Жаҳон | 12:26 / 28.08.2025
20711
3 дақиқада ўқилади

«Сен русларнинг қулисан!» — Москвада россиялик шахс ўзбекистонлик муҳожирни ҳақорат қилди

Москва областида россиялик шахс ўзбекистонлик ҳайдовчини ҳақорат қилди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳолатни тилга олмасдан берган баёнотида «Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг исталган нуқтасида давлат ҳимоясида» эканини билдирди. ТИВ хорижда ҳуқуқлари бузилган фуқароларни дарҳол ўша давлатнинг ҳуқуқ-тартибот органларига ва дипломатик ваколатхоналарга мурожаат қилишга чақирди.

Фото: Видеодан кадр

Бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда Москва областида россиялик шахс ўзбекистонлик меҳнат муҳожири — таксистни ҳақорат қилаётгани акс этган видео тарқалди. Маълум бўлишича, ҳолат Химки шаҳридаги турар жой мажмуасида содир бўлган.

Видеода россиялик кимса ҳайдовчига: «Сен қулсан, русларнинг қулисан! Оғзингни очма», дея бақиргани кўринган. Шунингдек, у таксистга «Ўзбекистонда ҳеч нарса йўқлиги учун бизга келгансан. Сен уйингда эмассан, ишлаш учун келгансан, ишингни қил» дея бақирган. Шунингдек, у Ўзбекистон фуқаросини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилган.

Ўзбекистонлик муҳожир унга жавоб қайтармаган ва тинчланишни сўраб, кетиб юборган. Гувоҳларга кўра, ушбу ҳақоратлар — такси ҳайдовчиси машинаси билан уйнинг ҳовлисига киришни қисқа вақт тўсиб қўйганидан сўнг бошланган.

Ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлгач, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов бу ҳолатни тилга олмасдан баёнот берди.

«Ўзбекистон Конституцияси, миллий қонунлар ва халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган принциплари ҳамда нормаларига асосан, Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг исталган нуқтасида бўлишидан қатъи назар, давлат ҳимоясида эканини таъкидлайди», дейилади вазирлик баёнотида.

Аҳрор Бурҳонов, агар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари ёки қадр-қиммати хорижда бузилса, улар дарҳол қабул қилувчи давлатнинг ваколатли ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишлари зарурлигини эслатган. Шунингдек, ТИВ сўзчиси фуқаролар Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасаларига ҳуқуқий ва консуллик ёрдами сўраб мурожаат қилиши мумкинлигини билдирди.

«Фуқароларимизни хорижда ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши эканини ҳамда бу масъулият давлатнинг ўз фуқаролари олдидаги мажбуриятлари асосида амалга оширилишини яна бир бор эслатиб таъкидлаймиз», дейилади баёнотда.

Бу — марказий осиёлик, жумладан Ўзбекистондан борган меҳнат мигрантларига нисбатан Россияда содир этилган қўпол ва ноинсоний муносабатларнинг биринчиси эмас. Шу кунга қадар ўнлаб ҳолатларда Ўзбекистон фуқароларини Россия-Украина урушига мажбуран жалб қилиш, ноқонуний рейд ва куч ишлатиш ҳолатлари кузатилган. Яқинда катта шаҳарларда ҳатто марказий осиёликларни юзидан аниқлайдиган камералар қўйилди, уларнинг локацияларини кузатиб бориш мажбурияти белгиланди.

Бундан ташқари, жорий йил 8 июнь куни Россия кучишлатар тузилмалари Москвада ўтказган рейд тадбирларида мигрантларни ҳақоратлаб, куч ишлатди. Санкт-Петербургдаги рейдда эса 200 киши кўчада тунашга мажбур бўлган.

Ўшанда Ташқи ишлар вазирлиги бундай хабарлар ташвиш уйғотаётганини билдириб, Россиянинг тегишли идораларини фуқароларга ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақирди. Ўзбекистон элчихонаси Москвадаги ҳолат юзасидан Россияга нота юборганди. Лекин, ТИВ ҳозирча бу борада бирор чора кўрилгани ёки нотага жавоб келгани ҳақида маълумот бермади.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид