Ўзбекистон | 21:56 / 05.02.2026
1048
5 дақиқада ўқилади

Хусусий боғчаларга имтиёзлар, жарима ўрнига огоҳлантириш ва исломий банк қонуни - маҳаллий дайжест

Фарғонада янги IT-парк, Марғилонда халқаро IT олийгоҳи ишга туширилади. Йўлларда фото ва видеоқайд орқали аниқланадиган ҳуқуқбузарликлар рўйхати белгиланди. Қамрови паст ҳудудларда хусусий боғчаларга янги имтиёзлар берилади. Йўл ҳаракатида айрим ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий огоҳлантириш жорий этилади. Исломий банк фаолиятининг жорий этилишига оид қонун Сенатда маъқулланди. Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Фарғонада янги IT-парк, Марғилонда халқаро IT олийгоҳи ишга туширилади

Президент Шавкат Мирзиёев 4 февраль куни Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди. Ислоҳотлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Ахборот технологиялари соҳасида Фарғона вилояти иқтисодиётининг муҳим драйвери сифатида IT йўналишини жадал ривожлантириш режалаштирилган.

Вилоятда 139 та IT-парк резиденти фаолият юритмоқда. Жорий йилда ахборот технологиялари хизматларининг ҳажмини 3,5 триллион сўмга, экспортни эса 30 миллион долларга етказиш мақсад қилинган. Фарғона шаҳрида янги IT-парк ва мажмуаси, Марғилон шаҳрида халқаро IT олийгоҳи, шунингдек, Фарғона шаҳрида «Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари» лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган.

Фото ва видеоқайд орқали аниқланадиган ҳуқуқбузарликлар рўйхати белгиланди

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео техника воситалари орқали қайд этиладиган маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг қатъий рўйхати тасдиқланди.

Янги тартибга кўра, фото ва видеоқайд қурилмалари орқали қуйидаги ҳуқуқбузарликлар қайд этилади:

  • хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслик;
  • транспорт воситасини бошқариш вақтида телефондан фойдаланиш;
  • белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 кмдан кўп бўлмаган миқдорда ошириш;
  • тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш;
  • қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатлар.

Қайд этилишича, йўл қоидалари бузилгани фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланган тақдирда, маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан эътиборан 1 ойдан кечиктирмай қўлланади.

Қамрови паст ҳудудларда хусусий боғчаларга янги имтиёзлар берилади

Президент Шавкат Мирзиёев мактабгача таълим ва тарбия тизимини такомиллаштиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди. Тақдим этилган таклифларга кўра, мактабгача таълим билан қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман ва шаҳарларда (Тошкент шаҳри бундан мустасно) тадбиркорлар учун қатор қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилади.

Жумладан, мактаб ва боғчалар ҳудудидаги бўш ер майдонларида давлат-хусусий шериклик асосида боғчалар ташкил этилганда, ижара тўловлари 30 йилгача ундирилмайди. Шунингдек, ҳар бир тарбияланувчи учун давлат боғчаларида бир болага тўғри келадиган харажатнинг 50 фоизи миқдорида субсидия ажратилади. Ушбу тартиб 2024 йилдан ташкил этилган нодавлат боғчаларга ҳам татбиқ этилади.

Йўл ҳаракатида айрим ҳуқуқбузарликлар учун огоҳлантириш жорий этилади

Йўл ҳаракати билан боғлиқ айрим ҳуқуқбузарликлар учун дастлаб огоҳлантириш берилади. 4 февралда имзоланган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Унга кўра, йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ кам аҳамиятли ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий огоҳлантириш жазоси қўлланиши белгиланди.

Маъмурий огоҳлантириш – ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни қонунга хилоф хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантирган ҳолда унга расмий танбеҳ беришдир. Маъмурий огоҳлантириш ёзма (электрон) шаклда қўлланади.

Шу билан бирга, маъмурий огоҳлантириш айни бир шахсга нисбатан бир йил давомида бир мартадан ортиқ қўлланмайди.

Исломий банк фаолиятининг жорий этилишига оид қонун Сенатда маъқулланди

Олий Мажлис Сенатида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун маъқулланди.

Мазкур Қонун билан 2 та кодекс ҳамда 7 та қонунга исломий банк фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини белгиловчи янги нормалар киритилмоқда.

Хусусан, Қонун билан исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия тури жорий қилиниб, унга оид талаблар белгиланмоқда. Жумладан, мазкур лицензия билан банклар томонидан тўлиқ исломий банк фаолиятини амалга ошириш ёки бир вақтнинг ўзида ҳам анъанавий, ҳам исломий банк фаолиятини амалга ошириш имконияти пайдо бўлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид