Жаҳон | 10:04 / 18.01.2024
6232
3 дақиқада ўқилади

Беларус ҳарбий доктринасига ядро қуроли киритилди

Мудофаа вазири Хренин Беларус ҳарбий доктринасига тактик ядро қуролидан фойдаланиш имконияти киритилганини эълон қилди. Ҳужжатга кўра, Беларус қўшни давлатлар билан зиддиятга мустақил равишда қарши туриши мумкин.

Фото: AP/dpa/picture alliance

Беларус ҳарбий доктринасининг янги таҳририга ядро қуролидан фойдаланиш имконияти киритилди. Бу ҳақда 16 январ куни мудофаа вазири Виктор Хренин хавфсизлик кенгашининг Александр Лукашенко иштирокидаги йиғилиши якунлари бўйича маълум қилди. «Мамлакатимизнинг ҳарбий хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган таҳдидларга жавоб чоралари доирасида биз Беларуснинг ҳудудимизда жойлашган тактик ядровий қуроллардан фойдаланиш бўйича қарашларини аниқ белгилаб олдик ва эълон қилдик», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган «Белта» давлат ахборот агентлиги.

Шу муносабат билан хавфсизлик кенгаши котиби Александр Волфович «милитаристик хусусиятга эга», Беларусга қарши «тажовузкор баёнотлар» қилаётган ва «ўз ҳудудида ядро қуролини жойлаштиришни сўраган» Полшага ишора қилди. 

Доктрина: Беларус таҳдидларга мустақил равишда қарши тура олади 

Хрениннинг сўзларига кўра, ҳарбий доктрина янги таҳририда Беларус «ҳарбий можароларнинг эски даражасидан - минтақавий, маҳаллий»га ўтган ва «бу давлатлараро ёки коалициялараро» можаро бўлиши мумкинлигини аниқ белгилаб олган. Доктринада «Беларус давлатлараро, айниқса қўшни давлатлар билан зиддият юзага келса, таҳдидларга мустақил равишда қаршилик кўрсатиши мумкинлиги айтилади», деди вазир. 

Шу билан бирга, «Белта» таъкидлашича, янги ҳарбий доктринада «давлатнинг ҳарбий сиёсати қоидаларини тубдан қайта кўриб чиқиш назарда тутилмаган, унинг мудофаа характери сақланиб қолган». Янгиланган ҳарбий доктрина Умумбеларус халқ ассамблеяси томонидан тасдиқланиши керак. 

Россиянинг Беларусдаги тактик ядро қуроллари

2023 йил март ойида Россия Беларусда тактик ядро қуроллари жойлаштирилишини эълон қилди, бироқ уларнинг миқдорини ошкор этмади. Россия расмийларига кўра, Кремл ундан фойдаланиш эҳтимоли устидан назоратни сақлаб қолади. Июн ойида Россия президенти Владимир Путин биринчи рус ядро каллаклари Беларусга етказилгани ва бутун партия йил охиригача олиб борилишини маълум қилган эди. Москва Минскка жанговар каллаклардан ташқари ядровий қурол ташувчи бўлиши мумкин бўлган «Искандер» ракета тизимини ҳам топширди. Беларуслик учувчилар ва ракетачилар Россияда тегишли тайёргарликдан ўтди.

Россия 2022 йил февралида Украинага ҳужум учун Беларус ҳудудидан фойдаланган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид