Жаҳон | 12:31 / 15.01.2023
46776
6 дақиқада ўқилади

Россия Украинани кун давомида ўққа тутди, қурбонлар кўп. Асосий маълумотлар

Днипродаги кўп қаватли уйлардан бирига ракета келиб тушиши оқибатида камида 21 киши ҳалок бўлган, ўнлаб кишилар жароҳатланган, ўнлаб кишилар бедарак кетган.

Фото: Кирилл Тимошенко / Reuters / Scanpix / LETA

14 январ куни Украина навбатдаги ракета зарбаларига дучор бўлди. Днипрода ракета тўққиз қаватли уй биносига келиб урилди. Бинонинг иккинчи ва учинчи корпуслари орасида иккинчи қаватдан тўққизинчи қаватгача қулаб тушган. Днипро мэри Борис Филатов ўққа тутиш оқибатида шаҳар районлари электр таъминотидан узилгани ҳақида хабар берган.

Зарба дам олиш куни, одамларнинг уйда вақтда берилган.

Зеленский офиси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенкога кўра, россияликлар ракетаси 72 квартира жойлашган бутун бир подъездни вайрон қилган - прописка бўйича маълумотларга кўра, бу уйларда жами 200 нафарга яқин киши яшаган, уларнинг 50 нафарга яқини болалар эди. 16 подъезддан иборат уйда жами 1 700 га яқин киши истиқомат қилган.

«Днипро шаҳрида турар жой биноси вайрон қилинди. Россияликлар ракетаси қулаши оқибатида иккинчидан тўққизинчигача бўлган қаватлар қулаб тушган. Ўнлаб яраланган кишиларни қутқаришга муваффақ бўлинди. Уларга ёрдам кўрсатилмоқда. Улар орасида болалар бор, энг кичиги уч ёшли қизча. Ва булар дастлабки маълумотлар. Афсуски, соат сайин қурбонлар сони ошмоқда... Қурбонларнинг яқинларига ҳамдардлик билдираман», дейилади Украина президенти Володимир Зеленскийнинг тунги мурожаатида.

14 январ куни кечқурун Днипропетровск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Валентин Резниченко беш киши ҳалок бўлиб, қарийб 60 киши яралангани (жумладан 12 бола, улардан энг кичиги уч ёшда) ҳақида маълумот берди. Маҳаллий 11-канал харобаларни тозалашда қутқарувчиларга юзлаб шаҳарликлар ёрдам бераётганини хабар қилган.

15 январ тонгда берилган маълумотга кўра, Днипрдаги уйга ракета келиб урилиши оқибатида қурбон бўлганлар сони 21 нафарга етган, яна 73 киши жароҳатланган, шундан 14 нафари болалар. Област раҳбари Валентин Резниченконинг айтишича, яна 37 кишининг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Қутқарув амалиёти давом эттирилмоқда.

Днипрода қурбонлар хотирасига уч кун мотам эълон қилинди.

STR/EPA-EFE/REX/SHUTTERSTOCK

Украина президенти Володимир Зеленский Днипрога йўлланган зарбаларга «Дунё бу ёвузликни тўхтатиши керак» дея муносабат билдирди. «Днипрода харобаларни тозалаш давом эттирилмоқда. Барча хизматлар ишламоқда. Ҳар бир одам учун, ҳар бир ҳаёт учун курашяпмиз. Бу террорга алоқадор бўлганларнинг барчаси топилади. Барчаси жавобгарликка тортилади. Максимал даражада», — дея ёзган украинлар президенти ўз телеграм-каналида. У шунингдек «Россия террорини тўхтатиш» учун Украинага кўпроқ қурол беришга чақирган.

Украина ТИВ раҳбари Дмитро Кулеба G7 мамлакатлари ва Евроиттифоқни Днипро ўққа тутилишига жавобан Россияга янги санкциялар қўллашга чақирган. «Ҳар бир ракета ҳужуми Россиянинг захираларини камайтирмоқда. Шунга қарамай, улар ҳали ҳам янгиларини [ракеталар] ишлаб чиқара олишмоқда. Биз ёппасига санкция зарбалари билан уларнинг ракета-дрон саноатини йўқ қила оламиз ва бунга қодирмиз! G7 ва ЕИни Украина таклиф қилган тегишли чораларни зудлик билан жорий этишга чақираман», — дея ёзган Кулеба твиттерида.

Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк Россия зудлик билан БМТ Хавфсизлик кенгаши тарибидан чиқарилиши кераклигини айтган.

Днипроликлар 14 январ кунги зарба оқибатларини бартараф этишга ёрдамлашмоқда
Roman Chop / AP / Scanpix / LETA

14 январ куни Россия армияси Украинани кун давомида ўққа тутди. Тонгда амалга оширилган биринчи ракета ҳужумидан кейин қурбонлар ва вайронгарчиликлар ҳақида маълум қилинмаганди. Зарбаларнинг иккинчи тўлқини натижасида, Днипродан ташқари, камида икки регион — Харкив области (ҳудуд электрдан тўлиқ узилган) ва Лвив области (расмийлар муҳим инфратузилма объектлари шикастлангани ҳақида огоҳлантирган) жабр кўрди. Кечқурун ҳам зарбалар келиши давом этган. Кривий Риҳда ракета хусусий секторга келиб тушиши оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, бир киши яраланган.

Украина энергетика вазири Герман Галушченконинг хабар қилишича, 14 январ кунги зарбалар оқибатида мамлакатнинг олти области ҳудудида энергетика объектлари шикастланган. У мамлакатнинг кўплаб областларида электр ўчирилиши ҳақида огоҳлантирган. «Кейинги кун қийин бўлади», — дея қўшимча қилган Галушченко. Украинанинг энг йирик хусусий энергетика компанияси зарбалар оқибатида иссиқлик электр станцияларидан бири энергияси ишлаб чиқаришни тўхтатганини маълум қилди.

Фото: VALENTIN REZNICHENKO

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийга кўра, 14 январ куни РФ қўшини Украина бўйлаб жами 28 та қанотли ракета ва бешта бошқарилувчи авиация ракетаси учирган. Унинг сўзларига кўра, 18 та қанотли ва учта авиация ракетаси уриб туширилган. Ўз навбатида, Украина қуролли кучлари Ҳаво кучлари қўмондонлиги россияликлар учирган 38 та ракетадан 25 таси уриб туширилгани ҳақида хабар берган. Қўмондонлик маълумотига кўра, ҳаво ва денгиздан туриб учирилган Х-101 ва «Калибр» русумли 18 та қанотли ракета ҳамда, Х-59 русумли авиация ракеталаридан 7 таси уриб туширилган.

Фото: VALENTIN REZNICHENKO

Украина ўққа тутилгач, Молдова ТИВ мамлакат ҳудудига ракета парчалари қулагани ҳақида хабар берди. Вазирликка кўра, парчалар Украинанинг Чернивецка области билан чегарадош бўлган Ларга қишлоғи ҳудудидан топилган. Бу қайси томоннинг ракетаси эканига аниқлик киритилмаган; жабрланганлар ёки вайронгарчиликлар тўғрисида ҳам маълумот йўқ. Молдова ИИВ қайд этишича, бу РФ томонидан Украина ҳудуди ўққа тутилиши оқибатида мамлакат ҳудудига ракета қулаши билан боғлиқ учинчи ҳолат бўлди.

Мавзуга оид