Жаҳон | 14:49 / 16.04.2022
27044
5 дақиқада ўқилади

Фото: Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Туркий давлатлар муфтийлари «Аё-София Фотиҳ» мадрасаси очилишида қатнашди

15 апрель куни Истанбул шаҳрида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарлари иштирокида «Аё-София Фотиҳ» мадрасасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарларининг  йиғилишида қатнашган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун Туркий давлатлар диний идоралари аро Фатво ҳайъатини ташкил этишни таклиф қилди.

Фото: Туркия диёнат ишлари вазирлиги

Кеча, 15 апрель куни Истанбул шаҳрида «Умумжаҳон пандемияси, иқтисодий инқироз ва рақамли дунёда Туркий-Ислом оламининг эртаси ва бугуни» мавзусидаги Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг хабар беришича, тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров, Туркий давлатлар ташкилоти директори Бағдод Амреев ва Туркий давлатлар муфтийлари ҳам ўз маърузалари билан қатнашган.

Фото: Туркия диёнат ишлари вазирлиги

Туркия сафари давомида муфтий Нуриддин Холиқназаров Туркий давлатларнинг дин пешволари ҳамда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан биргаликда «Аё София» масжидида жума намозини адо этган.

Фото: Туркия диёнат ишлари вазирлиги

Шунингдек, 15 апрель куни Истанбул шаҳридаги «Аё София» қадимий ёдгорлиги мажмуасида жойлашган «Аё-София Фотиҳ» мадрасасининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Фото: Туркия диёнат ишлари вазирлиги
Фото: Туркия диёнат ишлари вазирлиги

Тадбирда сўзга чиққан Ражаб Тоййиб Эрдўған мадраса тарихи ҳақида сўзларкан, унда дарс берган Али Қушчи ҳазратлари хизматларини эътироф этди:

«Шонли тарихимизни бугунги кунга ва келажак авлодларга етказиш, инсониятга танитиш ниятида жуда муҳим бўлган бир қадамни ташладик.

Бугун очилишини қилганимиз – «Аё София Фотиҳ» мадрасаси тимсолида тарихдан ўчиб кетиш арафасига келиб қолган бир обидамизни қайтадан шаҳримизга қайтардик. Қадрли дўстлар, бу ер Истанбулнинг фатҳи сирасида, «Аё София»нинг бунёд этилишида шаҳарнинг биринчи мадрасаси сифатида ишга туширилган эди.

Фото: Туркия диёнат ишлари вазирлиги

Биринчи мударриси мулла Хусрав бўлган бу даргоҳда Али Қушчи ҳам дарс берган. (Муфтий Нуриддин домла ҳазратларига қараб) Ўзбекистон вакили бор-а! Ҳа, Али Қушчи бу ерда дарс берган.

Мадраса турли йиллардаги таъмир ва қайта қурилишлар билан 1924 йилга қадар талабаларга таҳсил бериш хизматини ўтаган эди», – дея Эрдўғаннинг сўзларини келтирмоқда Мусулмонлар идораси матбуот хизмати.

Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарларининг биринчи йиғилишида муфтий Нуриддин Холиқназаров ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун Туркий давлатлар диний идоралари аро Фатво ҳайъатини ташкил этишни таклиф қилди.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

«Халқларимизнинг урф-одати, ҳаёт тарзи азалдан муштарак бўлган. Шу боис, бугунги глобаллашув ва таҳдидлар зўрайган даврда мўмин-мусулмонлар эътиқодий бирлигини таъминлаш ҳамда иттифоқлигини мустаҳкамлаш мақсадида, Туркий давлатлар диний идоралари аро Фатво ҳайъатини ташкил этишни таклиф этамиз.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Охирги 5 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон уламолари билан Рамазон ойи, Ийдул Фитр ва Ийдул Азҳонинг биринчи куни, намоз вақтларини аниқлаш ҳамда замонавий шаръий масалаларда фатво ишлаб чиқишдаги ҳамкорлигимиз ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Мазкур Фатво ҳайъатини ташкил этиш орқали ушбу ишларнинг фаолият кўлами ва жўғрофияси янада кенгайиб, туркий халқлар ҳамжиҳатлигини оширишга эришилади», – деган муфтий.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Маълум қилинишича, Ўзбекистон вакилининг таклифи ва бошқа мулоҳазалари иштирокчилар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Шунингдек, 15 апрель куни Туркий давлатларнинг дин пешволари хуфтон ва таровиҳ намозларини адо этиш учун «Абу Айюб Ансорий» масжидига ташриф буюрган.

Фото: Туркия диёнат ишлари вазирлиги
Фото: Туркия диёнат ишлари вазирлиги
Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид