Божхона аудити қандай амалга оширилади?
Kun.uz Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда «Божхона қоидалари» туркум кўрсатувларини ҳавола қилиб келмоқда. Рукннинг навбатдаги сонида экспорт-импорт амалиётларини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларини қизиқтирган мавзу – божхона аудити ҳақида сўз боради.
Давлат божхона қўмитаси, Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси бош инспектори Ҳасан Бойбеков божхона аудитига оид маълумотларни тақдим этади.
2020 йилда президент фармони имзоланиб, божхона органлари божхона аудитини ўтказиши белгиланди. Божхона аудити ташкил этилишининг асосий сабаби шундаки, илгари божхона идоралари тадбиркорлик субъектларининг барчасини ёппасига божхона назоратидан ўтказар эди. Божхона аудити жорий этилиши натижасида ёппасига назоратдан ўтказиш сони камайди.
Ўзбекистон 2020 йили «Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш» халқаро Гёте конвенциясига аъзо бўлди. Бу конвенцияда божхона органлари ўз амалиётида божхона аудитини жорий этиши ва божхона назоратини божхона аудит усуллари орқали ўтказиши белгиланди.
Божхона аудитини жорий этишдан кўзланган мақсадлар нима?
Божхона аудитини жорий этиш мақсадларига тўхталинса, қуйидагиларни алоҳида қилиш мумкин:
- Божхона расмийлаштирув вақти ва харажатларини қисқартириш;
- Ҳалол тадбиркорларни рағбатлантириш, шунингдек, халқаро шартномаларни Ўзбекистон қонунчилигига уйғунлаштириш.
Божхона аудити ўзи нима?
Божхона аудити товарлар чегара божхона постидан чиқариб юборилгандан сўнг божхона қонун-қоидаларига қай даражада риоя этилганини, молия-хўжалик фаолиятига боғлиқ бўлган ҳужжатларни ўрганишдан иборат бўлган божхона назорат шаклидир. Бу назорат ваколатли шахслар томонидан амалга оширилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 февралдаги қарорида кўрсатиб ўтилган мазкур амалиёт 1 майдан эътиборан амалиётга жорий этила бошланди.
Қарор билан қуйидагилар белгиланди:
- Божхона аудитини амалга ошириш тартиби;
- божхона аудитидан ўтказадиган ваколатли шахсларни танлаш;
- божхона аудити тамойиллари ва усуллари;
- божхона аудитини ўтказишдан аввал ваколатли шахсларни хабардор қилиш тартиби;
- божхона аудити ўтказишдан аввал ўзини ўзи ички аудиторлик ва бухгалтерлик текширувларидан ўтказиш.
Қарор билан, шунингдек, божхона аудитини ўтказадиган ваколатли шахслар белгиланди. Божхона аудитини бевосита божхона органларида фаолият юритадиган шахслар ташқи иқтисодиёт субъектларига нисбатан амалга оширади. Уларнинг рўйхати қарорда белгилаб қўйилди. Буларга декларантлар, ташувчилар, импортчилар, ваколатли иқтисодий операторлар, эркин омбор, божхона омбори эгалари ва бож олинмайдиган савдо дўкони эгалари кабилар кириши белгиланди.
Божхона аудити автоматлашган ҳолда танланади
Божхона аудити бевосита инсон омилисиз ишлайдиган, қўмитанинг божхона аудити автоматлашган ахборот тизими орқали танлаб олинади. Бунда ташқи иқтисодий фаолият субъектлари маълумотлар таҳлили асосида автоматик равишда божхона аудитидан ўтказиш учун танланади. Кейин божхона органлари божхона аудити ўтказилишидан аввал белгиланган муддатларда ваколатли шахсларни хабардор этади.
Божхона аудити шакллари
Икки хил шаклда божхона аудити ўтказилади: камерал шакл ва сайёр шакл. Божхона аудити камерал шаклда божхона органлари томонидан бевосита орган биносида ваколатли шахс ҳудудига бормасдан масофавий амалга оширилади. Сайёр шаклда божхона ходими аудит ўтказиш учун ваколатли шахс ҳудудига боради ва улар фаолият юритадиган биноларда амалга оширади.
Ваколатли шахслар аудит ўтказилишидан аввал ички бухгалтерлик текширувини амалга ошириш ҳуқуқига эга. Бу халқаро тажрибада ҳам мавжуд. Бунда улар ўз фаолиятларини баҳолаши, ўз камчиликларини аниқлаб, уларни тузатиш чораларини кўриши мумкин.
Ваколатли шахслар (божхона аудити объектлари) ҳуқуқлари
Божхона аудитини қабул қилувчи ваколатли шахслар аудитни ўтказувчи идора қарори билан танишиб, ундан нусха олишларига рухсат берилади. Бундан ташқари, улар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- божхона органлари аудити тўғрисидаги қарор билан танишиш;
- улардан нусха олиш;
- аудит натижаларидан шикоят қилиш;
- аудит далолатномалари билан танишиш;
- аудит далолатномаси юзасидан божхона органлари ёки судга шикоят қилиш.
Шунингдек, божхона аудитини ўтказишда ваколатли шахслар уларнинг биноларига борганда ходимларнинг хизмат гувоҳномаларини, қарорларини кўрсатишни талаб қилиши, агар хизмат гувоҳномаси тақдим этилмаса, ходимларни бинога киритмаслик ҳуқуқига эга.
Божхона аудити жорий этилиши ташқи иқтисодий фаолият субъектларига ва товарларни божхона расмийлаштириш жараёнларига бир қатор қулайликлар беради. Натижада божхона расмийлаштируви вақти ва харажатлари қисқаради.
Жаҳон Божхона ташкилоти божхона аудитининг жорий этилиши божхонадаги расмийлаштирув жараёнларини 80–90 фоизга, ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг харажатларини эса салкам 15 фоизга қисқартиришга олиб келади.
Мавзуга оид
19:30 / 31.01.2023
Имтиёз, қулайлик ва йўқолаётган бюрократия – божхона тизимида нималар ўзгарди?
23:41 / 11.01.2023
Заргарлик буюмларини Ўзбекистондан олиб чиқиш бўйича енгиллик берилди
07:32 / 07.01.2023
Ўзбекистонга олиб кириладиган товарлар учун божхона тўловларини аниқлаш тартиби ўзгаради
08:28 / 28.12.2022