Ўзбекистон | 21:45
1106
5 дақиқада ўқилади

«Амир Темур ойлиги» ва сенаторнинг империяпараст чиқишларга муносабати – маҳаллий дайжест

Апрел «Амир Темур ойлиги» деб эълон қилинди, унда буюк саркарда таваллудининг 690 йиллигини нишонлаш бўйича кенг миқёсда тадбирлар ўтказилади. Сенатор Абдусаид Кўчимов Олий Мажлис Сенати йиғилишида сўзга чиқиб, Ўзбекистон ҳар қандай ташқи таҳдидларга ўз ўрнида жавоб қайтариши лозимлигини билдирди. 1 феврал ҳолатига кўра, мамлакатда ижтимоий нафақа олувчилар сони 715 мингдан ошди. Хорижий инвесторлар кенгаши ишчи гуруҳи йиғилишида венчур ва хусусий капитал учун замонавий ҳуқуқий базани шакллантиришга қаратилган «Муқобил инвестиция фондлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласи кўриб чиқилди. Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Апрел «Амир Темур ойлиги» деб эълон қилинди

Президент қарорига кўра, Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини нишонлаш бўйича кенг миқёсда тадбирлар ўтказилади.

Қарор билан ҳар йили апрел «Амир Темур ойлиги» деб эълон қилинди, унинг доирасида таълим муассасалари ва маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчи ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар ҳамда бадиий-маърифий тадбирлар ташкил этилиши назарда тутилган. Шунингдек, 2030 йилгача мўлжалланган «йўл харитаси» тасдиқланиб, унда халқаро илмий конференция ўтказиш, «Темур тузуклари» асарининг илмий изоҳли матнини форс, араб, хитой, инглиз, француз, испан ва рус тилларида чоп этиш каби чоралар белгиланди.

«Акиллаган лайчалар». Сенатор империяпараст чиқишларга муносабат билдирди

Олий Мажлис Сенатининг 5 феврал куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида Миллий ахборот агентлиги бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов сўзга чиқиб, Ўзбекистон ҳар қандай ташқи таҳдидларга ўз ўрнида жавоб қайтариши лозимлигини билдирди.

Сенатор ўз нутқида халқаро вазиятга тўхталиб, «дунёда бир-биридан чигил тугунлар кўпайиб бораётгани, улар орасидан бамисоли бомба кўмилган майдонда юргандек юриш нақадар оғирлиги, дунёнинг бугунги қоидалари кескин ўзгариб бораётгани, зўравон сиёсатчилар, айрим зўравон арбоблар, бамисоли муз устида рақс тушаётган раққосалар сингари бир дақиқадан кейин қайси томонга бурилишини, қайси томонга шох ташлашини ҳеч ким билмайдиган бир замонда юриш, бу ҳеч биримизни бир дақиқа ҳам хотиржам бўлишга йўл қўймаслиги»ни таъкидлади.

У шоир Абдулла Ориповнинг қуйидаги мисраларини эслади: «Дейдилар ит ҳурар – ўтади карвон, Ранж-у балолардан ёнмасин жонинг, Аммо алам қилар бир умр гирён, Итлар орасидан ўтса карвонинг».

1 феврал ҳолатига ижтимоий нафақа олувчилар сони 715 мингдан ошди

2026 йил 1 феврал ҳолатига кўра, мамлакатда ижтимоий нафақа олувчилар сони 715 849 нафарни ташкил этди. Шунингдек, 2026 йил январ ойида янги тайинланган нафақа олувчилар сони 6 225 нафар бўлган.

Расмий маълумотларга кўра, ижтимоий нафақа олувчилар қуйидаги турлар бўйича тақсимланган:

313 715 нафар — ногиронлик нафақаси;

167 411 нафар — ногиронлиги бўлган 18 ёшгача бўлган болалар нафақаси;

94 454 нафар — ёшга доир нафақа;

71 479 нафар — парваришлаш нафақаси;

58 246 нафар — боқувчисини йўқотганлик нафақаси;

8 918 нафар — ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ҳамда ёлғиз ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ёрдам;

5 317 нафар — уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация;

1 626 нафар — оилавий болалар уйи ва патронатга тўлов.

Ўзбекистонда венчур фонди тушунчаси қонунчиликка киритилади

Тошкентда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши ишчи гуруҳининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда венчур ва хусусий капитал учун замонавий ҳуқуқий базани шакллантиришга қаратилган «Муқобил инвестиция фондлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласи кўриб чиқилди.

Ҳужжатда private equity ва венчур фондлари тушунчаларини қонунчиликка киритиш, халқаро амалиётда тан олинган тузилма ва инструментларни жорий этиш, шунингдек солиқ солишда «шаффоф» тамойилларни назарда тутиш режалаштирилган.

Экспертлар фикрича, мазкур қонун қабул қилиниши халқаро инвесторлар учун Ўзбекистон бозорининг жозибадорлигини ошириши, шу билан бирга мамлакатда инновацион экотизимни янги босқичга олиб чиқиши мумкин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид