Иқтисодиёт | 13:58 / 14.10.2025
1903
3 дақиқада ўқилади

Яроқлилик муддати ўтган дорилар сотуви автоматик чекланади

2026 йил 1 мартдан эътиборан, маркировкаланган товарлар (дори воситалари, салқин ичимликлар ва бошқалар)нинг яроқлилик муддати ўтган бўлса, уларнинг сотуви дўкон (дорихона) кассасида тўхтатиб қолинади: товарни назорат-касса машинасидан ўтказиб бўлмайди. Бу ҳолатда тизим яроқлилик муддати ўтган маҳсулотни автоматик аниқлаб, чек шаклланишига йўл қўймайди.

Фото: Getty Images

2026 йил 1 мартдан эътиборан рақамли маркировка тизими жорий қилинган товарларнинг яроқлилик муддати ўтган бўлса, уларнинг савдоси ушбу тизим орқали автоматик равишда чекланади. Бу 6 октябрда қабул қилинган 296-сонли президент қарорида назарда тутилган.

“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ёки яроқлилик муддати ўтган товарларни қабул қилиш ҳамда реализация қилиш ман этилган. Янги тартиб билан, яроқлилик муддати ўтган товарлар савдоси автоматик чекланади: бундай товарларга чек шакллантириб бўлмайди.

Давлат солиқ қўмитаси Kun.uz'га бу тизим қандай ишлашини тушунтириб берди.

Амалдаги тартибга асосан, маркировкаланадиган маҳсулотларга рақамли маркировка кодларини бириктиришда ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан маҳсулот бўйича тўлиқ маълумот “Асл белгиси” автоматлаштирилган тизимига киритиш учун “CRPT Turon” МЧЖга тақдим этилади. Бу маълумотлар маҳсулот номи, қиймати, миқдори, ишлаб чиқарилган сана, яроқлик муддати ва бошқаларни ўз ичига олади.

Мисол учун, чакана савдо фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлар томонидан мижозга маҳсулотни сотишда 2D сканер орқали ўқитишда мазкур маҳсулотдаги маркировка коди “Асл белгиси” АТдан олинган маълумотлар билан солиштирилиб, яроқлик муддати ўтган бўлса, онлайн-НКТ экранида “маҳсулот яроқли муддати ўтган” ёзуви пайдо бўлади.

Шу тариқа, агар тизим маҳсулотнинг муддати ўтган деб топса, у маҳсулотга чекни шакллантиришга автоматик тарзда йўл бермайди.

Солиқ қўмитасининг тушунтиришича, бундай товарлар тизимда “блокланган” деб белгиланганидан сўнг, ишлаб чиқарувчи ёки дўкон эгаси яроқсиз ҳолга келган тайёр маҳсулотнинг қийматини ҳисобдан чиқариши керак.

Товарлар яроқсиз ҳолатга келгани аниқланган бўлса, мажбурий инвентаризация ўтказиш керак. Унинг натижаларига биноан ҳисобдан чиқариш далолатномаси расмийлаштирилади. Товарларнинг бузилишидан кўрилган зарарлар корхонанинг бошқа операцион харажатларига киритилади (9430-счёт)”, – дейилади Солиқ қўмитаси изоҳида.

Маълумот учун, мажбурий рақамли маркировкалаш жорий этилган товарлар рўйхатига қуйидагилар киради:

  • дори воситалари ва тиббий буюмлар;
  • сув ва салқин ичимликлар;
  • маиший техникалар;
  • минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситалари.

Мавзуга оид