Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эксклюзив интервю: Ўзбекистон мадҳияси муаллифининг қизи Америкада 72та мактабни бошқаряпти
Ўзбек халқининг севимли шоири Абдулла Ориповнинг қизи Мавлуда Орипова АҚШда докторантурани ўқиб, Техас штатида ўқувчиларни олий ўқув юртлари ва касб-ҳунарга йўналтирадиган марказга раҳбарлик қилади. У Kun.uz билан суҳбатда АҚШга қандай бориб қолгани, отасининг тарбияси, аёл учун оила ва иш мувозанати, Америкадаги таълим ҳақида ҳикоя қилиб берди.
Мавлуда Орипова – педагогика фанлари доктори; Туркия, Қирғизистон ва АҚШда 20 йилдан ортиқ вақтдан бери турли миллат болаларини ўқитиб, ўзини таълимга бағишлаган ўзбек олимаси.
Болалигида ота-онасининг хоҳиши билан 8 йил мусиқа билан шуғулланиб, лекин мусиқачи бўлишни истамаган Мавлуда Орипова ўқитувчи бўлишни хаёлига келтирмаган.
Мажбуран борилган мусиқа дарслар
— Болалигида ўз фикрини, нима хоҳлаётганини катталарга аниқ тушунтириб беролмагани сабаб фарзанд учун қарорни ота-онаси қабул қилади. Менда ҳам шундай бўлган. Ота-онам бизнинг оиламиздан ҳам катта мусиқачи чиқишини истаб, мени Успенский номидаги мусиқа мактабига беришган. У ердаги ўқиш менга оғирлик қиларди. Чунки умумтаълим фанларидан ташқари мусиқа дарсларини ҳам ўқишим, машқ қилишим керак эди. Ўрганиш учун қулоққа ёқавермайдиган куйлар ҳам чалишимга тўғри келарди. Бу эса уйдагиларимга ёқарди деб айтолмайман. Шунинг учун кечгача мактабда қолиб машқ қилишимга тўғри келарди. Шу томондан ҳам қийналардим.
Айтмоқчи бўлганим, ота-она фарзандини бирор нарсага йўналтирса, уни кейин ҳам қўллаб-қувватлаши керак. Балки уйдагиларимдан кимдир мусиқачи бўлганда, мени тушунишлари мумкин ва мен ҳозир мусиқа йўналишида ўз ўрнимни топган бўлардим.
“Фарзанднинг ота-онаси эмас, ўзи касб танласа, кўпроқ завқ олади”
— Уйда мусиқа учун муҳит ярата олишмаган бўлса ҳам, ота-онам мени доим қўллаб-қувватлаган. Шундай қилиб ва ниҳоят мусиқани ўқишни хоҳламаслигимни 8-синфда онамга айта олганман. Ота-онам мени тўғри тушуниб, Тошкент шаҳридаги 64-мактабга ўтказишган.
Лекин ўша мажбуран шуғулланган мусиқа дарсларим ҳаётимда фойда берди деб ўйлайман. Яъни улар сабаб хоҳламаган ишни ҳам қилишни, бошлаган ишни охиригача олиб боришни ўрганган бўлсам керак.
Кейин тилга қизиқдим. Миллий университетнинг роман-герман факултетига ўқишга кирдим. Ота-онам адабиёт йўналишида ўқишимни хоҳлашганди. Лекин университетда ҳам қизиқишим ўзгариб, Техника университетида очилган Малайзиянинг бизнес факултетига ўтдим. Шунда ҳам ота-онам мени қўллаб-қувватлашди. Шу ерда бир нарсага урғу бермоқчиман, яъни фарзанднинг фикрини ҳурмат қилиш муҳим. Чунки кейинчалик у танлаган йўл, ота-онасининг эмас, ўзиники бўлса, ишидан кўпроқ завқ олади.
“Иш ва ҳаёт боғлиқлиги яшашни осонлаштиради”
— Оилали бўлиб, 2000 йил Туркияга кетдим. У ерда турк болаларига инглиз тилидан дарс бера бошладим. Кейин мигрантларнинг фарзандига тил ўргатиш учун Қирғизистонга, 2008 йил эса АҚШга чақиришди. 2010 йилдан бошлаб мактабларда директор ўринбосари бўлдим.
2018 йилдан бери Техас штатида 72та мактаб таълимини назорат қиладиган, ўқувчиларни олий ўқув юртлари ва касб-ҳунарга йўналтирадиган марказ (College and Career Counseling at Harmony Public Schools)га раҳбарлик қиламан. Вазифам – мактаблардаги ўқиш жараёнлари, ўқитувчилар ва уларнинг салоҳият даражасига жавобгарлик, ўқувчиларни имтиҳон қилиш, уларни олийгоҳ ва касб-ҳунарга тайёрлаш, мактабдаги барча таълимий жараёнларни назорат қилишдан иборат.
Қилаётган ишим ўзимга жуда ёқади. Шунинг учунми иш ва ҳаётимни бир-биридан ажратмайман. Иш вақтим тугаган бўлса ҳам, уйга борганимда ўқувчиларим, ота-оналар телефон қилади. Турмуш ўртоғим билан ҳам касбдош бўлганимиз учун у мени тушунади, ҳаётим билан ишим бир-бирига жуда ҳам боғлиқ. Иш бошқа бўлиб, кейин ҳаётингиз бошқа бўлса, бу – иккига бўлиниш деган гап. Ҳаёт ва ишнинг боғлиқлиги яшашни осонлаштиради. Бу мен учун ишлашни табиий ҳолга олиб келади.
“Отамга жуда ҳам долзарб масала бўлганда гапирардик”
— Қиз болага отанинг қўллаб-қувватлови ҳақида сўрашганда, мен ўз ҳаётимдан келиб чиқиб жавоб бераман. Масалан, отам доим ҳам онамга ўхшаб қўллаб-қувватлашини сўз билан айтмаганлар. Менимча, бошқа кўп оилаларда ҳам шундай бўлса керак. Тўғри, ҳар оилада отанинг ўрни бошқа бўлади. Бизнинг оилада отамга жуда ҳам долзарб масала бўлганда гапириларди. Биз кўпроқ отам билан онам орқали гаплашардик. Отам бирор нарсага қарши бўлсалар, уни қилиш умуман мумкин эмас эди. Яъни отам қароримга қарши бўлмаганлари менга етар эди. Жуда кам гапирар эдилар. Лекин айтган гаплари гап эди. Ўша мавзуга қайтилмасди. Отам фикримизга қарши чиқмаганлари бизни қўллаб-қувватлаганлари бўларди.
“Турмуш ўртоғим катта фидокорлик қилган”
— Мен ўқиб юрган йиллар “Умид” фонди бор эди ва у орқали кўп ўртоқларим хорижга кетишганди. Ўшанда мен ҳам чет элга кетмоқчи бўлганимни отамга айтганимда, уларнинг бир гапи эсимдан чиқмайди.
“Қизим, буни мен ҳам жуда хоҳлайман. Лекин турмушга чиқ, кейин нима қилсанг, ўзинг биласан”, – деганди. Буни отам жавобгарликдан қочганлари учун эмас, орзуларимга мос одамни танлашим кераклигига ишора қилиб айтганлар деб ҳисоблайман. Ҳозир буни яна ҳам чуқурроқ тушуниб етяпман. Турмуш ўртоғингиз ёнингизда ҳақиқатдан сизни қўллаб-қувватламаса, ярим тана билан ҳаракатлангандек бўласиз.
Масалан, докторантура ўқиётганимда ишдан соат 6да уйга қайтардим. Овқат қилишим керак, болалар бор эди. Бир ёқда докторантурам ҳам бор, ёзишим керак эди. Шунда фарзандларга қараш ва бошқа ишларни турмуш ўртоғим бажарган. Бу ўшанда катта фидокорлик эди.
“Турмуш қуришдан олдин икки томон ҳам нимани хоҳлашини очиқ-ойдин айтиши керак”
— Турмуш ўртоғим билан ишлаб юрган вақтимда учрашиб қолганмиз. Яъни у кимлигимни, нимани хоҳлашимни билиб, кейин танишган. Унга ўқишни хоҳлашим, ишлашимни, жамият учун хизмат қилишни исташимни айтганман. Ва ҳозир бир-биримизни яхши қўллаб-қувватлаймиз.
Шунинг учун икки томон ҳам оила қурмасдан олдин нимани хоҳлашини очиқ-ойдин айтиши керак. Турмуш қуриш фақат кўнгил билан қабул қилинадиган нарса эмас. Чунки кўнгил ўзгарувчан. Шунинг учун мақсадлар ҳам бир-бирига яқин бўлиши керак. Масалан, менинг турмуш ўртоғим туркиялик. Биз бутунлай бошқа муҳитларда ўсганмиз. Лекин дунёқарашимиз бир хил бўлгани бизга етади.
“Оила билан кўпроқ бирга бўлиш вақтга боғлиқ муаммо эмас”
— 2000 йилдан бери рўзғорим бўлса, шундан фақатгина 6 ой уйда ўтирдим. Шу вақт ичида оиламга тўлиқ вақт ажратаман, болаларимга кўпроқ қарайман деб ўйлагандим. Кейин тушуниб етдимки, бу вақтга боғлиқ муаммо эмас экан. Вақтим йўқ, шунинг учун яхши овқат пиширолмайман, қизларим билан ўтириб гаплашолмайман деб ўйлардим. Шу маънода ишлаб юрганимда виждоним қийналарди. Лекин тушуняпманки, вақтнинг кўплиги эмас, унинг қанчалик унумли ўтгани муҳим экан.
Масалан, уйда ўтириб овқати, ишини қилган аёл фарзандига кўп вақт ажратолмаслиги мумкин. Ҳозир ишга машинада кетамиз ва бу орада 25-30 дақиқа фарзандларим билан гаплашишга вақтим бўлади.
“Тўрт нафар қизни тарбиялаяпмиз”
— Ўзим ҳам бола тарбиясида ҳамма нарсани идеал қилдим деб айтолмайман. Қўлимдан келганча ҳаракат қиламан. Мен энг муҳим деб биладиган нарса – фарзанд билан кўп мулоқот қилиш. Бола улғайиб қайсидир ёшга етиб, бирдан сизга сирларини айтишини кутиб ўтирманг. У кичиклигида сирларини айтмаган бўлса, қачондир улғайгач ҳам айтмайди.
Ўзимнинг 4 нафар қизим бор, 4 хил характер, тўртови 4 хил дунё. Қиз боланинг кўнгли нозик бўлади. Шунинг учун отаси билан сўзларни танлаб-танлаб гапирамиз. Кўпинча, отаси қизларга бирор мавзуда гапирмоқчи бўлса, мен билан маслаҳатлашади. Қайси гапни, сўзни айтгани маъқул бўлишини муҳокама қилиб оламиз. Чунки ҳар бир сўз уларга бошқача таъсир қилади. Ўзимни хўжайиним ва қизларим орасидаги кўприк ёки филтрдай ҳис қиламан.
Бундан ташқари, Америкада бола сал бўш қолса, бошқа нарсалар билан шуғулланишга ўтиб кетиб қолиши мумкин. Яъни бу ерда болани чалғитувчи нарсалар кўп. Шунинг учун қўлимиздан келганча вақтларини тўлдиришга ҳаракат қиламиз. Бошида болалар муҳитини назорат қилмоқчи бўлдик. Лекин кўрдикки, бола тақиқланган нарса ёмонлигини ҳис қилмаса, яна ўша нарсага қараб бораверади. Шунинг учун олдин фарзандларимизга ўша нарса нима учун хато эканини тушунтиришга ҳаракат қиламиз.
Техас мактабларининг таълим тизимига киритган янгилиги
— Бугун Техас штатида ҳар бир ўқувчининг қизиқишлари алоҳида ўрганилиб, унинг ота-онаси билан ҳам боланинг қайси касбни танлаши ҳақида суҳбатлар қилиш мажбурий талаб сифатида қўйилган. Бу ишни мен ўз тажрибамда 10 йил олдин бошлаб, фойдали эканини исботлаб берганман. Унда мен ҳар бир ўқувчи билан гаплашиб, унинг қизиқиши, хоҳиш ва салоҳиятидан келиб чиқиб фан, биргаликда йўналиш белгилаб олардик. Натижа жуда яхши бўлди, ўқувчиларимнинг ўзлаштириш даражаси ўз ўрнида бўлиб, университетни битириб олишда қийинчиликка дуч келишмади. Ва докторантурамни ҳам шу системанинг яхши томонларини кўрсатишга йўналтириб, диссертация ёқладим.
Сизда савол туғилиши мумкин, бу тизим Америкага, Техасга нима беради? Жавоб шундай: ҳозир Америкада дипломли мутахассислар тақчиллиги бошланган. Чунки айрим ўқувчилар ўзи қизиқмаган йўналишга ўқишга кириб, уни битиролмай юрибди. Бу қизиқмаслик қаердан пайдо бўлади? Мактабда ўзи учун тўғри фан танламай, ўз имкониятини тўғри баҳолай олмай, ўзи қизиқмаган соҳага йўналиб қолгандан пайдо бўлади. Штат 12-синфни биритган мактаб ўқувчисига 2-курсдан бакалаврни давом эттиришга имконият берган. Шунинг учун ҳам мактаб бакалаврнинг 1-курсига оид билимларни бериши, ўқувчи имкониятини тўғри баҳолаши керак.
Америкада мактабнинг вазифаси
— Америкада мактаб 3 қисмга бўлинади. Бошланғич – 1-5-синфлар, ўрта – 6-8-синфлар ва юқори – 9-12 синфлар. Шунга қараб мактабнинг вазифаси ҳам ўзгаради. Масалан, бошланғичда ўқиш, илм олиш ўргатилади. Ҳар йили болаларга тестлар берилади, шу билан билим даражаси баҳоланади. Ҳаттоки боланинг 3-синфдаги баҳоси билан университетда неча баҳога ўқишини аниқлаб берадиган дастурлар бор. Шунинг учун 5-синфгача кўпроқ таълим берилади. Чунки таълимнинг фундаменти қанча кучли қўйилса, боланинг келажаги шунча яхши бўлишига ишонамиз.
6-синфдан эса тарбияга катта эътибор берилади. Чунки болалар аста-секин ўсмирликка ўтишни бошлайди. 6-7-синфларда боланинг тарбияси яхши бўлса, юқори мактаб ёки лицейга борганда ҳам жойида бўлади.
Мактаб касб танлашга ёрдамлашади
— 9-синфдан ўқувчини касбий салоҳиятга йўналтиришга ҳаракат қиламиз. Аниқ мақсад қўйиш, ўзининг шахсий сифатларини ривожлантиришга эътибор қаратилади. Болалар билан бирма-бир гаплашиб, келажакдаги мақсадига биз қандай ёрдам беришимиз мумкин, деган саволни ўртага қўямиз.
9-синфда математика, инглиз тили, тарих каби умумий фанларни ўқиш билан бирга, ўқувчи қизиқишига қараб танлайдиган фанлари бўлади. Масалан, мактабда тиббиёт, муҳандислик дарслари бор. Бола қизиқишига қараб қолган 4 йил давомида ўша фанларни ўқийди.
Биз бола ва унинг ота-оналари билан қайси йўналишда ўқишини 8-синфнинг охирида гаплашамиз. Яъни бола қизиқишига қараб ўшанга ихтисослашган мактабга йўналтирилади. Бу Техас штатининг мажбурий талаби. Лекин бола доим ҳам ўзи нима хоҳлаётганини билавермайди. Шунинг учун бизда касб-ҳунар танлаш тестлари бор. Ва улар фақат 9-синфда эмас, ҳар йили бўлади. Чунки бола янги нарса ўрганавергач, фикри ўзгариши мумкин.
“10 йилдан кейин ўзингни қандай тасаввур қиласан?”
— Америкада ҳам ўқишни истамайдиган ёки ҳаммадан ўзиб кетиб ўқийдиганлар бор. Лекин ҳамма учун битта эталон бор. Яъни Америкада дипломсиз яшаш жуда қийин. Бу менинг фикрим эмас, бу исботланган факт. Бир иш топиш учун камида бакалавр дипломи бўлиши керак.
Шундан келиб чиқиб, ҳар бир боланинг олдига: “Ота-онангсиз ёлғиз ўзинг 10 йилдан кейинги келажагингни қандай тасаввур қиласан? Дипломинг бўлмаса, энг кам иш ҳақи тўланадиган ишда ишлай оласан ва бу нари борса, бир хонали квартирага етади”, деган ҳисоб-китобни қўямиз. Шундан кейин бола келажаги ҳақида жиддий ўйлай бошлайди.
“Ўқитувчилик – кўп ҳам хоҳланадиган касб эмас”
— Америкаликлар ўқитувчи бўлишни кўпам хоҳлайверишмайди. Ўқитувчига эҳтиёж кўп, лекин ўқитувчи бўлишни истайдиганлар кам. Кейин бу ерда ўқитувчига ҳамма ҳам ва доим ҳам раҳмат айтавермаслиги мумкин.
Масалан, Туркияда ишлаганимда ўқитувчини жуда юқори даражада ҳурмат қилишарди. Дўкон ёки бошқа бир жойга борганимда ҳам нарсанинг сараси ўқитувчига берилади. Америкада эса ўзинг ич-ичингдан хоҳлаганинг, севганинг, виждонинг истагани учун бу касбни танлайсан.
Ўзбекистондаги мактабга директор бўлса...
— Аввало мактаб имкониятларини ўрганиб, шу мактабнинг нимага эҳтиёжи борлигини ўрганар эдим. Кейин ўқувчилар нималарни хоҳлайди, уларнинг билим даражаси ва қобилиятлари билан танишиб чиқиш ҳам жуда муҳим. Учинчидан, кучли ўқитувчилар жамоасини шакллантириш ҳам мактабнинг муваффақияти учун асос бўлади.
Агар Ўзбекистонга таклиф қилишса, бажонидил ёрдам қўлини чўзаман. Таълимий дастурларни тузишда ҳам қатнашган бўлардим. Америкада бутунлай қолиш ниятимиз йўқ. Турмуш ўртоғим ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлайди.
Зуҳра Абдуҳалимова, журналист
- Мавлуда Орипованинг Америка таълими ҳақидаги батафсил интервюси билан бу ерда танишиш мумкин.
Мавзуга оид
15:14 / 27.12.2025
Хитой Тайван туфайли АҚШга қарши санкциялар жорий қилди
14:06 / 27.12.2025
ОАВ: АҚШ ишчилар синфи орасида Трамп рейтинги рекорд даражада тушиб кетди
10:25 / 27.12.2025
Москва: Киев АҚШ режаси бўйича музокараларни тўсяпти
08:25 / 27.12.2025