Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Тақиқни эътиборга олишмаяпти” – Норин туманида стадион ўрнида қуёш электр станцияси қуришмоқчи
Наманган вилояти Норин тумани Тегирмонбоши маҳалласида болалар фойдаланиб турган футбол майдончаси ўрнида қуёш электр станцияси қурилиши режалаштирилмоқда. Бу президент қарорига зид. Давлат раҳбари имзолаган ҳужжатда футбол стадиони ва майдонларининг фойдаланиш мақсадлари ўзгартирилиши ва сотувга чиқарилиши тақиқланган.
Kun.uz’га мурожаат йўллаган аҳоли қурувчилар эътирозларни инобатга олишмаётгани ҳақида маълум қилишди:
“Тегирмонбоши маҳалласидаги стадиондан 40 йилдан бери фойдаланиб келамиз. Қишлоқда бундан бошқа стадион йўқ. Шуни ҳам кўп кўришди чоғи, қайсидур тадбиркор келиб стадион ўрнида қуёш паннеллари ўрнатмоқчи бўляпти. Лойиҳалари ҳам тайёр экан.

Аҳоли қаршилик қилса ҳам ҳоким қарори бор деган важ билан қурилишни давом эттиришмоқчи. Президентимизнинг футбол стадиони ва майдонларининг фойдаланиш мақсадлари ўзгартирилиши ва сотувга чиқарилишини тақиқловчи янги қарорлари ҳақида айтсак ҳам писанд қилишмаяпти”, дейди мурожаатчилардан бири.
Kun.uz мухбири ҳолат юзасидан маълумот олиш учун Норин тумани ҳокими Жўрабек Нурматов билан телефон орқали боғланди.

Туман ҳокимига кўра, ҳақиқатан ҳам Тегирмонбоши маҳалласида футбол майдончаси ўрнида қуёш электр станцияси қурилиши режалаштирган.
“Тегирмонбоши маҳалламизда яшил энергия лойиҳаси бўйича 200 киловаттлик қуёш панели ўрнатиш ҳаракатида эдик. Бундан мақсад аҳолини иш ўрни билан таъминлаш эди. Кам таъминланганларни ишга қабул қилиб лойиҳадан тушган пул маблағини маҳалланинг ҳисоб рақамига тушириш кўзда тутилганди. Бош мақсад эса маҳалланинг инфратузилмасини яхшилашга қаратилган эди.
Лекин аҳоли норози бўлаётгани учун қуёш электр станциясини маҳалла стадиони майдонида эмас, балки бошқа ҳудудда қурадиган бўлдик. Стадион ўз фаолиятини давом эттиради”, дейди туман ҳокими.
Маълумот ўрнида, президент қарорига асосан, 2025 йил 1 октябрдан эътиборан “Ҳар бир маҳаллада футбол майдони” дастури бошланади.
Дастур доирасида:
- маҳаллалардаги бўш турган давлат мулки объектлари (ер участкалари) уларнинг бир қисмида футбол майдони барпо этиш ва камида 10 йил мобайнида унинг фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаслик шарти билан онлайн аукционга чиқарилади;
- аукцион ғолибларига харид қилинган ер участкасининг қолган қисмидан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқи берилади;
- аукционга чиқарилган ер участкалар 3 ой давомида сотилмаган тақдирда, уларнинг бошланғич баҳоси босқичма-босқич 10 фоиздан, лекин кўпи билан 50 фоизгача пасайтирилган ҳолда ва сотиб олиш тўловларини уч йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан савдоларга чиқарилади.
2025 йил ноябр ойи охиригача давлатга тегишли футбол майдонлари ва стадионлари бўлмаган маҳаллаларда бўш турган ер участкалари хатловдан ўтказилиши керак.
Хатлов натижалари бўйича аукционга чиқариладиган ер участкалари рўйхати шакллантирилади. Ҳокимлар 2025 йил декабр ойида маҳаллаларда футбол майдонларини барпо этиш бўйича манзилли дастурни тасдиқлашлари лозим.
Мавзуга оид
20:14 / 11.11.2025
Президент Янги Тошкентда 55 минг ўринли стадион қурилишига тамал тоши қўйди
10:59 / 19.09.2025
Норин тумани ҳокими контейнер уйга кўчиб ўтди
21:28 / 25.08.2025
Стадионларни хусусийлаштириш тақиқланди
17:06 / 25.08.2025