Ўзбекистон | 16:56 / 06.02.2019
16009
6 дақиқада ўқилади

Қаршида Тошкентдаги институтнинг филиали ва касбий лицей ташкил этилади 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Қарши филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Қарши филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

қишлоқ ва сув хўжалигида инновацион ресурстежамкор техника ва технологияларни қўллаш, ер ва сув ресурсларини бошқариш, геодезия ва геоинформатика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қишлоқ ва сув хўжалиги ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ва бошқарув бўйича замонавий билимларга эга бўлган олий маълумотли мутахассис кадрлар тайёрлаш;

ўқув-лаборатория базасини таълим соҳаларининг давлат таълим стандартлари ва таълим йўналишларининг малака талаблари даражасида модернизациялаш, ўқув-меъёрий ҳужжатларини ва услубий таъминотни етарли даражада шакллантириш, ўқув ва малакавий амалиётларини замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари билан уйғунлаштириш, таълим бериш жараёнида назария ва амалиёт бирлигини таъминлаш орқали битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш;

профессор-ўқитувчиларнинг касбий билими, ахборот коммуникацион ва педагогик технологияларни ўқув жараёнига кенг татбиқ қилиш, педагогик маҳорати ва илмий салоҳиятини мунтазам равишда ошириш, хорижий университетларда профессор-ўқитувчиларни малакасини ошириш ва стажировкаларини ташкил этишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;

фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини таъминлаш орқали манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илмий-техник вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган амалий ва инновацион изланишларни амалга ошириш;

потенциал иш берувчи ташкилот ва корхоналарни кадрларга бўлган эҳтиёжларини мунтазам равишда ўрганиб бориш орқали истиқболда замонавий таълим йўналишлари ва мутахассисликларини белгилаш, мутахассисларни малакасини ошириш ва Филиал битирувчиларини ўз мутахассислиги бўйича ишга йўналтириш ва уларнинг касбий фаолияти мониторингини тизимли ташкил этиш.

Қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси учун кадрларни мақсадли тайёрлаш мақсадида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Қарши филиали ҳузурида Касбий лицей ташкил этилади.

Қуйидагилар Касбий лицейнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

Ўқув жараёнини тасдиқланган ўқув режалари асосида ташкил этиш, ўқув дастурларини соҳага мослаб унификациялаш, ўқувчиларни соҳалар бўйича олий таълимга мақсадли тайёрлаш;

базавий ўқув режалари ва дастурлари асосида бериладиган таълим мазмунини юқорида даражада таъминлаш;

ўқитишнинг анъанавий шакллари, усуллари ва воситалари билан бир қаторда соҳага боғлиқ равишда ўқитишнинг илғор шакллари, усуллари ва воситаларидан кенг фойдаланиш;

ўқувчиларнинг дарсдан ташқари фаолиятини соҳага оид иншоотларда, илмий ва техника лабораторияларида ва бошқа ижодий ва маданий масканларда амалга ошириш орқали, уларни касбга қизиқишини уйғотиш;
педагогик кадрлари таркибини танлов асосида малакали, чуқур касбий билимга, юксак ахлоқий ва маънавий сифатларга эга бўлган ўқитувчилар билан тўлдиришни таъминлаш;

жалб қилинган олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари таълим бериш жараёнидан ташқари услубий материаллар тайёрлашда ҳамда ёш ўқитувчиларга илмий, услубий ёрдам беришда амалий ишларни ташкил этиш;

ўқув-лаборатория жиҳозлари ва спорт анжомлари, компьютер техникаси, ахборот-коммуникация технологияси жиҳозлари, ахборот ресурс маркази фонди ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш вазифаси юкланади.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳри Хонобод шоҳ кўчаси 19-уй манзилида жойлашган Қарши агробизнес ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан бирга Филиалга ва Қашқадарё вилояти Қарши тумани, Қовчин қишлоқ хўжалиги касб ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан бирга Касбий лицейга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Белгилаб қўйилишича, Қарши агробизнес ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежи ва Қовчин қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежининг ўқувчилари ўқишни битиргунларига қадар Филиал ва Касбий лицей биноларида ўқув жараёнини давом эттирадилар.

Филиал ва Касбий лицейда ўқув жараёни 2019-2020 ўқув йилидан бошланади. Филиал ва Касбий лицейга 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб талаба ва ўқувчиларни қабул қилиш квотаси белгиланган тартибда тасдиқланади. Касбий лицейга умумий ўрта таълим мактаблари 9-синф битирувчиларини ўрнатилган тартибда қабул қилинади. Касбий лицейнинг фаолияти ва унинг таълим тизими (2+1) шаклда синов-тажриба сифатида амалга оширилади. Касбий лицейнинг 2 йиллик дастурини муваффақиятли тамомлаган ўқувчиларга белгиланган тартибда ўрта махсус касбий дипломи берилади ва яна +1 йиллик соҳага йўналтирилган дастурини муваффақиятли тамомлаган ўқувчиларга Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва унинг филиалларига кириш синовсиз 1 курс талабалар сафига тўлов контракт асосида квотадан ташқари қабул қилиш имтиёзи берилади.

Мавзуга оид