Ўзбекистон | 13:36 / 13.07.2022
4489
2 дақиқада ўқилади

Хива реставрация мактаби ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, ЮНЕСКО халқаро ташкилоти кўмагида Хива реставрация мактаби ташкил этилади.

Фото: KUN.UZ

Мактаб фаолияти ЮНЕСКО, Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни муҳофаза қилиш халқаро кенгаши, Маданий бойликларни асраш ва реставрация қилиш халқаро тадқиқот маркази, Ўзбекистонда маданий мерос масалалари бўйича ташкил қилинган Халқаро маслаҳат қўмитаси, агентлик, шу жумладан унинг Илмий-эксперт кенгаши, «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети, Тошкент архитектура-қурилиш институти, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институти, Самарқанд архитектура-қурилиш институти ҳамда бошқа жисмоний ва юридик шахслар билан ҳамкорликда ташкил этилади.

Мактабнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

– тегишли мутахассислар учун малака ошириш курсларини ташкил қилиш ва бу курсларга маҳаллий ҳамда чет эллик мутахассисларни жалб этиш бўйича таклиф бериш;

– «устоз-шогирд» анъаналарини ривожлантириш ва илмий тадқиқотларни олиб бориш, шунингдек, соҳага янги усул, материал ва технологиялар, хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини татбиқ этиш бўйича илмий-амалий асосланган таклифлар тайёрлаш;

– малака ошириш курсларининг тингловчиларида амалий кўникмаларни ривожлантириш ҳамда улар иштирокида моддий маданий мерос объектларида асрашга доир ишларни амалга оширишни ташкил қилишда кўмаклашиш;

– асрашга доир ишлар соҳасида маҳаллий ва чет эллик экспертлар иштирокида илмий-амалий семинарлар, анжуман ва бошқа тадбирлар ташкил этиш, шунингдек, услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш ва энг яхши тажрибаларни оммалаштиришда иштирок этиш.

Маълумот учун, ўтган йили Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси ва унинг Хива, Самарқанд, Бухоро, Термиз, Шаҳрисабз ва Қўқон шаҳар минтақавий марказларига асос солинган эди. Хива реставрация мактаби дирекциянинг Хива шаҳар минтақавий марказида ташкил этилади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид