Ўзбекистон | 16:00 / 03.11.2022
20067
2 дақиқада ўқилади

Пискент тумани прокурорининг ёрдамчиси 1500 доллар билан ушланди

Прокуратура ходими бу пул эвазига судланувчига енгил жазо тайинланишини ваъда қилгани айтиляпти. Жиноят иши фирибгарлик моддаси билан қўзғатилган.

Фото: Kun.uz

Тошкент вилоятининг Пискент тумани прокурори ёрдамчиси 1500 доллар олаётган вақтида ушланди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, прокурор ёрдамчиси судда кўрилаётган жиноят иши бўйича судья орқали судланувчига енгил жазо тайинланишини ваъда қилиб, эвазига фирибгарлик йўли 1500 доллар олган вақтида ушланган.

Тезкор тадбир 1 ноябр куни прокуратура ва ДХХ ҳамкорлигида ўтказилган. Эртасига ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168- (фирибгарлик) ва 28, 211- (пора бериш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Кеча, 2 ноябр куни Kun.uz манбаси Пискент прокурорининг ёрдамчиси пора билан ушлангани, унинг устидан ЖКнинг 210-моддаси (пора олиш) билан иш очилиши кутилаётганини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 31 сентябр куни Тошкент вилоятига янги прокурор тайинланган эди. Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари лавозимида ишлаб келган Шавкатжон Раҳимов вилоят прокурори сифатида иш бошлади. Тошкент вилояти прокуратурасини 3 йил бошқарган Салом Самадов август ойида Қашқадарё вилоят прокурори лавозимига ўтказилганди.

Мавзуга оид