Ўзбекистон | 17:02 / 17.11.2025
2574
4 дақиқада ўқилади

Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар тоифаси жорий этилиб, йирик компаниялар олдига ҳисобдорлик талаблари қўйилади

Ўзбекистонда активлари қиймати ва йиллик тушуми БҲМнинг 1 миллион бараваридан ошган ҳамда 500 дан ортиқ ходим ишлайдиган компаниялар – ушбу учала мезонга мувофиқлиги 3 йил давом этган тақдирда – “жамоат аҳамиятига эга” деб топилиши ва уларга жамият олдида ҳисобдорлик мажбурияти юкланиши кутилмоқда. Хусусан, бундай компаниялар МҲХСга ўтиши ва молиявий ҳисоботларини аудит хулосаси билан бирга очиқ эълон қилиб бориши керак бўлади.

Фото: Yandex-хариталар

“Жамоат аҳамиятига эга ташкилот” ҳуқуқий мақоми жорий этилиши сентябр ойидаги президент фармонида белгиланган эди. Куни кеча компанияларга бу мақомни бериш мезонлари белгиланган ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Президент қарори

“Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар” (Public interest entities — PIE) ҳуқуқий мақомини жорий қилиш ҳақидаги президент қарори 2025 йил 15 сентябрда имзоланган. Ҳужжат 2025 йил 17 декабрдан кучга киради.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ташаббуси билан қабул қилинган қарорга асосан, фаолият тури ва/ёки активлари миқдори туфайли юқори ижтимоий ва иқтисодий таъсирга, шунингдек, кенг доирадаги манфаатдор томонларга эга тадбиркорлик субъектлари Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар реестрига киритилади.

Реестрни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда юритади.

Реестр ҳар йил 1 июлга қадар янгиланади ва унга киритилган компаниялар молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲСС)га ўтиши шарт бўлади.

Шунингдек, реестрдаги компаниялар аудит текширувидан ўтган йиллик молиявий ҳисоботини аудит хулосаси билан бирга корпоратив ахборотлар портали – openinfo.uz сайтида очиқ эълон қилиши керак бўлади.

2026 йил феврал ойига қадар “жамоат аҳамиятига эга ташкилот” тушунчасини қонунларга киритиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши лозим. 2026 йил март ойигача жамоат аҳамиятига эга ташкилотларда аудит текширувини ўтказиш бўйича талабларни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Таклиф этилаётган мезонлар

12 ноябр куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар реестрини юритиш тўғрисидаги низомни очиқ муҳокамага чиқарди.

Унга кўра, жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар тоифасига киритишнинг қуйидаги мезонлари таклиф этилмоқда:

1. Қимматли қоғозлари фонд биржасининг листингига киритилган ва оммавий оммавий савдоларга чиқариладиган (publicly traded entity) ташкилотлар.
2. Тижорат банклари ва тўлов тизими операторлари
3. Суғурта ташкилотлари
4. Инвестиция фондлари
5. Биржалар
6. Бир вақтнинг ўзида охирги уч йил давомида ҳисобот йили якунларига кўра:

  • активларининг баланс қиймати БҲМнинг бир миллион бараваридан;
  • товарлар ва хизматларни реализация қилишдан олинган йиллик тушуми БҲМнинг бир миллион бараваридан;
  • ходимларининг ўртача йиллик сони 500 нафардан ортиқ бўлган тадбиркорлик субъектлари.

7. 1- ва 6-бандлардаги мезонларининг биттасига жавоб берадиган устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган давлат иштирокидаги корхоналар.

Изоҳ: БҲМнинг 1 млн баравари айни пайтда 471 млрд сўмга тенг.

Компанияларнинг 6-бандда кўрсатиб ўтилган мезонларга тўғри келиш-келмаслиги – аввалги уч календар йил якуни бўйича солиқ органларига тақдим этган молиявий ҳисоботлари орқали аниқланади.

Реестрдаги компаниялар МҲХСнинг барқарорлиги тўғрисидаги маълумотларни ошкор этиш стандартларини (IFRS Sustainability Disclosure Standards) 2027 йил 1 январдан бошлаб жорий қилиши ва 2028 йил якунидан молиявий ҳисоботларни ушбу стандартларга мувофиқ ёритиб бориши лозим.

Реестрдаги компаниялар аудиторлик ташкилотини мустақил танлайди, бироқ ушбу аудиторлик ташкилотнинг компанияга масъул аудитор ходими уч йилда бир марта алмашиши лозим.

ИМВ ва Марказий банкнинг қўшма қарори лойиҳаси юзасидан жамоатчилик муҳокамаси 22 ноябргача давом этади.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид