Ўзбекистон | 19:51 / 04.12.2025
10704
5 дақиқада ўқилади

Энергетика вазирлиги яратгани иддао қилинган мобил илова хусусий тадбиркорга тегишли бўлиб чиқди

Истеъмолчининг газ сарфиятини кўрсатиб турувчи HGT мобил иловаси хусусий тадбиркорга тегишли экани маълум бўлди. Бу хизмат бир йил олдин Энергетика вазирлиги ва “Ҳудудгазтаъминот” томонидан ишлаб чиқилгани айтилганди. Тармоқда муҳокама келиб чиқиши ортидан, ҳар икки томон ҳолатга изоҳ берди: маълум қилинишича, улар якуний келишувга эришмаганидан кейин йўллар айрилган.

Ушбу иловани Ўзбекистон Энергетика вазирлиги 2024 йил ноябрида тақдим этган эди.

Энергетика вазирлиги ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан аҳоли истеъмолчиларининг табиий газ сарфи ва харажатларини онлайн кузатиш имконини берувчи “Hudud Gaz Ta‘minot” мобил иловаси тест синовида ишга туширилди. Мазкур илова орқали истеъмолчилар бевосита кунлик ва ойлик кесимида табиий газ истеъмолини кузатиб бориш, хусусан, газ ҳисобрақамларига тўлов қилиш ҳамда суюлтирилган газ истеъмолчилари ўз ҳисобларини тўлдириш ва бириктирилган баллонлар рўйхатини кўриб бориш имкониятига эга бўлади”,дейилганди вазирлик хабарида.

Илова ишга туширилган пайтда ундаги барча маълумотларни кўриш бепул эди. Орадан маълум вақт ўтиб, иловага янги қўшилган ва бунгача мавжуд бўлган функцияларнинг бир қисмидан фойдаланиш учун 5 минг сўмлик премиум обуна пайдо бўлди. Бу эса айрим фойдаланувчиларда эътироз уйғотди: “Давлат нега биздан қўшимча пул ундиряпти?” деган саволлар юзага келди.

Тадбиркор Алишер Тожиев X ижтимоий тармоғида бу ҳақда янграган эътирозга жавобан, илова 100 фоиз унга тегишли экани ва ўз маблағлари ҳисобидан яратилганини маълум қилди.

HGT лойиҳасини яратиш учун давлат бюджети маблағлари сарфланмаган. Унда нега лойиҳа ҳақида Энергетика вазирлиги ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ўз каналида ёзиб чиққан эди? Гап шундаки, лойиҳани яратганимдан сўнг уни тегишли ташкилотларга тақдимот қилиб берганман. Очиғини яширмасдан айтаман, мақсадим давлат-хусусий шериклик асосида ишлаш бўлган. Аммо қонуний томондан йўли топилмагани сабабли ушбу таклифимни рад этган.

[...] Дастлаб лойиҳани ишлаб чиққанимда иловамизда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ номи ва логотипи ҳам бор эди. Чунки юқорида айтганимдек, давлат-хусусий шериклик асосида ишлаш ниятим бўлган. Аммо кейинчалик “Ҳудудгазтаъминот” АЖ бизга расман хат билан мурожаат қилиб, иловадан АЖ номи ҳамда логотипини олиб ташлашни, бу истеъмолчиларни чалғитаётганини таъкидлаган ва биз зудлик билан олиб ташлаганмиз”, дея ёзди Алишер Тожиев.

Тадбиркор айрим хизматларнинг пулли қилиб қўйилганини илова фаолиятини таъминлашдаги операцион харажатлар билан изоҳлади.

“Ҳудудгазтаъминот” изоҳи

Тармоқлардаги муҳокамалар фонида Kun.uz мухбири “Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизматидан давлат ташкилотининг HGT иловаси яратилишидаги роли ҳақида изоҳ сўраган эди. Шундан кейин компания ўз расмий саҳифасида фуқаролар учун газ истеъмолини назорат қилишнинг расмий ва бепул имкониятлари мавжудлигига урғу бериб, HGT иловаси бўйича тадбиркор билан якуний келишувга эришилмаганини маълум қилди.

Ҳудудгазтаъминот АЖ ҳамда UIC ўртасида дастлабки келишувга мувофиқ HGT мобил иловаси 2024 йилда тест режимида ишга туширилган. Бироқ томонлар мобил иловадан фойдаланиш бўйича якуний келишувга эришмаган. Бугунги кунда илова мустақил корхона томонидан бошқарилади ва ундаги хизматлар “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан белгиланмайди”, – дейилади компания баёнотида.

Баёнотда айтилишича, аҳолида газ истеъмолини назорат қилишнинг расмий ва бепул имкониятлари мавжуд. Хусусан:

  • www.hududgaz.uz расмий сайтидаги шахсий кабинет орқали кунлик/ойлик газ истеъмоли, тўловлар ва бошқа маълумотларни кузатиб бориш мумкин.
  • Mygov мобил иловасидаги “Менинг уйим” менюсида ҳам истеъмол кўрсаткичлари билан танишиш имконияти мавжуд.

“Шунингдек, Soliq мобил иловаси ҳамда барча мобил тўлов иловаларида ойлик истеъмол, базавий меъёр доирасидаги истеъмол, ҳисоблагичнинг сўнгги кўрсаткичи ва тўловлар бўйича маълумотлар очиқ тақдим этилмоқда”, дея қайд этган “Ҳудудгазтаъминот”.

API'га кириш имконияти ва шахсга доир маълумотлар масаласи

Газ таъминоти идорасига кўра, газ истеъмоли ҳисоби бўйича маълумотлар “Идоралараро интеграциялашув платформаси”да мавжуд бўлиб, ундан фойдаланишни истаган ташкилотлар амалдаги тартиб асосида мурожаат қилган ҳолда, интеграция ўрнатишлари мумкин.

Тадбиркор Алишер Тожиевнинг қайд этишича, барча маълумотлар фойдаланувчининг ўз хоҳиши ва розилиги асосида электрон ҳукумат тизимидан олинади. Бунда Киберхавфсизлик марказидан экспертиза хулосаси олинган.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид