Ўзбекистон | 21:48 / 04.02.2026
1826
4 дақиқада ўқилади

Мудофаага янги самолёт, амалдорларнинг “саёҳатчи” болалари ва текширилаётган савдо марказлари – маҳаллий дайжест

Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари C-390 самолётларига эга бўлади, Россиядаги байрамга иқтидорли ўқувчилар қолиб, амалдорларнинг фарзандлари борди, Aviator’даги ёнғиндан кейин Тошкентда савдо марказлари хавфсизлиги текшириладиган бўлди. Куннинг шу ва бошқа муҳим хабарлари билан Кун тафсилоти дастурида таништирамиз.

Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари C-390 самолётларига эга бўлади

Бразилиянинг Embraer компанияси 3 феврал куни Сингапурдаги авиасалонда Ўзбекистон Республикаси C-390 Millennium транспорт самолётининг буюртмачиси эканини эълон қилди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари C-390 самолётларидан асосан транспорт ва гуманитар миссияларда фойдаланади ва ушбу самолётни эксплуатация қиладиган Марказий Осиёдаги биринчи давлатга айланади.

XXI асрда лойиҳалаштирилган C-390 Millennium ўз синфидаги энг замонавий ҳарбий транспорт самолёти бўлиб, бошқа ўрта ўлчамли ҳарбий транспорт самолётларига қараганда кўпроқ фойдали юкни (26 тонна) кўтара олади, тезроқ (470 узел) ва узоқ масофаларга уча олади.

Россиядаги байрамга иқтидорли ўқувчилар қолиб, амалдорларнинг фарзандлари борди

Санкт-Петербург шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган “Алвон елканлар” (“Алые паруса”) байрамига борганлар сафида Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбари Музаффар Ҳамдамовнинг 2014 йилда туғилган ўғли ва 2011 йилда туғилган жияни ҳам бўлган. Шунингдек, бошқарманинг айрим бўлимлари раҳбарлари ва масъул ходимларининг фарзандлари ҳам мазкур сафарда иштирок этгани айтилмоқда. Манбага кўра, бу ўқувчиларнинг бирортаси халқаро фан олимпиадаларида иштирок этмаган, ҳатто айримлари туман ёки шаҳар босқичида ҳам қатнашмаган.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси берган изоҳга кўра, айрим ўқувчиларнинг хорижга чиқиш паспорти вақтида тайёр бўлмаган ва айримларининг ота-оналари сафарга рухсат бермагани сабабли рўйхат ўзгартирилган. Бошқарма ўқувчилар орасида бошлиқнинг ўғли ва жияни ҳам бўлганига муносабат билдирмади.

Тошкентда савдо марказлари ёнғин хавфсизлиги бўйича текширилмоқда

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳридаги савдо-кўнгилочар масканларида ёнғин хавфсизлиги ҳолати текширилмоқда.

Профилактик ўрганишлар жараёнида автоматик ёнғин ўчириш тизимлари, автоматик ёнғин ҳақида хабар бериш воситалари, захира эвакуация йўлаклари, ёнғин ўчириш ички жўмраклари, «Чиқиш» электрон таблолари, шунингдек, бирламчи ёнғин ўчириш воситалари ва бошқа махсус инвентарларнинг мавжудлиги ҳамда ишчи ҳолати текшириляпти. Мутасадди ташкилотлар томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилмоқда.

Маҳаллий кенгашлар ваколатлари кучайтирилиши мумкин

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида маҳаллий кенгашлар фаолиятини такомиллаштириш ва уларнинг ҳудудий бошқарувдаги ролини янада оширишга қаратилган қонунчилик таклифи муҳокама қилинди.

Таклифга мувофиқ, халқ депутатлари маҳаллий кенгаши раиси ўринбосари институтини жорий этиш назарда тутилмоқда. Ушбу лавозим эгаси бир вақтнинг ўзида кенгаш котибияти мудири вазифасини бажаради ҳамда котибият ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш ваколатига эга бўлади.

Шунингдек, маҳаллий кенгашлар сессиялари оралиғида тезкор масалаларни ҳал этиш мақсадида кенгаш раёсати институтини жорий этиш ва унинг иш фаолияти тартибини белгилаш таклиф этилди.

Марказий Банк тижорат банклари ва тўлов тизими операторларига киберҳужум содир этилмаганини маълум қилди

Ижтимоий тармоқларда ҳакерлар томонидан киберҳужум амалга оширилгани ҳамда Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари тарқалиб кетгани ҳақидаги хабарлар ортидан Марказий Банк баёнот берди.

Қайд қилинишича, ҳозирги вақтда тижорат банклари, тўлов ташкилотлари ҳамда тўлов тизими операторларининг ахборот тизимларига нисбатан бундай киберҳужум содир этилмаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид