Ўзбекистон | 20:52 / 29.09.2025
3271
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда 1,5 млрд куб метр ҳажмдаги ерости газ сақлаш омбори қурилади

Энергетика вазирлиги Хитойнинг China National Petroleum Corporation компанияси билан Косонда газни еростида сақлаш омбори қуриш бўйича шартнома имзолади. Иншоот «Қорабайир» кони негизида барпо этилади, унинг ҳажми 1,5 млрд куб метр бўлади.

Фото: Enter Engineering

Қашқадарё вилояти Косон туманида газни ер остида сақлаш иншооти қурилади. Бу ҳақда Gazeta.uz Энергетика вазирлигидаги манбасига таяниб хабар берди.

Қайд этилишича, Энергетика вазирлиги ва Хитойнинг China National Petroleum Corporation ўртасида газни ер остида сақлаш иншоотини барпо этишда дастлабки тадқиқот ишларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Иншоот «Қорабайир» кони негизида қурилади. Дастлабки илмий-тадқиқот ўрганишлари натижасида «Қорабайир» конининг XII горизонти ГЕСИни барпо этиш учун мақбул объект сифатида таклиф қилинган.

Ушбу «Қорабайир» конида режалаштирилаётган ГЕСИда — 1 млрд 500 млн куб метр ҳажмдаги актив табиий газни сақлаш имконияти яратилади.

2024 йил октябрь ойида энергетика вазири мамлакатда иккита ерости газ сақлаш омборидан — «Газли» ва «Хўжаобод»дан фойдаланилаётганини айтганди.

Бундан ташқари, Мирзамаҳмудов «Сўх» газ омбори бўйича эса ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, ўрганиш ишлари олиб борилаётганини қайд этганди. Унинг айтишича, мазкур газни сақлаш омбори Қирғизистон ҳудудида жойлашган бўлиб, компрессорлар ва бошқа технологик ускуналар эса Ўзбекистон ҳудудида ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид