Андижон ҳокимининг яна бир ўринбосари қўлга тушди: унинг гаплари “тажрибали” эканидан даракми? Жиззахда ясама жиноятлар серияси: судялар нега терговчилардан шубҳада? P2P ўтказмалар яна кун тартибида: жамоатчилик хавотирлари инобатга олинадими? Ортда қолаётган ҳафтанинг айрим муҳим мавзулари – Kun.uz дайжестида.

“Бу қарз дейилади, биласиз-а?”

Ҳафта – ҳокимликларда коррупция авж олгани ҳақидаги муҳокамалар билан бошланди: душанба куни Андижон вилояти ҳокимининг яна бир ўринбосари қўлга тушгани маълум бўлди. Ҳокимнинг туризм ва маданият масалалари бўйича ўринбосари Исомиддин Исманов 4 апрел куни 50 минг доллар пулни ўз уйида олган пайтида ушланган. ДХХ эълон қилган кадрларда у соққани санаб бўлгач, бу борада тажрибаси катта одамдек хотиржам луқма ташлаб, олди-бердини “қарз” деб атаганини кўриш мумкин:

Тадбиркор: 50 минг ўтди-а, ака?

Ҳоким ўринбосари: Бу қарз дейилади, биласиз-а? Шунақа нарсаси бор.

Тадбиркор: Мен сизга бердим, ака.

Ҳоким ўринбосари: Йўқ, шунақа дейилади.

Тадбиркор: Ҳужжатини “чотки” қилиб, менинг номимга чиқартириб берсангиз бўлди.

Видеодан кўринишича, амалдор 5 даста долларни олгач, уни уйининг ётоқхонасидаги кийим шкафига қўйган. Кўп ўтмай, жиноят фош этилганидан кейинги дастлабки процессуал ҳаракатлар ҳам шу хонада бўлиб ўтган. Исомиддин Исманов бу пулларни Бобур шаҳарчасидаги 20 сотих ерни тадбиркор номига расмийлаштириб бериш эвазига талаб қилиб олгани айтиляпти.

Эътиборлиси, Исманов ҳокимликда иш бошлаганига эндигина 4 ой бўлганди. У бундан аввал ички ишлар тизимида ишлаган, 2022–2025 йилларда Андижон вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи бўлган. 2021 йилда “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланган.