Жамият | 19:36 / 02.02.2026
11611
11 дақиқада ўқилади

“Менга ишонмасликларидан қўрқаман”. Зўрланган болалар тақдири: оғир жазо, тоқатсиз жамият ва сукут сақламаслик ҳақида

Болаларга нисбатан жинсий зўравонлик кўп ҳолларда кутилмаган жиноят эмас – мутахассислар зўравон шахсларнинг умумий психологик ва ижтимоий белгилари мавжудлигини таъкидлайди. Аммо Ўзбекистонда бу шахсларни эрта аниқлаш, хавфни олдиндан кўриш ва болани ҳимоя қилишга қаратилган тизим ҳали йўлга қўйилмаган. Kun.uz мутахассислар хулосаларига таянган ҳолда зўравонларни эрта аниқлаш ва бунинг аҳамиятини тушунтиради.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабарига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда номусга тегиш жиноятлари кўпайган: 2024 йилда 359 та бўлган бўлса, 2025 йилда 381 та шундай жиноят содир этилган. Афсуски, бундай жиноятлар болаларга нисбатан ҳам содир этилмоқда. 2026 йилнинг дастлабки ойидаёқ Фарғонада 14 ёшли қизнинг 4 эркак томонидан зўрланиши, Сурхондарёда 9 синф ўқувчисининг жинсий зўравонликка учрагани муҳокамалар марказида бўлди.

Зўравонликка учраган болалар кечинмалари

Жинсий зўравонлик боланинг фақат танасида эмас, онгида ҳам чуқур ва оғриқли жароҳат қолдиради. 7 ёшида қариндоши томонидан зўрланган қизалоқ шундай дейди: “Ўша кундан кейин мен қоронғиликни ёмон кўриб қолдим. Ҳар хил овозлардан қўрқаман. Айрим катталар кўзига қараш қийин. Баъзида жуда бақиришни истайман, лекин овозим чиқмайди. Йиғлагим келади, ҳаммани ёмон кўраман, ҳатто ўзимниям”.

14 ёшли қиз эса жинсий зўравонликдан кейин орзуларидан айрилганини айтади: “Менга ишонмасликларидан қўрқаман. Айбни менга ағдаришларидан қўрқаман. Дўхтир бўлмоқчи эдим, лекин ҳозир биттаям орзуйим йўқ. Ўзимни мажбурласам ҳам орзуларимни миямга келтиролмаяпман. Ҳамма эркаклардан нафратланаман, ҳатто дадамдан, ўзимни укамдан ҳам”.

Жабрдийдага ачиниб, зўравонларни қоралаб, жазоланишини кутамиз. Аммо бирор тегишли ташкилот ёки тузилмалар бундай жиноятчиларни эртароқ аниқлаш ва жиноятнинг олдини олиш ҳақида бош қотирмайди.

Зўравонларни қандай аниқлаш мумкин?

Гавҳар Дарвиш (Тешабоева) психотерапевт:

“Зўравонлар шахсини таҳлил қилиш юзасидан тадқиқотларда бунга қандай сабаблар олиб келишини ўрганишга уриниб кўрганмиз. Бунда сабаб сифатида биринчи омил – психологик омил. Яъни боланинг ўзига ишончи пастлиги, агрессияга мойиллиги, уйида стрессни бошқариш усуллари ўргатилмаганлиги. Жинсий зўравонлик энг пастки майл – инсоннинг ҳайвоний ҳохишлари ҳисобланади. Шу ҳайвоний майлни бошқариш ўргатилмаганлиги жуда муҳим. Кейингиси – ижтимоий омил. Бунда оила ичидаги ва оила ташқарисидаги омиллар бор. Оила ичида: оилада шунақа зўравон шахслар борлиги. Масалан, зўравонлик турлари бор – жинсий, жисмоний, маънавий зўравонлик бор, урмасдан туриб ҳам инсон зўравонлик қилиши мукин. Оилада зўравон ота-она, агрессор борлиги, доимий бақир-чақир ёки жазолаш борлиги. Бу ерда гап баъзида юз берадиган шунақа вазиятлар ҳақида кетмаяпти, доимий жазолаш, уриш айтиляпти. Бобоси, бувиси, ота-онаси, ўгай отаси томонидан зўрланган (таҳқирланган, калтакланган) болалар ҳам киради бу гуруҳга. Болалигида зўравонлик кўрган болалар ҳақида кетяпти гап. Учинчи омил – жамиятда зўравонликларга нейтрал муносабатда бўлиш. Яъни зўравонлик содир бўлдими, бунга қурбоннинг ўзи айбдор деган қарашнинг борлиги. Бундан ташқари генетик омиллар (ирсий мойиллик) ҳам бор. Айнан зўравонлар гени аниқланмаган бўлса ҳам, отаси ёки онаси томонидан шунақа жиноят содир этганлар, алкоголиклар, наркоманларнинг борлиги ҳам бу наслда шундай шахслар туғилишига сабаб бўлади.

Зўравонлар шахси таҳлил қилинганда улар антисоциал шахслар эканлиги аниқланади. Яъни антисоциал – жамиятга қарши ижтимоий ҳаракатлар қилувчи. Ҳаммаси нимадан бошланади? Оддий йўл-транспорт қоидаларига амал қилмаслик, оддий оиланинг масъулияти ёки оиладаги муаммоларга нисбатан ижтимоий қабул қилинган меъёрларга зид бўлишдан ҳам бошланади кўпинча. Улар агрессор, ўз манфаатини бошқаларникидан устун қўядиган шахслар ва ўзининг ҳайвоний истакларини бошқара олмайдиган шахслардир. Биз буни руҳий тарбия тилида “нафси аммора қуллари” деб атаймиз.

Шундай шахслар борки, улар “лаззат кишилари” дейилади. Улар ҳозир ва шу ерда ҳар қанақа ҳолатдан қатъий назар лаззатланишга ҳаракат қилишади. Яъни лаззатлар бирданига зўравонликдан бошланмайди, улар ўша пайтнинг ўзида кайфиятини кўтаришни исташади, масалан алкогол ёки наркотик. Кейинчалик ўзгариб кетиши мумкин. Агар унинг биринчи тажрибаси болага зўравонликдан бошланган бўлса энди у ўзини тийиб туриши қийин бўлади”.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларида дунё бўйлаб ҳар 5 қиздан биттаси, ҳар 7 ўғил боладан биттаси зўрланади. 370 миллионга яқин аёллар болалигида жинсий тажовузга учраганини айтишган. UNICEF таҳлилларига қараганда жинсий зўравонликка учраган болаларнинг 70%и бу ҳақда ҳеч қачон катталарга айтмайди.

Кимлар кўпроқ қурбон бўлади?

“Зўравонлар қандай қурбонни танлашади? 4 хил темперамент бор: холерик, сангвиник, флегматик, меланхолик. Улар кўпроқ флегматик билан меланхолик қизчаларни танлашади. Чунки улар ҳамма муаммони ичига ютадиган, онаси билан бўлишмайдиган, унга нисбатан қилинган хатти-ҳаракатниям айтмайдиган қизлар. Фақат қизлар эмас, ўғил болалар ҳам. Қабулимга 12 ёшли қизни олиб келишди, ўз амакиси томонидан зўрланган. Онаси шу заҳоти бу вазиятни билиб ажрашган, амакиси қамалган. Бу воқеа қизча 7 ёшлигида юз берган, орадан йиллар ўтиб амаки қамоқдан чиқяпти. Қиз фақат бувиси билан алоқаси бор ва амакиси қамоқдан чиқса кўзига қандай қарайман деган айбдорлик ҳисси бор ичида. Бундай қурбонлар доим ўзини айблайди. “Мен нотўғриман, шунинг учун менга нисбатан шунақа иш содир бўлди” деган фикрда бўлади. Чунки улар ҳали атроф-муҳитни, воқеаларни тўлиқ идрок эта олмайди. Натижада болада депрессия келиб чиқади: “яшашга ҳақли эмасман, нотўлиқман, шу вазиятда ўзим айбдорман” деб. Афсуски жамиятимиздаям қурбонни ўзи айбланади. Бу болалар кейинчалик жамиятда ўзларига жуфт танлашда жуда қийналишади, улар кўп ҳолатларда ўзига нисбатан агрессив муносабатда бўладиган ёки ундан фойдаланадиган зўравонларни танлаб қўйиши мумкин. Нимагадир эришишда қайта-қайта ўзини таъкидлаш йўли билан, “мен шу жамиятда яшашга лойиқманми?” деган оғриқ билан яшайди. Бу жароҳатлар ҳаёти давомида уларга яна бошқа оғриқларга олиб келади, бахтсиз бўлиб яшашига таъсир қилади”.

Ижтимоий ҳимоя органлари ўртасида ўзаро бирдамлик етарли эмас

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, болаларга нисбатан жинсий зўравонликнинг 60–80%и яқин қариндош ёки таниш шахслар томонидан содир этилади.

Камола Алиева, ҳуқуқшунос:

“Илмий ва амалий тажрибалар шуни кўрсатадики, болаларга нисбатан жинсий зўравонликлар аксар ҳолда танишлар: қариндошлар, ўқитувчилар, тренерлар, қўшнилар ёки бола ишониб қолдирилган бирор шахс томонидан содир этилган. Шу сабаб фақат бегона шахслардан хавф модели реал манзарани кўрсатмайди.

Ҳалигача жамиятимизда оила ичидаги ҳар қандай муаммони яшириш, ҳаттоки у жиноят бўлса ҳам уни яшириш, обрўсига путур етишидан қўрқиш бор. Болалар бевосита борадиган жойлар: мактаб, поликлиника, маҳалла ёки ички ишлар идоралари, ижтимоий ҳимоя органлари ўртасида ўзаро бирдамлик етарли эмас. Бу мана шу турдаги жиноятларни эрта аниқлаш, эртароқ аралашиш ва бундай жиноятларнинг олдини олиш имконини бермайди. Бола билан ишлайдиган педагоглар, психологлар ёки бошқаларда боладаги ўзгаришларни. Сигналларни эрта аниқлаб, унга ёрдам бериш кўникмалари ҳали етарли эмас. Бу эса болага бундай нарсаларни айтишга халал беради. Яъни жинсий зўравонлик ҳақида айтишга қўрқувнинг борлиги, ҳимоя ўрнига буллингга айланиб кетиши мумкинлиги, махфийлик, ишончли ҳимоя қилинишга ишонмаслик бор”.

Бу жиноятни қандай камайтириш мумкин?

Бу жиноятни камайтириш фақат қонунларга боғлиқ эмас, ижтимоий онг ҳам ривожланиши керак. Агар жамиятда бунга қараш ўзгармаса аҳвол яхшиланмайди, бу айрим ривожланган мамлакатлар мисолида кўрилган.

Японияда яшайдиган ватандошимиз, жамиятшунос Баҳодир Искандаров бу ҳақида ўз фикрларини билдирди:

“Вояга етмаганларнинг жинсий зўравонликка учраши фақатгина қолоқ, ривожланмаган давлатларда эмас – Япония каби иқтисодий ривожланган, қонун устуворлиги ривожланган давлатларда ҳам содир бўладиган жиноят. Япон социологлари Японияда бу жиноятнинг оммалашишига, бу жиноятнинг оддийлигига асосан 3та сабабни кўрсатишади. Биринчи сабаб: оиладаги уят. Жинсий зўравонликка учраган бола жамиятда оиласини, ўзини шарманда қилмаслик учун буни яшириши жиноятнинг ошиб кетишига сабаб бўлган. Иккинчи сабаб: мамлакатдаги иерархик муносабатлар. Яъни ўзидан каттанинг ҳурмати баландлиги. Масалан ўқитувчи ўз ваколатидан фойдаланиб босим ўтказиб, ёвуз мақсадида жинсий тажовуз қилиши мумкин. Бола эса қўрққанидан кимгадир айта олмаслиги муаммонинг урчиб кетишига асосий сабаблардан бири. Учинчи сабаб: япон анимелари ва мангалари ҳисобланади. Гўдакларни сексуаллаштириш, манга ва анимелардаги бош қаҳрамонларни жудаям интим муносабатларга майли бор қилиб кўрсатиш, уларни жинсий восита қаҳрамони сифатида кўрсатиш мамлакатда болаларга жинсий зўравонликнинг оддий қабул қилинишига сабаб бўлган дейишади.

Фақатгина оғир жазонинг ўзи бу жиноятлар камайишига ёрдам бермайди. Чунки 2023 йилдан кейин бунга жуда оғир жазолар тайинланган, аммо керакли натижага эриша олишмаган. Япон социологлари бу иллат билан курашишда асосий 3 фактни келтиришади: оғир жазо, жамиятнинг тоқатсизлиги, болалардаги жинсий билимларнинг мавжудлиги. Булар учаласи бирлашгандагина жамиятда бу жиноятни камайтириш мумкин. Масалан, фақатгина жамиятнинг тоқатсизлиги ҳам катта ёрдам бермаслиги мумкин. Чунки 2024 йилда жинсий зўравонликка учраган бир қиз ҳақида оммавий ахборот воситаларида ёритилгандан кейин “Мен ҳам” (Me too) ҳэштеги остида жуда кўп қизлар полицияга, ОАВга хабарлар беришган. Ўша жабрланувчиларнинг ўзларини айблайдиганлар кўпгина топилган ва бу унча катта натижа бермаган”.

Жабрланувчининг ўзини айблаш бизгаям хос хислат. Бу эса зўравонликка учраганларни сукут сақлашга мажбур қилади. Масалан АҚШда номусга тегиш жинояти юз берганда жабрланувчига катта устунлик берилади ва қурбонлар шу туфайли ҳам жиноятни ошкор қилишдан уялишмайди.

Исландияда бунинг олдини олиш учун эрта ёшдан жинсий таълим берилади, ишончли мурожаат каналлари яхши ишлайди ва шу сабаб бу жиноятлар нисбатан камайиши кузатилган. Швецияда эса Болалар ҳуқуқларини Конституция даражасида ҳимоя қилиш, психолог, ижтимоий хизмат, полиция бир жойда ишлайдиган тизим модели яхши натижа берган. Канадада қонунлар билан биргаликда ота-оналар билан мажбурий тренинглар ўтказилган.

Биз болаларимиз учун хавфсиз жамият мақсадида қонунлар қабул қиляпмиз, лекин боламизни эшитмаяпмиз. Жазони кучайтиряпмиз, лекин зўравонларни эртароқ танимаяпмиз, эҳтиёт бўлмаяпмиз. Демак ҳали болаларимиз учун хавф ва хавотир тугамайди.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид