Ўзбекистон | 00:27 / 12.11.2025
3622
4 дақиқада ўқилади

«Online-шифокор» хизмати ва Қашқадарёда туғилган 4 нафар эгизак – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

«Online-шифокор» хизмати йўлга қўйилади

Президент Шавкат Мирзиёев 10 ноябр куни Тошкент давлат тиббиёт университетига ташрифи чоғида соғлиқни сақлашни рақамлаштириш доирасида аҳолига масофадан тиббий маслаҳат берувчи «Online-шифокор» сервисини жорий этиш вазифасини белгилади. Ягона рақамли инфратузилма орқали беморлар уйидан чиқмасдан врач билан боғланиб, электрон ҳужжатларни олиши мумкин бўлади.

Янги сервиснинг мақсади аҳолига бирламчи масофавий қабулни қулай форматда тақдим этиш, навбат ва сафарбарликни қисқартириш, тезкор йўлланмалар беришдир.

Унда видеоқабул/аудио/чат орқали врач билан боғланиш, электрон йўлланма ва таҳлиллар бўйича сўровларни масофавий бериб, натижаларни рақамли олиш ва бошқа қулайликлар назарда тутилган.

Қашқадарёда 4 нафар эгизак туғилди

Китоб туманида яшовчи Жасур Мақаев ва Дилфуза Баҳриддинова оиласида 4 нафар эгизак қиз туғилди. 5 нафар қизни вояга етказаётган оилада фарзандлар сони 9 нафарга етди.

Эгизаклар Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё филиалида муддатидан олдин кесарча кесиш амалиёти орқали дунёга келган. Улар 1400 гр, 1450 гр, 1600 гр ва 1400 гр вазнда туғилган.

Айни пайтда қизлар филиалда халқаро протоколлар асосида парвариш қилинаётгани билдирилган.

Тошкентда чиқинди қарзи туфайли 6 минг абонентнинг электр тўлови вақтинча чекланди

Тошкент шаҳри бўйича 2025 йил 5 ноябрь куни чиқинди хизмати қарздорлиги 2 млрд 239 млн сўмга яқин экани сабабли, жами 25121 абонент «Ҳудудий электр тармоқлари» 2100 қисқа рақамидан СМС орқали огоҳлантирилди. Огоҳлантириш берилганидан кейин 5 календар кун ичида қарзини тўламаган 6 минг абонентнинг электрга тўлов қилиш имконияти (онлайн/касса орқали) бугундан вақтинча чекланди. Чеклов қарз бартараф этилган заҳоти дарҳол олиб ташланади.

Ҳозирги пайтда пойтахт кесимида чиқинди хизматларидан 582 млн сўмдан ортиқ дебитор қарздорлик сақланмоқда. Механизм декабр ойидан бошлаб республика бўйлаб қолган ҳудудларда ҳам жорий этилади.

Тошкент ва Андижонда ҳаво сифати кескин ёмонлашди: аҳолига эҳтиёт чоралари тавсия этилди

2025 йил 11 ноябр соат 9:00 ҳолатига кўра автоматик мониторинг станциялари маълумотлари Тошкент ва Андижонда PM2,5 заррачалари миқдори кескин ошганини кўрсатди. Мутасаддилар очиқ ҳаводаги фаолиятни чеклаш ва ниқоб тақишни сўрамоқда.

Аҳолига тиббий ниқоб эмас, Р2/Р3 (N95/N99) филтрли ниқоб тақиш тавсия қилинмоқда. Очиқ ҳавода югуриш, спорт, узоқ сайр каби фаолиятларни чегаралаш. Дераза ва эшикларни ёпиқ тутиш, уйда ҳавони намлаб туриш. Ҳаво тозалагич бўлса, филтрдан фойдаланиш. Болалар, кексалар, ҳомиладорлар ва юрак-қон томир/бўғим касалликлари, астма диагнозига эга бўлганлар эҳтиёт бўлиши, белгилар кучайса, шифокорга мурожаат қилиш лозим.

Жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар суди собиқ раиси узоқ муддатга қамалди

Андижон вилояти жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар суди собиқ раиси Юнусжон Эгамбердиев фирибгарлик ва пора бериш жиноятида айбланиб, 10,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Ҳукм устидан шикоят берилиши ёки протест келтирилиши мумкин.

Олий суднинг Адолат ахборот тизимлари комплексида Юнусжон Эгамбердиевга оид жиноят иши бўйича 2025 йил 17 октябрда эълон қилинган суд ҳукми яшириб қўйилди.

Юнусжон Эгамбердиев 2025 йил май ойида муқаддам бошқа суд томонидан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазо муддатини камайтиришни ваъда қилиб, судланган шахснинг онасидан 30 минг доллар миқдордаги пулларни олган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда ушланганди. 

Сардор Юсупов
Муаллиф Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид