Ўзбекистон | 19:59 / 24.04.2026
17232
9 дақиқада ўқилади

Наманганда фуқарони қийноққа солган ИИБ ходимлари қамалди

Наманган шаҳрида профилактика инспектори Баҳром Дўстназаровнинг “гаплашиб оламиз” деган гапига ишониб ИИБ биносига борган Абдулаҳад Ўрмонов ўласи қилиб калтакланди. Сўнг ходимлар уни ҳуқуқбузар сифатида қамашга ҳаракат қилишган. Бироқ суд ишни қайтариб юбориши сабаб уларнинг бу ғайриинсоний режаси амалга ошмай қолди. Мақолада ички ишлар органи ходимлари содир этган ушбу жиноят тафсилотлари ҳақида ҳикоя қилинади.     

Наманганда фуқарони калтаклаб, унга оғир тан жароҳати етказган 3 нафар ИИБ ходими жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжатлари билан танишди.

Ўзаро низо илдизи

Суд ҳукмига кўра, ИИБ ходими Баҳром Дўстназаров ва фуқаро Абдулаҳад Ўрмонов ўртасида аввалдан келишмовчилик бўлган: Дўстназаров Наманган шаҳридаги Олтитош маҳалласида профилактика инспектори лавозимида ишлаган, Ўрмонов эса ушбу маҳаллада яшаган.

Абдулаҳад Ўрмонов бир неча бор оилавий низо сабаб турмуш ўртоғи билан жанжаллашган. Баҳром Дўстназаров ҳудуд “участкавойи” сифатида ҳолатга аралашган ва Абдулаҳад Ўрмоновга чора кўрган. Шу тариқа Ўрмонов турмуш ўртоғи ва профилактика инспектори ўртасида ишқий муносабат бор деган хулосага келган.

Баҳром Дўстназаров 2023 йилнинг март ойида Норин туманидаги Яйдоқ маҳалласи ҳудудига профилактика инспектори вазифасига ишга ўтказилган. Аммо у ўзининг шахсий масалаларида мунтазам равишда Олтитош маҳалласига келиб юрган. Дўстназаровнинг бундай “серқатновлиги” Абдулаҳад Ўрмоновдаги шубҳани оширган.

2025 йилнинг 14 августи. Баҳром Дўстназаров машинасини таъмирлатиш мақсадида Наманган шаҳри Гузар маҳалласи ҳудудидаги устахонага борган. Бу пайтда унинг Чуст тумани ИИБ профилактика инспектори лавозимига ишга ўтказилганига 10 кун бўлганди. Абдулаҳад Ўрмонов уни кўриб қолган ва турмуш ўртоғи билан ўрталарида ишқий муносабатлар борлигига изоҳ беришни талаб қила бошлаган.

“Гаплашиб оламиз”

Суд ҳужжатида келтирилишича, Баҳром Дўстназаров ғазаб отига миниб, Абдулаҳад Ўрмоновни қаматиш орқали ундан ўч олмоқчи бўлган. “Гаплашиб оламиз”, деган у Ўрмоновдан Наманган шаҳар 1-сонли ИИБ биноси олдига боришни талаб қилиб.

Шу тариқа профилактика инспектори ИИБ биносига кетган, Абдулаҳад Ўрмонов унинг кетидан борган. Бу пайтда соат 17:45 лар чамаси бўлган.

Баҳром Дўстназаров ИИБ биноси кириш қисмида Абдулаҳадни кутиб турган. Сўнгра ҳамкасби Ислом Қодировга қўнғироқ қилиб, гўёки Абдулаҳад Ўрмонов ортидан кузатиб келган ҳолда қўлида пичоқ билан таҳдид қилаётганини айтган. 

Воқеа жойига профилактика инспекторлари Ислом Қодиров ва Муҳаммад Тожибоев етиб келган. Баҳром Дўстназаров улар билан учрашиб, Абдулаҳад Ўрмоновни ҳуқуқбузарликда айблаган ҳолда қамашда амалий ёрдам сўраган.

Камерасиз хонадаги қийноқ

Шу тариқа учаласи Абдулаҳад Ўрмоновни майда безорилик содир этганликда айблаб, куч ишлатган ҳолда ИИБ биносининг кириш қисмидаги йўлакка олиб ўтган. Аввалига ҳеч бир асоссиз унинг ёнида пичоқ борлиги важи билан шахсий тинтув ўтказишган. Сўнгра қўлига кишан тақиб, фуқароларни қабул қилиш хонасига олиб киришган. Бу хонада видеокамера бўлмаган.

Шундан сўнг Баҳром Дўстназаров узоқ муддатга қаматиб юбориш билан таҳдид қилган ҳолда Ўрмоновнинг юз қисмига мушт туширган. У зарбадан йиқилган. Ислом Қодиров сакраган ҳолда тиззаси билан ерда ётган Ўрмоновнинг қорин ва кўкрак қисмига зарба берган. Муҳаммад Тожибоев ҳам уни бир неча бор тепган.

Абдулаҳад Ўрмонов 3 нафар ИИБ ходимининг зарбалари оқибатида оғир тан жароҳати олган.

Жиноятни яширишга ҳаракат

Профилактика инспекторлари Абдулаҳад Ўрмоновни жароҳатлаб, нима иш қилиб қўйишганини тушуниб туришганди. Шу сабабли, улар ўз қилмишларини яшириш ҳақида ўйлай бошлашади: Ўрмоновни аввалига ўша камерасиз хонада, сўнгра ИИБ биносининг кўча томонга кўринмайдиган қисмида соат 22:34 га қадар ушлаб туришади. 

Шундан кейин ходимлар ўз ҳаракатларига қонуний тус бериш учун профилактика инспекторлари Абдулазиз Муродов ва Бобур Абдуллаевга Абдулаҳад Ўрмоновни зудлик билан шифокор кўригидан ўтказиб, Наманган шаҳар ИИБга маъмурий тартибда ушлаб туришга етказиш топшириғини беришади.

Шу тариқа аслида жабрланувчи бўлган Ўрмоновни майда безорилик, туҳмат ҳамда ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик ҳуқуқбузарликларида айбланиб, маъмурий тартибда ушлаб туриш мақсадида Наманган шаҳар ИИБ навбатчилик қисмига топширилади. Аммо навбатчилик қисми навбатчиси тўпланган ҳужжатлар тўлиқ эмаслигини билдириб, Ўрмоновни қабул қилишни рад этади.

Шундан сўнг Баҳром Дўстназаров оғир тан жароҳати олган Абдулаҳад Ўрмоновнинг қўйиб юбориш ҳақидаги илтимосларига эътибор ҳам бермаган ҳолда уни Янги қурилиш маҳалласи биносидаги профилактика инспектори хонасида 15 август куни эрталабга қадар ушлаб туради. Ўзи эса Ўрмоновга нисбатан тўпланган ҳужжатларнинг “кам-кўстини” тўлдиради. Яъни ёлғон маълумотлар киритган ҳолда ҳужжатларни сохталаштиради. Сўнгра ишни мазмунан кўриб чиқиш учун ЖИБ Наманган шаҳар судига тақдим этади.

Суддан қайтган иш

Баҳром Дўстназаровнинг мақсади нима қилиб бўлса-да, Абдулаҳад Ўрмоновни маъмурий қамоққа тиқиш эди. Бироқ судя ҳужжатлардаги камчиликлар сабаб қўшимча суриштирув ўтказиш учун ишни ИИБга қайтариб юборган.

Суд ажримида келтирилишича, гўёки “Абдулаҳад Ўрмонов Наманган шаҳрининг Обжовуз маҳалласи ҳудудида А.Қаҳҳоров билан ўзаро тортишиб қолган ва ҳақоратлаган, уни тинчлантирмоқчи бўлган ИИБ ходимларининг эса қонуний талабларини бажармаган”. Бу Баҳром Дўстназаров маъмурий баённомаларни айни шу ёлғон устига сохталаштирганини кўрсатади. 

Ҳаёти сақлаб қолинди

Абдулаҳад Ўрмоновни маъмурий қамоққа тиқиш имкони бўлмади, қолаверса унда жароҳат излари бор. Шу боис, аҳволи яхшиланиб, шикоят қилиш фикридан қайтгунга қадар уни назорат қилиб туриш зарурати юзага келганди. Баҳром Дўстназаров нима қилишни билмай, гўёки Ўрмонов ўзи билан “дам олиб юрганини” саҳналаштиришга ҳаракат қилади. Бунинг учун Абдулаҳад Ўрмоновнинг қайнотаси ва қариндошини ҳам олиб, Поп туманига боришади. 

Бироқ 16 август куни кечда олган тан жароҳатлари сабабли Абдулаҳад Ўрмоновнинг аҳволи оғирлашади. Шунда Баҳром Дўстназаров уни Наманган шаҳридаги хусусий шифохонага ташлаб кетади.

Ўрмоновнинг яқинлари зудлик билан уни республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий-маркази Наманган филиалига ўтказган. Ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам натижасида унинг ҳаёти сақлаб қолинган.

“Мен урмадим”

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, Баҳром Дўстназаров 2025 йил 6 сентябрда, Ислом Қодиров 8 сентябрда ва Муҳаммад Тожибоев 26 ноябр куни қамоққа олинган. 

Судда уларнинг бирортаси ўз айбига иқрорлик билдирмаган. Ҳатто айбни бир-бирларига тўнкашга уринишган.        

Масалан, Баҳром Дўстназаров ўз кўрсатмасида Абдулаҳад Ўрмоновни аслида камерасиз хонада Ислом Қодиров урганини билдирган.

Ислом Қодиров Ўрмоновнинг юз қисмига қўли билан урганида у ерга ўтириб қолди. Шу вақт Ислом Қодиров унинг қорин соҳасига зарб билан қаттиқ тепди. Абдулаҳад Ўрмонов калтакнинг зарбидан увиллаб йиғлай бошлади. Уларни ажратиб, Ислом Қодировни четга сурдим”, деган Баҳром Дўстназаров.

Ислом Қодиров эса кўрсатмасида Ўрмонов калтакланган хонага умуман кирмаганини маълум қилган.

Баҳром Дўстназаров Абдулаҳад Ўрмоновни фуқароларни қабул қилиш хонасига олиб кириб кетди. Эшикни ичкаридан ёпиб олди. Шу вақт хонадан Баҳром Дўстназаров Ўрмоновни ерга ташлаб юборган овози эшитилди. Сўнг у ердан кетдим”, деган у. 

Аммо судда сўралган гувоҳлар камерасиз хонада учала судланувчи ҳам бўлганини билдиришган.

Жазо

ЖИБ Наманган шаҳар судининг 2026 йил 13 февралдаги ҳукми билан судланувчилар Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “к” банди, 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми, 230-1-моддаси (далилларни сохталаштириш) 2-қисми “а” банди ҳамда 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) 1-қисми билан айбдор деб топилган.  Баҳром Дўстназаровга 7 йил, Ислом Қодировга 6 йил ва Муҳаммад Тожибоевга 5 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.

Шунингдек, улар 3 йил муддатга ички ишлар идоралари тизимида, шунингдек, давлат корхона, муассаса ва ташкилотларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Апелляция судида ишнинг Баҳром Дўстназаровга оид қисми кўриб чиқилиб, дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди. 

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид