Иқтисодиёт | 13:37 / 11.02.2022
51960
5 дақиқада ўқилади

Қайси давлатда ўқитувчиларга энг кўп маош тўланади?

Ўқитувчиларнинг маоши бевосита улар яшаётган мамлакатларга боғлиқ. Люксембургда тажрибали мактаб ўқитувчиларининг ойлик ўртача иш ҳақи 8400 долларни ташкил қилса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич ойига 2,1 млндан 3,1 млн сўмгача.

Ўқитувчилик жуда масъулиятли ва шарфли касб бўлиб, ривожланган давлатларда энг юқори ҳақ тўланадиган мутахассисликлардан бири ҳисобланади. Уларнинг давлат ривожи ва тараққиёти учун қўшаётган ҳиссаси муносиб қадрланади.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти таҳлиллари бўйича, ўқитувчилар энг кўп маош оладиган давлатлар рейтинги қуйидагича (камида 15 йиллик иш тажрибасига эга бошланғич мактаб ўқитувчисининг йиллик ўртача иш ҳақи):

1. Люксембург –101 360 доллар;
2. Германия – 80 407 доллар;
3. Канада – 71 664 доллар;
4. Нидерландия –71 024 доллар;
5. Австралия – 65 658 доллар;
6. Ирландия – 62 313 доллар;
7. АҚШ – 62 102 доллар;
8. Дания – 60 185 доллар;
9. Корея Республикаси – 59 103 доллар;
10. Австрия – 55 142 доллар;
11. Янги Зеландия – 53 247 доллар;
12. Норвегия – 51 352 доллар;
13. Испания – 49 898 доллар;
14. Япония – 49 498 доллар;
15. Швеция – 47 664 доллар;
16. Словения – 45 857 доллар;
17. Португалия – 44 802 доллар;
18. Финландия – 44,180 доллар;
19. Исландия – 42 024 доллар;
20. Колумбия – 39 961 доллар.

Шунингдек, таълим тизимидаги баъзи фарқлар сабаб Швейцария рейтингга киритилмаган бўлса-да, у ерда ҳам ўқитувчилар ойлиги жуда юқори бўлиб, улар йилига ўртача 94 500 доллар даромад топишади.

Статистик маълумотларга кўра, Россия умумтаълим мактабларида ишлайдиган ўқитувчиларнинг ўртача иш ҳақи ойига 778 долларни ташкил қилади. Қўшни Қозоғистонда эса ўқитувчилар иш тажрибаси ва малакасига қараб ўртача 499,5 доллардан 874,8 долларгача маош олишади.

Кўплаб давлатларда ўқитувчиларнинг иш ҳақи қуйидаги омилларга боғлиқ:

  • ўқитувчининг малакаси ва тажрибаси;
  • дарс соатлари миқдори;
  • таълим муассасасининг тури;
  • мактабнинг рейтинги.

Ўзбекистонда таълим фидойилари қанча пул топишади?

2021 йилнинг якунлари бўйича, Ўзбекистондаги энг паст ўртача иш ҳақи таълим (2,3 миллион сўм), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида (2,1 миллион сўм) қайд этилган.

Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари миқдори киши бошига 1 ойга 498 минг сўмни ташкил этади. Жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган. Бундан келиб чиқиладиган бўлса, таълим соҳасида фаолият юритадиган, оилада турмуш ўртоғи ва икки нафар фарзанди билан яшовчи ва якка ўзи меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи инсонлар (кўплаб эркак ўқитувчиларнинг оилалари) деярли камбағаллик чегарасида ҳаёт кечираётганини англаш мумкин.

Таълим соҳасидаги ўртача маошлар республика миқёсидаги ўртача иш ҳақи кўрсаткичидан 28 фоизга камроқ (Ўзбекистонда 2021 йилда ўртача ойлик иш ҳақи 3,2 млн сўмни ташкил қилган).

Маълумот учун, статистикага кўра, корхона ва ташкилотларда ишловчи ходимларнинг 37,6 фоизи таълим соҳасига тўғри келган.

Ўзбекистонда охирги марта 2021 йилнинг 1 сентябрида иш ҳақи, пенсия миқдори ва стипендиялар оширилганди. Айни пайтда ўқитувчиларнинг лавозими ва малака даражасидан келиб чиқиб олаётган ойликлари миқдори қуйидагича:

Мактаб директори:

  • 3 млн 185 минг 70 сўм (400 ўқувчигача);
  • 3 млн 400 минг 886 сўм (401-880 ўқувчигача);
  • 3 млн 606 минг 259 сўм (881-1600 ўқувчигача);
  • 3 млн 814 минг 781 сўм (1600дан ортиқ).

Директор ўринбосарлари:

  • 2 млн 974 минг 763 сўм (400 ўқувчигача);
  • 3 млн 185 минг 70 сўм (401-880 ўқувчигача);
  • 3 млн 400 минг 886 сўм (881-1600 ўқувчигача);
  • 3 млн 606 минг 259 сўм (1600дан ортиқ).

Директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари:

  • 1 млн 376 минг 802 сўм (401-880 ўқувчигача);
  • 1 млн 496 минг 631 сўм (881-1600 ўқувчигача);
  • 1 млн 621 минг сўм (1600дан ортиқ).

Шунингдек:

  • Ўрта махсус маълумотли ўқитувчи – 2 млн 149 минг 436 сўм;
  • Мутахассис ўқитувчи – 2 млн 299 минг 438 сўм;
  • Иккинчи тоифали ўқитувчи – 2 млн 574 минг 348 сўм;
  • Биринчи тоифали ўқитувчи – 2 млн 868 минг 608 сўм;
  • Олий тоифали ўқитувчи – 3 млн 170 минг 10 сўм.

Бундан ташқари:

  • Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик раҳбари – 2 млн 299 минг 438 сўм;
  • Ёшлар етакчиси – 2 млн 299 минг 438 сўм;
  • Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи – 2 299 438 сўм;
  • Психолог – 2 млн 69 минг 494 сўм;
  • Мактаб лаборанти (1 ст)– 1 млн 137 минг 632 сўм;
  • Кадрлар бўйича менежер (инспектор) – 865 минг 553 сўм;
  • Кутубхоначи (ўрта махсус) – 1 млн 94 минг 227 сўм;
  • Кутубхона мудири (ўрта махсус) – 1 млн 261 минг 866 сўм;
  • Кутубхоначи (олий маълумотли) – 1 млн 151 минг 816 сўм;
  • Кутубхона мудири (олий маълумотли) – 1 млн 376 минг 802 сўм.

Кейинги 5 йиллик тараққиёт стратегиясида малакали ўқитувчиларнинг ойлигини босқичма-босқич 1000 доллар эквивалентига етказиш режа қилинган.

Мавзуга оид