Юнусобод МИБ ходими депозитдаги қарийб 1 млрд сўмни ўзлаштириб, онлайн қиморга тикиб юборди
МИБнинг Юнусобод тумани бўлимининг депозит бўйича мутахассиси 13 нафар фуқаронинг пластик картасига ўтказиб олиш орқали бўлим депозит ҳисобрақамидаги маблағдан 932 млн сўмни ўзлаштириб юборди. У бу пулларни онлайн қиморга тикиб, ютқазган. 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган ходим суддаги кўрсатмасида ўзлаштирилган пуллардан 200 млн сўмини бўлим бошлиғига берганини айтган.
Қарийб 1 млрд сўмни ўзлаштирган МИБнинг Юнусобод тумани бўлими ходими жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳукми билан танишди.
Суд ҳужжатида келтирилишича, 1992 йилда туғилган М.Б. 2022 йил 2 декабрдан 2023 йил 21 июлга қадар МИБнинг Шайхонтоҳур тумани бўлими депозит бўйича мутахассиси лавозимида фаолият юритган. У 2023 йил март ойида ижро ҳужжати бўйича қарздорнинг ортиқча тўланган 46 млн сўм пулини эгасига қайтармасдан жиянининг пластик картасига ўтказиб олган.
Бундан ташқари, М.Б. 2023 йил 21 июлдан 27 декабрга қадар МИБнинг Юнусобод тумани бўлими депозит бўйича мутахассиси лавозимида ишлаган. У бу ерда ҳам қисқа муддатда катта миқдордаги пул маблағини ўзлаштирган. Яъни М.Б. жияни ва бошқалар билан тил бириктириб, бўлим иш юритувида ижро ҳужжатлари мавжуд бўлмаган 13 нафар фуқаронинг пластик картасига депозит ҳисобрақамдаги қолдиқ маблағ ҳисобидан жами 932 млн 986 минг сўм пул маблағини ўтказиб олган. Сўнгра эса ушбу пулларни онлайн қиморга тикиб, ютқазиб қўйган.
М.Б. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган ҳамда бу ишлардан МИБнинг Юнусобод тумани бўлими бошлиғи Х.Т. хабардор бўлганини айтган.
“46 млн сўм пулни бюронинг Шайхонтоҳур туман бўлимига 2023 йил декабр ойида тўлиқ қайтарганман. Бюронинг Юнусобод тумани бўлимида ишлаган давримда жияним, унинг синглиси ва бошқа фуқароларнинг пластик карталарига МИБ Юнусобод тумани депозит ҳисобрақамларидан пул ўтказдим. Ушбу пуллардан 200 млн сўмини ўртамиздаги келишувга асосан 2023 йил октябр ойида бўлим бошлиғи Х.Т.га бердим. Қолган қисмини эса электрон қимор ўйинларига сарфлаб юбордим.
Депозит ҳисобрақамидаги пуллар бўлимда ижро иши мавжуд бўлмаган 13 нафар фуқаронинг пластик карталарига ўтказгани ҳолатидан фақат Х.Т.нинг хабари бор эди. Бўлим бошлиғи ушбу пулларни олмаганида мен депозит ҳисобрақамидан пулларни ўтказа олмасдим. Чунки асосий калит бўлим бошлиғи Х.Т.да бўлган. Бошқа ходимларга бу калитни фойдаланиш учун бериши ёки унинг кодини айтиши мумкин эмасди”, деган М.Б. ўз кўрсатмасида.
Судда гувоҳ сифатида сўралган Х.Т. бу айбловни рад қилган.
“2023 йил 4 сентябрдан 2024 йил 2 февралгача бюронинг Юнусобод тумани бўлими бошлиғи лавозимида ишлаганман. Бўлим депозит ҳисобрақамларидаги пул маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳужжатли текширишлар бўлими томонидан ўрганиш ўтказилди.
Текширишда бюронинг Юнусобод тумани бўлими собиқ депозит бўйича мутахассиси М.Б. жами 947,3 млн сўм маблағни бўлим иш юритувида ижро ҳужжати мавжуд бўлмаган 14 нафар фуқаронинг пластик карталарига асоссиз равишда ўтказиб юборгани аниқланди. Бундан менинг хабарим йўқ эди. Ушбу ҳолатни аниқлашим билан раҳбариятга билдирги орқали мурожаат қилганман. Депозит ҳисобрақамидаги пул маблағларининг ижро ишлари бўйича мақсадли сарфланиши бўлим бошлиғи ва депозит бўйича мутахассис томонидан назорат қилиниши лозим.
Бўлим бошлиғи сифатида иқтисодий билимга эга эмаслигим оқибатида мазкур ҳолат келиб чиққан деб ўйлайман. М.Б. менга нисбатан туҳмат қилмоқда, ҳеч қандай 200 млн сўмни олмаганман. Аксинча, ҳолатни сезиб қолганимдан сўнг дарҳол прокуратурага ўзим хабар берганман.
Эътибор берилса М.Б. биринчи пул ўтказмасини 2023 йил 4 сентябр куни амалга оширган. Мен 2023 йил 4 сентябрда МИБ Юнусобод туман бўлими бошлиғи этиб тайинланган бўлсам ҳам, иш фаолиятимни тахминан 10 сентябрдан бошлаганман”, дея таъкидлаган Х.Т. кўрсатмасида.
Суд ҳукми билан М.Б. Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а, г” бандлари ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топилган. Унга 6,5 йил муддатга муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, моддий зарарни қоплаш мақсадида Тошкент шаҳар прокуратураси депозит ҳисобрақамига топширилган 100 млн сўмни МИБнинг Юнусобод тумани бўлими ҳисобрақамига ўтказиш, М.Б.дан бўлим фойдасига 832 млн 986 минг сўм моддий зарар ундириш белгиланган.
Мавзуга оид
08:00 / 05.12.2024
321 млн сўмни талон-торож қилган МИБ ходими ушланди
13:29 / 30.11.2024
МИБ Суд ижрочилари халқаро иттифоқи билан ҳамкорлик қилади
18:40 / 09.11.2024
МИБнинг Андижон ва Фарғона вилоятлари бошқармаси раҳбарлари ўзгарди
12:01 / 09.11.2024