Жаҳон | 10:04
748
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Миллий разведкасига янги раҳбар тайинланди

АҚШ Миллий разведкаси директори Тулси Габбард президент Дональд Трампга истеъфо ҳақида ариза берди. У 30 июндан лавозимини тарк этишини маълум қилди.

Фото: REUTERS

Габбард ижтимоий тармоқда эълон қилган хатида турмуш ўртоғи Абрахамда суяк саратонининг жуда кам учрайдиган тури аниқланганини билдирган. Шу сабабли у оиласи билан кўпроқ вақт ўтказишга қарор қилган.

Дональд Трамп эса Габбард ўз вазифасини яхши бажарганини таъкидлаб, унинг истеъфосини қабул қилди. Президент Миллий разведка раҳбари вазифасини вақтинча Габбарднинг биринчи ўринбосари Аарон Лукас бажаришини маълум қилди.

Аввалроқ ОАВда Габбард Трамп маъмуриятининг Эронга нисбатан сиёсати билан келишмагани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Хусусан, у АҚШ ва Исроилнинг Яқин Шарқдаги манфаатлари турлича эканини айтган ҳамда Эроннинг ядровий дастури бўйича разведка маълумотлари расмий позицияга мос келмаслигини таъкидлаган.

Тулси Габбард Ироқда ҳарбий хизмат ўтаган ва захирадаги подполковник ҳисобланади. У Миллий разведкага раҳбарлик қилган даврда идора штатини қисқартирган ҳамда илгари махфий бўлган юз минглаб ҳукумат ҳужжатларини эълон қилиш ташаббуси билан чиққан.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид