Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Контент эмас, дизайн айбдор» — АҚШда болаларнинг ижтимоий тармоқларга қарамлиги бўйича тарихий суд якунланди
Лос-Анжелес ҳакамлар ҳайъати Instagram ва Youtube'ни «қарамлик келтириб чиқарувчи дизайни орқали ёшлар саломатлигига зарар етказишда эҳтиётсизлик қилган» деб топди.
Йиллар давомида бутун дунёдаги ота-оналар, ўсмирлар, педиатрлар, педагоглар ва бошқа мутахассислар ижтимоий тармоқлар ёшларнинг руҳий саломатлигига зарар етказишини айтиб келган. Тармоқларнинг зарари қаторида – унга қарамлик, овқатланишнинг бузилиши, жинсий эксплуатация ва ўз жонига қасд қилишга олиб келиши мумкин, деган ғоялар илгари сурилади.
Associated Press нашрининг ёзишича, шу ҳафтада – тарихда илк бор АҚШнинг икки штатидаги ҳакамлар ҳайъати ижтимоий тармоқлардаги хавфдан жабрланганларнинг тарафини олди. Технология соҳасини кузатувчи гуруҳлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари суд қарорларини олқишлар билан қарши олди.
«Катта технология компанияларининг дахлсизлиги даври тугади. Google ва Meta каби компаниялар йиллар давомида одамларни чалғитиб, ҳақиқатни инкор қилиб келганди. Янги далиллар ва гувоҳликлар пардани кўтарди ҳамда ёшлар, ота-оналар йиллар давомида дунёга айтиб келган зарарларни тасдиқлади», деди «The Tech Oversight Project» ижрочи директори Саша Ховорт.
Йирик компанияларга қарши қандай суд жараёнлари бўлди?
Сўнгги кунларда АҚШда ижтимоий тармоқ компанияларига қарши 2 та йирик суд иши бўлиб ўтди. Гарчи ҳар икки ҳолат болаларга етказилган зарарга қаратилган бўлса-да, улар ўртасида фарқлар бор:
Биринчи даъво — Ню-Мексикода 2023 йилда штат Бош прокурори Раул Торрез томонидан қўзғатилган. Штат терговчилари ижтимоий тармоқларда ўзларини бола қилиб кўрсатиб, ўзларига келган жинсий таклифларни ҳамда Meta'нинг бунга муносабатини ҳужжатлаштириш орқали ишни қўзғаганди.
Бир кундан камроқ давом этган маслаҳатлашувдан сўнг, ҳакамлар ҳайъати Meta Ню-Мексико штатининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунини бузган деб топди. Meta компаниясига 375 миллион доллар миқдорида фуқаролик жаримаси тўлаш мажбуриятини юклади.
Иккинчи суд жараёни Лос-Анжелесда бўлиб ўтди. Бу ерда бир даъвогар Meta, Google (YouTube), TikTok ва Snap компанияларига қарши чиқди. TikTok ва Snap суд бошланишидан олдин келишувга эришди. Келишув мазмуни очиқланмади.
Reuters’нинг ёзишича, мазкур иш ҳозирда 20 ёшда бўлган ва судда фақат Келйли исми билан танилган аёлга тегишли. У Googleʼнинг YouTube ва Meta'нинг Instagram платформаларига ёшлигиданоқ қарам бўлиб қолганини айтди. Бунга платформаларнинг эътиборни тортувчи дизайни: фойдаланувчиларни янги постларни кўришда давом этишга ундайдиган чексиз «scroll қилиш» (кейинги видеога ўтказиш) функцияси сабаб бўлганини таъкидлади.
Суд жараёнида даъвогарнинг адвокатлари Meta ва Google қасддан болаларни нишонга олганини ҳамда хавфсизликдан кўра фойдани устун қўяганини кўрсатишга ҳаракат қилган.
Meta адвокатлари даъвогарнинг руҳий саломатлиги билан боғлиқ муаммоларга унинг болалигидаги оғир оилавий ҳаёти сабаб бўлганини таъкидлади. YouTube эса унинг платформадан фойдаланиши минимал даражада бўлганини рўкач қилди.
Ҳакамлар ҳайъатига Meta ва Google кичик ёшдаги фойдаланувчиларни қандай жалб қилишга уринганини очиб берувчи ички ҳужжатлар кўрсатилди.
Аниқ айбловлар ва жазо
Якунда Лос-Анжелес ҳакамлар ҳайъати Instagram ва YouТube эгалари учун 3 та асосий айблов қўйди:
- Компания ўз ижтимоий тармоғини лойиҳалаш ёки бошқаришда эҳтиётсизликка йўл қўйган;
- Бу эҳтиётсизлик 20 ёшли даъвогарга зарар етказишда «муҳим омил» бўлган. Хусусан, тармоқлардан фойдаланиш унинг руҳий саломатлиги билан боғлиқ муаммоларини кучайтирган;
- Компаниялар фойдаланувчиларни ўз тармоғидан фойдаланиш хавф-хатарлари ҳақида етарли даражада огоҳлантирмаган.
Суд компаниялар 3 миллион доллар компенсация тўловлари ва 3 миллион доллар жарима тариқасидаги товон пули тўлаши кераклигини маълум қилди. Жами сумманинг 70 фоизи – 4,2 миллион долларни Meta, 30 фоизи – 1,8 миллион долларни эса Google тўлайдиган бўлди.
Ҳар бирининг йиллик капитали 100 млрд. доллардан ошадиган икки компания учун бу жуда кичик маблағ. Аммо, бу кейинчалик шу мазмундаги ишлар учун яхшигина суд прецеденти бўлиши мумкин.
APнинг ёзишича, ушбу даъволар қасддан қилинган дизайн танловлари ва маҳсулот жавобгарлигига эътибор қаратиш орқали АҚШ қонунчилигининг «230-модда»сини четлаб ўтган. Ушбу модда, одатда, интернет компанияларини – фойдаланувчилар томонидан жойлаштирилган материаллар учун жавобгарликдан озод қилади. Шу боис зарарли контентни қандай тарқатилишига эътибор қаратган олдинги суд ишлари кўпинча муваффақиятсизликка учраган.
Компаниялар суд ҳукмидан норози
АҚШ ҳуқуқ тизимида «Ҳакамлар ҳайъати» бу — профессионал судьялардан фарқли ўлароқ, жамиятнинг оддий аъзоларидан ташкил топган махсус фуқаролик суди ҳисобланади. Унда қамоқ жазоси эмас, балки товон пули каби масалалар кўрилади.
Ҳар икки компания Meta ва Googleʼнинг матбуот котиблари ҳукмга қўшилмасликларини ва апелляция беришни режалаштираётганини маълум қилди. Технологик сектор таҳлилчиси Гил Лурианинг айтишича, бу ҳукм Meta ва Google учун «орқага кетиш» ҳисобланади.
«Бу жараён келгуси суд ишлари ва апелляциялар туфайли чўзилиб кетиши мумкин, аммо якунда компанияларни истеъмолчилар хавфсизлиги чораларини кўришга мажбур қилиши мумкин. Бу эса ўз навбатида ўсишни секинлаштириши эҳтимолдан ҳоли эмас», деди у.
Ўзгараётган жамоатчилик фикри
Ушбу ҳафтадаги натижалар ижтимоий тармоқ платформаларининг ёш фойдаланувчиларга бўлган муносабатини тубдан ўзгартирадими ёки йўқми, буни айтишга ҳали эрта. Аммо бу қарорлар технология компанияларига нисбатан жамоатчилик фикри ўзгараётганидан дарак беради. Бу эса кўплаб янги суд даъволари ва тартибга солувчи қонунларга йўл очиши тайин.
Йиллар давомида ушбу компаниялар ўз платформалари болаларга келтираётган зарарни шунчаки «қўшимча маҳсулот» сифатида талқин қилиб келган. Яъни болаларга келтирилган зарар – кенгроқ ижтимоий муаммоларнинг ёки ғаразли шахслар ҳаракатларининг оқибати, деб даъво қилинган. Шунингдек, улар психологик зарарлар ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш натижаси бўлиши мумкинлигига қарши чиққан, аксини кўрсатувчи тадқиқотларни аҳамиятсиз деб ҳисоблашган.
Хусусан, Лос-Анжелесдаги суд жараёнида ҳам, агар платформа ёки маҳсулот қарамликни келтириб чиқарса, одамлар ундан кўпроқ фойдаланишга мойил бўладими-йўқми деган саволга, Meta бош директори Марк Цукерберг: «Бунга нима дейишни билмайман. Менимча, бу ерда бундай ёндашув тўғри келмайди," деб жавоб берди.
Ҳукмлар шуни кўрсатадики, жамоатчилик компанияларни етказилган зарарлар учун жавобгарликка тортишни ва уларнинг ишлаш услубида жиддий ўзгаришлар қилишни талаб қилмоқда. Ҳозирча компаниялар бунга амал қиладими ёки йўқми, номаълум.