейин лой тайёрлашга катта эътибор берамиз. Шогирдларга ҳам лойни мукаммал тайёрлаш талабини қўямиз.

Тандир олинадиган тупроқни ўзимиз алоҳида бориб текшириб, лой қилиб, кўрамиз. Ўша «арзик» тупроқдан сақич сингари ёпишқоқ лой пайдо бўлса, олиб келиб ишлатамиз. Асосий ишлов лойда бўлади. Лойни 3 марта, 4 марта ағдариб, шолчага солиб ҳам тепилади. Ундан кейин тандирга, такки дейилади, ана шунда ҳам алоҳида тепилади», – дейди Мўминжон ота Юнусов.

Устанинг айтишича, хонадон эгаси тандирни уйига қурган куни яхшилаб паст оловда пишириб олса, усти ёпиқ бўлса, 15-16 йил хизмат қилади. Бу ерда новвойлар учун ҳар хил турдаги нонвой тандир, ер тандир, сомса тандир, нимча, ярим нимча ва катта 50та нон сиғадиган тўй тандирлар ҳам ясалади.

Оятилло Ғуломқодиров

Тандирчиларнинг бешинчи авлоди бўлган Мўминжон отанинг ўғли Оятилло бизга тандир учун халқа шаклида лой тайёрлаш, жун ва сомонни қўшиш, тепкилаб пишириш жараёни билан таништирди.

Яна бир уста Муҳаммадумар Абдураҳмонов эса лойдан зувала қилиниши, тандирнинг пастки ва устки қисмларини улаш, гирвон ёпиштиришни кўрсатиб берди.

Муҳаммадумар Абдураҳмонов

Битта тандир тайёр бўлишига ёзнинг иссиқ кунида, уч-тўртта ҳунарманднинг меҳнати кетар экан. Тандир бўй чўзиб, ўз шаклига кириб уч кун қуригач, пардоз берилади ва сотувга олиб кетилади.

Тандирхонада кун давомида бўлиб, ҳунармандларнинг меҳнат ва эгаллаган ҳунари билан лойдан гул ясаш мумкинлигига гувоҳ бўлдик.

 

Элмурод Эрматов,
Аҳрорбек Ёқубжонов

Мавзуга оид