Мулк ва инвестиция ҳимоячиси қайсидир ҳоким ёки вазир эмас, фақат Конституция, қонун ва суд бўлади — Президент
Президент охирги пайтларда айрим ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилаётганини қайд этди.
Президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозим эканини таъкидлади.
Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича кўп иш қилингани, шу билан бирга, ҳозир ҳам тергов сифати пастлиги, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмай қолаётгани билан боғлиқ ҳолатлар учраётгани таъкидланди.
«Нима учун, ҳалигача давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни «электрон танлаш» тизими ишга тушмади? Ким бунга қарши?» - дея савол қўйди президент ва тез кунларда ушбу тизимнинг тўлиқ ишга туширилишини таъминлашни топширди.
Қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилади.
Энг аввало, одамларнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам берилади.
Янги тизим доирасида:
- тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция прокурордан судга ўтказилади;
- терговчи жиноятга алоқадор деб, ҳар қандай мулкни хатлаб қўя олмайди. Бундан буён, мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали бўлади;
- судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантирилади. Улар махсус ўқитилади, ишни судда кўришда холис, мустақил бўлиши қонун билан белгиланади;
- одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар берилади;
- судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячи фикри билан бирга қабул қилинади.
- айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим жорий қилинади.
Президент охирги пайтларда айрим ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилаётганини қайд этди.
«Охирги пайтларда айрим ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилмоқда. Бизнинг юртимизда бундай ҳолатлар умуман бўлиши мумкин эмас. Ким бунга амал қилмаса, қонун устувор, жазо муқаррар бўлади.
Шу боис, бундай жойларга олиб келинган барча шахсларни ҳисобга олишнинг онлайн тизими жорий этилади ва юзни таниш ускунаси ўрнатилади.
Ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ – Қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари – биз учун олий қадрият», — деди президент.
Маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинганда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилинади.
Мулк ва инвестициянинг ҳимоячиси қайсидир ҳоким ёки вазир эмас, фақат Конституция, қонун ва суд бўлиши таъкидланди.
«Вазирлар ҳам, ҳокимлар ҳам бир нарсани яхши тушуниб олиши керак. Ўзбекистонда мулк ва инвестициянинг ҳимоячиси қайсидир ҳоким ёки вазир эмас, фақат Конституция, қонун ва суд бўлади.
Бу борада Халқаро тижорат судини Ўзбекистонда ташкил қилиш бўйича ҳам амалий ишлар бошланди.
Юқоридаги барча ташаббусларни Конституцияда тўғридан тўғри муҳрлаб қўйиш лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент энг долзарб муаммо бўлган коррупция масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.
«Ўтган икки йилда 5 мингга яқин мансабдор коррупциявий жиноятлар бўйича жавобгарликка тортилди. Лекин, очиқ айтиш керак, бу – масаланинг сабаби билан эмас, оқибати билан курашиш», — деди у.
Давлат раҳбари депутат ва сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар ҳам бонг уриб, аниқ соҳаларни таҳлил қилиб, коррупцияни бартараф этиш бўйича фаол бўлишга чақирди, бунинг учун уларда етарли ваколат ҳам, шижоат ҳам борлигини таъкидлади.
Сунъий монополияга, ёпиқ схемаларга, умуман коррупцияга имкон берувчи барча бўшлиқларга барҳам берилиши таъкидланди.
Мавзуга оид
17:39 / 07.11.2024
БМТ Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони камайганини қайд этди
14:01 / 13.10.2024
“Кўп нарса ҳокимларнинг савиясига боғлиқ” — ватанга қайтган инвестор қандай тўсиқларга учради?
18:53 / 11.10.2024
БМТ оиладаги зўравонликни тугатиш бўйича Ўзбекистон таклиф этган резолюцияни қўллаб-қувватлади
19:17 / 30.09.2024