Россиядаги ғоялар кураши: рус олимлари империячилик синдроми ҳақида қандай фикрда?
Украина уруши фонида Россияда шиддатли геосиёсий ғоялар, концепциялар, лойиҳалар кураши кетмоқда. Урушлар ҳар доим жараёнларни тезлаштиради, зичлаштиради, зиддиятларни кучайтиради. Жамият қутблашади, давлат асабийлашди ва янада авторитарлашди.
Экспертлар бугунги дунёда империячилик кайфияти, салоҳияти ва амбицияларига эга учта давлат борлигини айтади, булар – АҚШ, Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерацияси.
Россияда қандай тенденциялар ва ғоялар кузатилаётгани Ўзбекистон ва Марказий Осиё учун ўта муҳим. Россия – Ўзбекистон ва МО учун абадий омилга айланган. Шунинг учун Россия интеллектуал доираларидаги қарашларни кузатиш, Ўзбекистон миллий манфаатлари учун ҳам жуда муҳим. Бу, энг аввало, миллий мустақиллигимизни ҳимоя қилиш ва кучайтириш учун муҳимдир.
Демак, Украина уруши фонида рус олимлари ва мутафаккирларининг қарашлари қутблашиб бормоқда. Бир томон олимлар Кремлни қаттиқ танқид қилиб чиққан бўлса, шу пайтгача нисбатан нейтралроқ бўлган бошқа олимлар, Путин режимига интеллектуал тус бериш, маслаҳат бериш йўлига ўтишди.
Россия Фанлар академияси аъзоси, АҚШ ва Канада институти директори, академик Валерий Гарбузов “Независимая газета”да яқинда “Россия ўзини англаши учун, афсоналарга эмас, илмга муҳтож” мавзусида катта таҳлилий мақола чиқарди. Мақолада қуйидаги тезислар кенг шарҳланади:
- Чор Россияси экспанционизм, империячилик кайфиятидаги ҳудуди жиҳатидан энг катта континентал давлат эди;
- Ҳокимиятга советлар келиб, дунёда коммунизм қуриш афсонасини олдига мақсад қилиб олишди. СССРдаги Коминтерн ташқи дунёга коммунизм экспорти билан шуғулланишни ўз вазифаси қилиб олганди;
- Совет мифологиясига кўра, америка империализми – дунёда коммунизм ғалабаси йўлидаги энг катта тўғаноқ эди;
- Советлар капитализмнинг тўлиқ инқирози ва қулашини айтар эди. Колониализм эса, капитализм инқирозининг ифодаси деб талқин қилишарди.
- Лекин капитализм инқирози социализм ғалабасига олиб келмади. Капитализм қуламади. Аксинча, совет иттифоқи ва социалистик лагернинг ўзи қулаб, йиқилди. Ғарбда эса капитализм ўлмади, аксинча эволюция бўлиб, инсоний қиёфага кирди, ғарб давлатларида ижтимоий ҳимоя давлат концепцияси кучайиб борди.
- Бугун ҳам Россияда давлат одамлар устидан оммавий пропаганда машинасини яратди. Марказий ТВ каналлардаги энг кучли манипуляторлар эрта-ю кеч халқ тафаккурини афсоналар билан тўлдирмоқда;
- Ҳозирги Россия ортга сурилган пост-империячилик синдромини бошдан ўтказмоқда;
- Ҳозирги афсоналар билан Россия АҚШ ва Хитойга қарши ёки муқобил бўлган реал геосиёсий қутб шакллантира оладиган локомотивга айланмади ва айлана олмайди;
- Бу ишлардан ягона мақсад – Россия жамияти ва дунё ҳамжамиятини буюк империячилик ва ватанпарварлик иллюзиясига чўктириш, ва ҳокимиятни қўлда ушлаб туриш ҳисобланади.
Гарбузовга қарши лагерда ҳам жуда таниқли экспертлар бор. Дмитрий Тренин – йирик сиёсий мутафаккир. У узоқ муддат Россиядаги Карнеги фонди директори эди. Ҳозирда бир қанча илмий-тадқиқот институтлари профессори. Тренин сентябр ойида “Россия в глобальной политике” журналида “Биз Америкага қарши эмасмиз, балки янги дунё тарафдоримиз” номли катта таҳлилий мақола чиқарди.
Трениннинг асосий фикрлари қуйидагича:
- Тарихда биринчи марта Россияга қарши Коллектив Ғарб тўлиқ бирлашди. Наполеон Россияга бостириб келганда ҳам, 1- ва 2-жаҳон урушлари даврида ҳам ғарб тарқоқ эди;
- Агар Россия Украина урушида енгилса, Россия давлат сифатида ҳозирги ҳолат ва кўринишини сақлаб қола олмайди;
- Дунё давлатлари Россияга нисбатан иккига бўлинди. Душман бўлган Коллектив Ғарб ва қолган нейтрал давлатлар.
- Дунёнинг жуда кўплаб давлатлари Россияга нисбатан нейтрал қолди. Тўғри, бу давлатлар ҳам БМТда Россияга қарши овоз бериши кузатилади. Лекин умуман олганда бу давлатлар Вашингтоннинг чизган чизиғида эмас, анча мустақил;
- Украина уруши “геосиёсий инқилоб”га замин тайёрламоқда: глобал жануб давлатлари борган сари Вашингтондан мустақил ва керак бўлса, қарши фаолиятни кучайтирмоқда;
- Халқаро майдонда “дунё кўпчилиги” феномени пайдо бўлди: Осиё, Африка ва Лотин Америкасидаги жуда кўплаб давлатлар, хусусан, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Туркия, Саудия, Миср, Араб Амирликлари ва бошқалар тўлиқ мустақил геосиёсат олиб бормоқда ва бу АҚШ ҳокимиятининг заифлашиб бораётганини кўрсатади. Бу Коллектив Ғарбнинг қудрати сўниб бораётганини кўрсатади;
- БРИКС ва ШҲТ доирасида янги дунё тартиботи шаклланишини тезлаштириш учун жараён тезлашиши керак. Жумладан, БРИКС доирасида ягона валюта, ягона стандартлаштириш ва бошқа бирлашув жараёнларини моделлаштириш керак...
- “Дунё кўпчилиги” концепцияси – аксил ғарб лойиҳаси эмас, балки Европа, Япония ва бошқа давлатларни АҚШ назоратидан чиқариш лойиҳасидир.
Демак, Россияда жуда кучли глобал геосиёсий ғоялар кураши кетмоқда. Қайси қараш қанча вақт Россия ҳокимиятида бўлади, бу Марказий Осиё, Ўзбекистон тақдирига ҳам жиддий таъсир қилади. Ўзбекистон, ўзининг миллий мустақиллигидан келиб чиқиб, ушбу ғоявий лойиҳаларни кузатиш ва таҳлил қилиб бориши керак бўлади.
Иккала мутафаккир ҳам, Россияни бевосита ёки билвосита империя сифатида талқин қилади. Империянинг оддий давлатлардан асосий фарқи – империя атрофдаги кичикроқ давлатларни “ютишни”, ўзига қўшиб олишни ёки назорат қилишни истайди. Россиянинг империячилик тарихи, анча катта.
Айниқса, Марказий Осиёда. Бугун Ўзбекистон постсовет ҳудудидаги Россиядан кейинги де-факто иккинчи катта давлат. Марказий Осиё эса, пост-совет ҳудудидаги ягона Россия билан салбийлашмаган, нейтрал ёки анча ижобий муносабатларни сақлаб қолаётган макро ҳудуд ҳисобланади. Шунинг учун, Россиянинг минтақамизга босими, анча кучли бўлади.
Юқоридаги концепцияларни тушуниш ва Ўзбекистон миллий мустақиллиги ҳамда манфаатларидан келиб чиқиб ўз геосиёсий концепцияларини шакллантириш – ниҳоятда муҳим. Қандай қилса, Ўзбекистон ўзининг сиёсий ва геосиёсий мустақиллигини мустаҳкамлайди, ва бунинг учун. Ҳаракатлар стратегияси қандай бўлиши керак деган масала борасида, давлат ва жамият арбоблари ўз қарашларига эга бўлиши керак.
Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи
Мавзуга оид
21:50 / 17.11.2024
Берлинда Россия мухолифати томонидан уюштирилган урушга қарши марш бўлиб ўтди
14:56 / 17.11.2024
Ижросини 11 йил кутган “ҳукм”: 18 ёшли чечен қизни зўрлаб ўлдирган россиялик зобит тақдири ҳақида
22:10 / 16.11.2024
Абхазияда тўполон: маҳаллий аҳоли Россия билан келишувдан норози
20:17 / 16.11.2024