Пискентлик аҳоли мурожаати. Улар нимадан норози?
50-60 йиллик йўлни қайта тиклаш бошланди. 18 метрли қизил чизиқ 22 метр қилиб хатлов қилинган. Пискентлик аҳоли нимадан норози бўлмоқда?
Kun.uz га Тошкент вилояти Пискент туманида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Мурожаатни ўрганиш учун ижодий гуруҳимиз билан Пискент туманига йўл олдик.
Видео: Youtube
Видео: Mover (tas-ix)
Туманнинг "Бирлик" МФЙ га кириб боришимиз билан йўл бўйида жойлашган уйларнинг деворлари бузилиши бошланганига кўзимиз тушди. Аҳоли вакиллари билан бузиш ишларига масъул мутасаддилар ўртасида баҳс-мунозара бўлаётганига гувоҳ бўлдик.
Ўзини вилоят қурилиш бўйича котибият мудири деб таништирган Шуҳрат Қўчқоров аҳоли вакилларига бузилишлар нега бошланаётганига изоҳ берди.
"Сизлар бориб кўринглар, "бош план" 50-70 йил олдинга қараб қилинадиган иш. Шунинг учун ҳар доим юртни обод қилиш учун бузилишлар, қурилишлар албатта бўлади. Агар биз халқни эшитмасдан, ҳақиқий бош план билан ишлайдиган бўлсак, бориб прокуратура ва мактабдаги оралиқни кўриб келинглар. Қизил чизиқ қаёқда-ю қурилиш-қуриш чизиғи қаерда. Лекин бугун сизларнинг кўп нарсангиз кетиб қолмасин, халққа жабр бўлмасин дeб биз қизил чизиққа рози бўляпмиз. Халқ биларди, бузилишини кутиб турганди. Эртага бузилади, индин бузилади деб 50 йил ўтиб кетди. Эллик йил кутдингиз, лекин бир ғишт қўя олмадингиз. Биз ҳар бир фуқаро билан алоҳида ишлаймиз. Ҳеч ким сизни уйингизга кириб, қўлингиздан олиб чиқиб кетаётгани йўқ. Сизнинг қонуний қурган кадастрли мулкингизни алоҳида ўтириб, ҳисоб китобини қиламиз" деб айтиб ўтди котибият мудири.
Бу сўзларга эса аҳоли вакиллари унчалик ишонишмаяпти. Улар ҳеч қандай қарорсиз, бош рeжани кўрсатмасдан, огоҳлантирилмасдан бузиш ишлари бошлангани, шунингдек бузиш ишларидан олдин компенсация масаласи ҳал этилмаганлиги, ҳатто бу ҳақда гапирилмасдан бузилиш ишлари бошлаб юборилганлигидан хавотирда қолганлигини таъкидлашди.
Уларнинг айтишича "мутасаддилар бизнинг олдимизда шунақа гапиришяпти. Лекин эртага яна бузишни давом эттиришади. Бизнинг уйлар ноқонуний қурилмаган. Улар 50-60 йил олдин қурилган. Масалан менинг уйим йўлдан 22 метр ҳисоблаб бузилса, 5 хонасидан бир хонаси қоляпти. Қолганига тўламаймиз дейишяпти. Мен эртага қаердан маблағ оламан. Бола-чақамиз билан бир хонада яшай олмаймиз-ку. Биз ҳам бузилишга қарши эмасмиз. Лекин олдин огоҳлантириш, ўрнига жой бериш, компенсация масаласи ҳал қилинмасдан бузиш ишлари бошланди. Ҳаммада ўз уйларини созлаб олишга имконият йўқ. Кексалар, ногиронлар, беморлар бор" дeйди аҳоли вакилларидан бири.
Бир онахон эса уйи бутунлай қизил чизиққа тушганлигини, агар ўрнига бирон нима берилмаса кўчада қолишини айтиб нолиди.
Шундан сўнг аҳоли вакиллари ва мутасаддилар билан биргаликда уй-жойларнинг ҳужжатлари билан танишиб чиқдик. Айтиш керакки, баъзи уйларнинг ҳужжатлари бор, баъзи уйларники эса кадастр қилинган, лекин қизил чизиқ тортиб қўйилган. Масаланинг чигал томони - аҳоли ҳам кадастр ҳужжатига асосланиб, уйларини қурган ва фойдаланганлик учун солиқ тўлаб келган. Аввалига йўлдан 18 метр узоқликда қизил чизиқ ҳисобланган. Одамлар шунга асосан ҳам ўз уй ва деворларини тиклаган. Аммо бузилишга бош-қош бўлаётганлар эса йўл ўқидан 18 метр эмас, 22 метр ҳисоблаб, бузилиш ишларини бошлашмоқчи.
Дастлаб 18 метр бўлган ва ҳозирда 22 метрлик қизил чизиқ, шунингдек, 50-60 йил олдинги режа бўйича изоҳ олиш мақсадида тумани ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Суннатилло Исоқуловга юзландик.
Унинг айтишича, туман марказида Амир Темур ва Бобур кўчалари жойлашган бўлиб, 9 маҳалладан иборат. Бош режага асосан Амир Темур кўчаси бўйлаб қизил чизиқ 18 метр қилиб белгиланган. Ҳозирда уйлар бузилиши бошланмаган. Фақатгина уй эгаларига тушунтириш ва огоҳлантириш ишлари олиб бориляпти. Уйдан ташқари бўлган, йўл чизиғига тушган, тегишли рухсат берувчи ҳужжатларсиз ўзбошимчалик билан қурилган девор, молхона, бостирма, ҳожатхоналар ва бошқа қўшимча биноларни ўрнатилган тартибда Амир Темур кўчасининг эски, бундан 30-40 йил аввалги асл ҳолатига қайтариш учун бузилмоқда. Ушбу қурилмаларни бузганлик учун эса компенсация тўланмайди. Уй-жойлар бузилиш бўйича огоҳлантириш хати берилмаган. Бузилишлар эвазига эса пиёдалар йўлакчасини ташкил қилиш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун ишлар олиб борилмоқда. Бош режа Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида 2010 йилда тасдиқланган. Бу режада қизил чизиқ 18 метр қилиб белгиланган. Лекин ҳозирги кунда ер бўлими кадастри топшириғи билан 22 метр масофадаги бино иншоотлар хатловдан ўтказилмоқда. Қизил чизиқ 18 метр, лекин қурилиш ўрни 22 метр ҳисобланади. 18 метрдан 22 метргача бўлган оралиқдаги уй-жойларга (кадастр ҳужжати бўлган тақдирда) бeлгиланган тартибда компенсация тўланади.
Ҳоким ўринбосарининг изоҳи бизга бир оз тушунарсиз бўлди. Унинг сўзларига кўра, яъни 50-60 йил олдин қурилган бино ва иншоотлар йўлдан 18 метр узоқликдаги масофада қурилган. Лекин бу йўлимизда йўл кенгаяётгани йўқ, унинг тоифаси ўзгармаган ва давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олинмаяпти. Эски чизиқ олдинги ҳолатига қайтариляпти ҳолос. Яъни бу жойларга компенсация тўланмайди?!
Янги-янги йўллар қурилиб, фуқароларнинг яшаш шароитлари бундан-да яхшилангани яхши албатта. Бироқ барчаси президент айтганидек халқни рози қилиб, қонун талабидан келиб чиқиб бузилиш ва қурилиш ишлари олиб борилса, бундан оддий халқ вакиллари азият чeкмаса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Ўйлаймизки, юқори турувчи ташкилотлар бу масалани яна бир бор ўрганиб, ижрочиларнинг қонуний ҳаракат олиб бориши устидан назорат ўрнатишади, қонунийликни таъминлашади.
Мухбир Раҳматилло Исроилов,
оператор Шерзод Эгамбердиев.
Мавзуга оид
18:56 / 16.01.2023
Собиқ вазир ўринбосари Пискент туманига ҳоким бўлди
20:22 / 03.11.2022
Пискент ҳокими 1 трлн сўмга ер олгани бўйича вилоят ҳокимига тушунтириш берди
16:00 / 03.11.2022
Пискент тумани прокурорининг ёрдамчиси 1500 доллар билан ушланди
11:24 / 10.06.2022