Жамият | 12:02 / 11.06.2022
47593
7 дақиқада ўқилади

Ўқишни кўчириш ўрнига академик мобиллик. Бу қандай бўлади?

Ўқишни кўчиришга талабгорлар сони бу йил 150 минг бўлиши прогноз қилинмоқда. Уларнинг аксари ё ўзи ўқиётган ОТМдаги таълимдан қониқмасдан сифатлироқ жойга боришни хоҳлайди, ёки аввалбошдан шундай режа билан ўқишга кирган. Шундай вазиятда академик мобиллик – яхшироқ жойда ўзаро алмашиб таълим олиш имконини берадиган янги тизимга ўтилиши кутилмоқда.

Фото: Kun.uz

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ўқишни кўчириш учун рухсат бериладиган тоифалар қисқаришини, ўқиш жойини кўчириш фақатгина 2 та ҳолатда: турмуш қурганда ва давлат хизматчиларининг хизмат жойи ўзгарганда мумкин бўлишини маълум қилди.

“Бунинг ўрнига академик мобилликни қўллаш мумкин. Масалан, ректорлар ўзаро келишиб, Сурхондарёдаги ва Тошкентдаги талабалар алмашиб, 1-2 семестр ўқийди. Лекин диплом бир жойдан олиниши керак”, деди вазир.

Таклиф этилаётган тартибга кўра, вилоят ОТМида ўқиётган талаба ўқишини кўчирмаса ҳам, келишув асосида пойтахтдаги университетда маълум муддат ўқиб қайтиши мумкин бўлади. Бу борада батафсилроқ маълумот олиш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати билан боғландик. Бироқ вазирлик ҳозир бу тартибга оид тегишли ҳужжатлар ишлаб чиқилаётгани, тасдиқлангач, маълумотлар эълон қилиниши билдирди.

Унгача ўзаро талаба алмашув имконини берадиган академик мобиллик ҳақида очиқ манбаларда мавжуд маълумотларни тақдим этамиз.

Мобиллик ҳақида

Академик мобиллик – талаба ёки ўқитувчиларнинг мамлакатидаги ёки хориждаги ОТМларда келишув асосида маълум муддат ўқиш ёки дарс беришини англатади.

Мобил талабалар, асосан, 2 гуруҳга бўлинади:

  • эркин ҳаракатланувчилар – бундай турдаги талабалар ўз хоҳиш ва ташаббуслари билан таълим олиш учун бошқа ҳудудларга боришади;
  • дастур доирасидаги талабалар – бунда ОТМнинг ўзи ёки унинг бирор факультети бошқа ОТМ билан келишган ҳолда талабалар учун ўзаро алмашинув дастурларини амалга оширади. Дастурлар миллий ва халқаро даражада ҳам бўлиши мумкин. Масалан, Erasmus дастури талаба алмашинуви имконини берадиган машҳур дастурлардан бири.

Таълим миграцияси

Аслида, таълим олиш учун бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга кўчиб ўтиш жуда узоқ тарихга эга жараён ҳисобланади. Одамлар қишлоқдан шаҳарга, шаҳардан пойтахтга, пойтахтдан таълими ва иқтисоди ривожланган давлатларга илм олиш учун миграция қилишади.

Ўқиш учун бошқа давлатларга бораётган талабалар сони ҳам йилдан йилга ошиб бормоқда. 2017 йилда дунё бўйича халқаро талаба сони 5,7 миллионга етган. Бу кўрсаткич 2000 йилда 2 млн атрофида бўлган.

2021 йилда энг кўп хорижлик талабани жалб қилган давлатлар:

  • АҚШ – 1 млндан ошиқ хорижлик талаба;
  • Буюк Британия – 496,5 минг талаба;
  • Хитой – 492 минг талаба;
  • Канада – 435 минг талаба.

Яқинда эълон қилинган маълумотга кўра, Ўзбекистонда 5,1 минг хорижлик талаба таҳсил олади.

Қисқача хулоса шуки, талабалар таълим яхши бўлган давлатларга ўқиш учун боришга ҳаракат қилишади. Аслида, ўқишни кўчириш ҳам худди шундай мазмундаги нарса: талаба ўзи ўқишга кирган ОТМ бераётган таълимдан қониқмасдан яхшироқ университетда ўқиш учун (асосан, ҳудудлардаги ОТМдан пойтахтга) ҳаракат қилади.

Талабалар алмашинув дастурлари

Талабалар маълум муддат бошқа бир ОТМда ўқиши учун энг катта имконият – талаба алмашинув дастурлари ҳисобланади. Бунда талаба ўзи ўқиётган ОТМ билан ҳамкор бўлган хориж ОТМларидан бирида маълум муддат ўқиб қайтиши мумкин. Бундай ОТМ хоҳ хорижда, хоҳ ўз давлатида бўлсин талабага янги муҳитда ўқиш имконини беради.

Алмашинув дастурлари қисқа – 1 ҳафтадан 3 ойгача, узоқ – 6 ойдан бир йилгача бўлиши мумкин.

Энг машҳур талабалар алмашинув дастурларидан бири – Erasmus лойиҳаси орқали дастурга аъзо бўлган Европа университетларидан бирида 3 ойдан бир йилгача ўқиш имконини қўлга киритиш мумкин. Бу дастурга бакалавр, магистратура ва амалиёт учун ҳужжат топшириш мумкин.

Бундай дастурларни таълим олаётган соҳага қараб исталганча топиш мумкин: дунё талабалар алмашинуви дастурларидан фаол фойдаланмоқда. Фақат талабалар дастур доирасида ўқиш учун белгиланган талабларни бажара олишлари керак.

Фойдали томонлари

Алмашинув дастурлари орқали талабалар ўзга давлатлар маданияти, турмуш тарзи билан танишиши, тил билиш даражасини яхшилаши мумкин. Дунёқарашни кенгайтириш имкони ҳам пайдо бўлади. Масалан, қайсидир вилоятдан Тошкентга келиб 2 семестр ўқиган талаба ўз устида кўпроқ ишлашни бошлаши, янгиликларга чанқоқлиги ошиши мумкин.

Янги атмосферани кўрган талабаларнинг ўзига бўлган ишончи ва ўз-ўзини мустақил бошқариш қобилиятлари ҳам ошади.

Қолаверса, талабалар алмашинув дастурлари орқали ички миграция амалга ошса, ҳудудларда ҳам хизмат кўрсатиш қамрови ошиши мумкин. Албатта, бунинг учун фақат ҳудудлардан пойтахтга эмас, балки пойтахтдан ҳудудларга, бир вилоятдан бошқа бирига бориб ўқишни хоҳловчи талабалар сони ҳам ошиши лозим.

Чекловчи омиллар

Талабалар имкониятлари молиявий муаммолар, ўзи ўқишни хоҳлаган ОТМ билан ўқув соатларида тўла мувофиқлик бўлмаслиги сабабли чекланиши мумкин. Агар чет дастури бўлса, тил билмаслик ҳам алмашинув дастурларида иштирок эта олмасликка сабаб бўлади.

Бундан ташқари, алмашинув дастурлари дарсдан ташқари ишлайдиган ва ўзини моддий жиҳатдан ўзи таъминлайдиган талабаларга ҳам қийинчилик туғдириши мумкин. Сабаби 6 ойлик ўқиш талабани иш жойидан ажратиб қўйиши мумкин.

Ўзбекистонда академик мобиллик қандай бўлади?

Академик мобиллик тажрибаси бор-йўқлиги ҳақида республикадаги баъзи ОТМлар сайтларини кўздан кечириш асносида Тошкент кимё-технология институти ва Тошкент давлат юридик университети сайтида айни шу йўналишда маълумотлар бериб борилаётганига, Ўзбекистон миллий университети сайтида эса халқаро ҳамкор ташкилотлар рўйхати келтирилганига гувоҳ бўлдик. Лекин бу ОТМларнинг алмашинув дастурлари, асосан, хорижий ОТМлар билан биргаликда. Маҳаллий ОТМларнинг қанчасида ўзаро талаба алмашинув дастурлари бор-йўқлиги қизиқ.

Аслида, ОТМлар сайтларини ривожлантириш ва улар орқали ОТМнинг имкониятлари ҳақида кўпроқ маълумот бериш билан талабаларни жалб қилиш имкониятлари ҳам ошиши мумкин. Бу ҳақда QS рейтинг агентлиги расмийси Сергей Христолюбов ҳам айтиб ўтиб, ўзбек ОТМларида айни шу жиҳатдан оқсаш борлигини танқид қилганди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги академик мобилликка оид тегишли тартиб-қоидаларни ишлаб чиққач, академик мобиллик дастурлари орқали талабаларда қандай имкониятлар бўлиши тўла аниқ бўлади.

Ҳозирча эса бизда фақат бир нечта савол бор:

— Алмашинув дастурларида қатнашишни хоҳлайдиган талабалар сони ҳисобланганми? Улар ўқишни кўчириш учун даъвогар бўлиши кутилаётган 150 минг талабгорнинг қанча фоизини ташкил қилиши мумкин?

— Республика ОТМларида ўзаро талаба алмашинуви дастурлари амалга ошира бошланса, пойтахтдаги талабалар ҳам вилоятлардаги ОТМларга бориб ўқишни хоҳлашадими?

— Талабалар бошқа ОТМга ўқиш учун боришганда улар вақтинча ётоқхона билан таъминланадими?

Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.

Мавзуга оид