Ўзбекистон | 19:25 / 17.02.2021
24191
6 дақиқада ўқилади

«Бунга дипломатик каналлар орқали муносабат билдирамиз» – Мудофаа вазирлиги Хонобод ва америкалик ҳарбийлар ҳақида

Мудофаа вазири матбуот котиби Баҳром Зулфиқоров Қашқадарё вилоятида жойлашган Хонобод аэродромида радиация ва токсик нурланиш мавжудлиги ҳақида ОАВда эълон қилинган маълумотларга изоҳ бериб, бу мутахассис бўлмаган одамларнинг фикри эканини таъкидлади.

«Қарши-Хонобод аэродроми атрофида тарқалаётган хабарлар Ўзбекистон мудофаа вазирлиги матбуот хизмати томонидан кузатиб борилмоқда. Хонобод аҳоли пункти – ҳарбий қисмнинг ёнида жойлашган маҳалла. Аҳолиси соппа-соғ, бу ерда яшовчилар орасидан тиббий кўрикдан ўтиб муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар, авиация билим юртига ўқишга кирганлар ҳам бор. Номзод соғлом бўлсагина учувчи бўла олади. Унинг юрак уриши, қон босими белгиланган меъёрларга мос келиши керак.

Америка Қўшма Штатларининг контингенти у ерда беш йилдан ортиқ турмаган. Бизникилар у ерда 15-20 йилдан бери хизмат қилмоқда, ҳатто бутун умри давомида ишлаётганлар бор. Майли, офицерлар ҳар беш йилда ротация бўлишар, лекин чилангарлар, қоровуллар, техниклар айнан ўша ерда 30 йилдан бери хизмат қилишмоқда. Уларда АҚШ ҳарбийларида кузатилаётган ҳолатлар кузатилмаяпти. Журналист ва блогерлар бориб қизиқиб кўрадиган бўлишса, у ерда хизмат қилаётганлар соғ-саломат юрганини кўришади.

Баҳром Зулфиқоров

Ҳарбий аэродромда хизмат қилаётган учувчилар нафақат мавсумий, балки ҳар бир парвоздан олдин тиббий кўрикдан ўтади. Ҳозирги пайтда Хонобод аэродроми тўлиқ ишламоқда, у ердан самолёт ва вертолётлар учмоқда. Учувчиларнинг саломатлигида озгина ўзгариш бўлса ҳам парвозга рухсат берилмайди.

Масаланинг иккинчи томони бор. Биз олий ҳукумат даражасида, Ташқи ишлар вазирлигининг дипломатик каналлари орқали АҚШ билан ҳамкорлик алоқаларига путур етмайдиган шаклда ёндашган ҳолда Хонобод аэродроми атрофидаги гап-сўзларга муносабат билдирамиз. Чунки бизда туризм ривожланиши режалаштирилмоқда, Ўзбекистонга дунё аҳлининг эътибори тушяпти. Биз бирор давлат Ўзбекистонга қарши иш қиляпти деб айтмоқчи эмасмиз. Лекин бу мутахассис бўлмаган одамларнинг фикри экани яққол кўриниб турибди», дея Баҳром Зулфиқоровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тошкент тиббиёт академияси қошидаги Ҳарбий тиббиёт факультети кафедра мудири, тиббий хизмат полковниги Носир Фозиловнинг қўшимча қилишича, Хонобод аэродроми яқинидаги аҳоли пунктида яшаётган фуқаролар ҳам тиббий кўрикдан ўтказилган, натижалар улар соғлом эканини кўрсатган.

Носир Фозилов

«Хонобод аэродромида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ҳар йили тиббий кўрикдан ўтказилади. Бундан ташқари, оммавий ахборот воситаларида тарқалган саволларга жавоб топиш мақсадида ўша ердаги аҳоли пунктида яшаётган фуқароларни ҳам тиббий кўрикдан ўтказдик. Тиббий кўрик натижаларига кўра уларнинг ҳаммаси соғлом бўлиб чиқди.

Ўша жойлардаги оилавий поликлиникалар бош врачларидан маҳаллий аҳоли орасида шундай касалликлар қайд этилган-этилмаганини суриштирдик. Шу пайтгача аҳоли орасида бундай касалликлар кузатилмагани маълум бўлди. Яъни ўша ҳудудда яшаётган фуқароларимиз орасида бундай касалликлар аниқланмаган.

Мен яқин 30 йилдан буён армияда хизмат қилаётган бўлсам, ҳарбий хизматчиларимиз ўртасида ҳам бирор марта нурланиш оқибатида юзага келадиган касалликлар кузатилмаган», дейди Носир Фозилов.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Ўзбекистондаги ҳарбий қисмларнинг барчаси радиацион-кимёвий бактериологик вазиятни назорат қиладиган ускуналар билан, ҳарбий хизматчилар эса индивидуал ҳимоя воситалари билан таъминлангани, ҳарбийларда нурланиш аломатлари сезиладиган бўлса, улар зудлик билан изоляция қилиниши, шахсий таркиб эса эвакуация қилинишини айтиб ўтди.

«Одатда, ҳарбий қисмларимизда бошқарув пункти ёки навбатчи қисми бўлади. У ерда ҳамма қатори радиацион-кимёвий бактериологик вазиятни назорат қиладиган ускуналар, зонтлар ўрнатилган. Агар ўша ҳудудда радиацион кўрсаткич ёки рентген нури кучайиб кетадиган бўлса, ўз вақтида тревога берилади. Яъни радиацион тревога ёки ҳаво тревогаси.

Худди шу нарса соатма-соат мониторинг қилиб борилади. Чунки бу – объект. Шунинг учун фикримизни тасдиқлайдиган асос кўп. Ҳарбий қисмларимизнинг барчасида нурланишни аниқлайдиган ускуналар жойлаштирилган.

Бундан ташқари, ҳарбий хизматчиларнинг индивидуал ҳимоя воситалари бор. Нурланиш даражасини кўрсатувчи дозиметрлар ҳар биримизнинг ҳарбий кийимларимизда бўлади. Ундаги кўрсаткичлар бирламчи нурланиш аломати бўлади. Ҳарбий хизматчиларда нурланиш аломатлари сезиладиган бўлса, тиббиёт хизматининг махсус отрядлари орқали улар изоляция қилинади. Тревога эълон қилинадиган бўлса, ҳарбий хизматчилар зудлик билан эвакуация қилинади.

Буларнинг барчаси ҳисобга олинган, амалдаги тартиб пухта ўйлаб жорий этилган. Мутахассисларимиз бу борада малакага эга, Ўзбекистонда бунақа ҳолат йўқ», дейди Баҳром Зулфиқоров.

Хонобод аэродромида америкаликлар

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг 45-президенти Дональд Трамп лавозимидан кетишидан бир кун аввал, 2021 йил 19 январда Ўзбекистонга алоқадор бир ҳужжатга имзо чеккан, «Ўзбекистонда хизматни ўтаган фахрийларга васийлик қилиш тўғрисида» деб номланган бу ҳужжатда АҚШ Мудофаа вазирлигига 2001-2005 йилларда Америка ҳарбийлари жойлаштирилган Ўзбекистондаги база атроф-муҳити туфайли сафарбар этилганларнинг токсик таъсирланишларига доир масалалар бўйича синчковлик билан суриштирув ўтказиш, тадқиқот хулоса ва натижалари умумлаштирилган ҳисоботни эса Фахрийлар масалалари вазирлиги орқали президентга тақдим этиш топшириғи қўйилган.

Маълумотларга кўра, 2001-2005 йилларда Афғонистондаги аксилтеррор кампаниясида иштирок этиш учун Ўзбекистон ҳаво, суви ва еридан тобланган 15 минг 777 нафар америкалик ҳарбий хизматчининг 75 фоизи, яъни 11 минг 832 нафари саратон ва бошқа касалликларни орттирган.

Мавзуга оид