Наманган вилояти Норин тумани ҳокими Жўрабек Нурматов президентнинг Шўрариқ маҳалласига ташрифи вақтида билдирган танқидлари ортидан ушбу маҳаллага ўрнатилган контейнер уйга кўчиб ўтган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида маълум қилинган.
«Президентимизнинг шу йил 16-17 сентябр кунлари вилоятимизга ташрифи том маънода Наманганда 2-уйғониш даврини бошлаб берди.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигида тегишли ўринбосарлар ва мутасаддилар иштирокида Президентимиз томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Норин туманидаги Шўрариқ маҳалласини Янги Наманган маҳалласига айлантириш жараёнига киришилди», – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, маҳалла аҳли, нуронийлар билан учрашувда маҳалла қиёфасини тубдан ўзгартириш, бўш турган эски бинолар ўрнида саноат зонаси ташкил этиш, инфратузилмани ривожлантириш бўйича режалаштирилган ишлар ҳақида ахборот берилган.
Шунингдек, Янги Наманган ва унинг атрофидаги 6 та маҳаллани жадал ривожлантириш бўйича мастер режа ишлаб чиқиш юзасидан мутахассислар, аҳоли вакилларининг таклифлари тингланган.

Шу ерда барча ишларни мувофиқлаштириш бўйича вилоят штаби ташкил этилган.

«Норин тумани ҳокими шу маҳалла ҳудудига ўрнатилган контейнер уйга кўчиб ўтди ва бу билан ислоҳотларни тезлатиш, мавжуд муаммоларни жойида бартараф этиш, маҳаллани обод масканга айлантириш имконияти яратилди», – дейилади хабарда.
Президент 16 сентябр куни Наманган вилоятига ташрифи чоғида Норин тумани Шўрариқ маҳалласига бориб, оғир аҳволдаги маҳалла биносини бориб кўрган ва мавжуд ҳолат учун масъулларни танқид қилганди.

Давлат раҳбари вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовга бу борада топшириқ берганди. «Бугун қарор қабул қиласан – туман ҳокими келиб мана шу ерда ётади. Бу ердаги одамлар одам эмасми?» – деганди давлат раҳбари.




















