Ўзбекистон | 11:17 / 04.04.2023
6759
35 дақиқада ўқилади

“Пиллакор 1 ойда 2 млн сўмдан ортиқ даромад топмоқда”. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси Ўзбекистонда ипакчилик ҳақидаги мақолага раддия билдирди

Иқтисодчи Й.Юсупов томонидан ёзилган “Ўзбекистонда ипакчилик: самарасиз бюрократик бошқарув сақланиб қолмоқда” номли мақоласига раддия

Бугунги кунда пиллачилик соҳаси қишлоқ аҳолиси учун сердаромад соҳалардан бирига айланиб улгурди. Мисол учун, бир қути ипак қуртини парваришлаган пиллакор 1 ойда 2 млн сўмдан ортиқ даромад топмоқда.

Пиллани қайта ишловчи корхоналарнинг бирортаси сўнгги 5 йилда зарар кўриб ишламаган, аксинча бу корхоналарнинг барчаси фойда билан ишлаб, рентабеллик кўрсаткичи 18-26 фоизни ташкил этади. Тармоқда зарар кўриб ишловчи ва норентабел ёки ноликвид корхонанинг ўзи йўқ.

Мақолада қайд этилганидек, ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш норентабел бўлганида, корхоналар банкрот бўлиши ва ҳозирда бирорта корхона ишламаслиги табиий бўларди.

2017-йилдан Республикада асосий эътибор сифатли пилла етиштириш ва тайёрлаш, уни дастлабки қайта ишлаш, хом ипак ва ипак калава ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ташкил этиш ва мавжудларини модернизация қилишни ташкил этиш, пиллачилик тармоғини ривожлантириш борасида қабул қилинган дастурий чора-тадбирлар амалга оширилишини мувофиқлаштириш, ягона илмий-техник, технологик, инвестициявий ва экспорт сиёсатини изчил юритиш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни пиллачилик билан шуғулланишга қизиқтириш, уларни ўқитиш ва малакасини оширишга қаратилди.

2016-йилда Республика бўйича 19 та пиллани қайта ишлаш корхоналари фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб корхоналар сони 75 тани ташкил қилмоқда. Ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари 150 млн сўмдан 2 трлн сўмга етказилди (жорий йилда 3,1 трлн сўм).

Экспорт ҳажмлари 96,2 млн долларга етказилди (2017-йилга нисбатан 3,1 баравар кўп). Экспорт қилинган маҳсулотларнинг 57 фоизи (54,4 млн долл) ипак матолар ҳиссасига тўғри келади (Божхона қўмитасининг электрон экспорт базасида хам бу ўз аксини топган). Шу билан бирга, 2022-йилнинг ўзида 713,2 млрд сўм маблағ пилла етиштирувчиларга етиштирилган пилла хомашёси учун пиллачилик кластерлари томонидан берилди, жорий йилда эса 1,1 трлн сўм пиллачилик кластерларининг ўз маблағлари ҳисобидан берилади. Бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасидир.

Бугунги кунда соҳада мажбурий меҳнат мавжуд эмас. Ушбу бўйича 2023-йилнинг 25-январ куни Ўзбекистонга ташриф буюрган АҚШ Меҳнат вазирлигининг вакиллари томонидан “Ўзбекипаксаноат” уюшмасида бўлиб ўтган учрашувда ҳам алоҳида эътироф этилди.

Ҳақиқатдан ҳам 2017-йилдан бошлаб соҳани ривожлантиришга бўлган эътибор тубдан ўзгарган ва шу кунга қадар бу борада 10 дан ортиқ Президент ва Ҳукумат қарорлари қабул қилинган. Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ипак қурти уруғини етиштиришдан бошлаб, хом ипак ишлаб чиқариш, уни чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотларни экспортга чиқаришгача бўлган босқичларни ўз ичига олувчи пиллачилик кластерларини ташкил қилишга, уларга солиқ ва божхона имтиёзлари ва бошқа енгилликлар беришга, пила хомашёсини етиштириш билан шуғулланувчи касаначиларни қўллаб-қувватлашга, соҳада ишлаб чиқариш ҳажмларини ва экспорт салоҳиятини оширишга, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган.

Пилла тайёрлаш бўйича прогноз кўрсаткичлари “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги корхоналар томонидан берилган таклифлар ва туманлардаги мавжуд ипак қурти озуқа базаси асосида ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан тирик пиллани харид қилиш юзасидан ишлаб чиқилган тавсиявий нарх соҳада фаолият юритаётган корхоналар учун мажбурий характерга эга эмас. 

Мақолада Давлатнинг роли” бўлимидаги 4 хатбошида келтирилган маълумот мутлақо асоссиз.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 29-мартдаги ПҚ-2856-сон қарорига кўра, пиллачилик тармоғи ташкилотларининг Уюшмани ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилган ва муассисларнинг 2017-йил 31-мартдаги 1-сон умумий йиғилиши баёни қарорига мувофиқ Уюшма таъсис этилган.

Иккинчидан, Уюшма муассислар ва аъзоларнинг пиллачилик ва ипак саноати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш, мазкур уставда белгиланган мақсад ва вазифаларга эришиш учун таъсис этилган юридик шахсларнинг ихтиёрий бирлашмаси – нотижорат ташкилоти бўлиб ҳисобланади.

Яъни, Уюшма ўз таркибидаги корхоналарни маъмурий бошқариш ҳуқуқи ва ваколатларига эга эмас.

Учинчидан, Уюшма аъзолари ихтиёрий равишда унга аъзо бўлиш ёки аъзоликдан чиқиш ҳуқуқига эга. Уюшмага аъзо бўлишга ёки аъзоликдан чиқишга мажбурлашга йўл қўйилмайди.

Тўртинчидан, Уюшма давлат ҳокимияти ва бошқарув органларидан тўлиқ мустақил ҳолда фаолият олиб боради. Яъни, Уюшма давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди. Худди шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари Уюшма мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.

Бешинчидан, Уюшмада, шу жумладан Уюшма аъзоларида ҳам давлат улуши умуман мавжуд эмас ва улар давлат томонидан молиялаштирилмайди. Уюшма фаолияти ўз таркибидаги корхоналар томонидан ўтказиб бериладиган ҳар ойлик аъзолик ажратмалари ҳисобига молиялаштирилади. Юқорида кўрсатиб ўтилган қоидалар Уюшма уставида қатъий белгилаб қўйилган.

Таъкидлаш лозимки, амалиётда маҳаллий ҳокимликлар томонидан пилла етиштириш борасида фермер хўжаликлари ёки бошқа субектларга нисбатан маъмурий босимлар мавжуд эмас. Мақолада ҳам бу борада аниқ мисоллар келтирилмаган. Бундан ташқари, амалдаги қонунчиликка кўра, хом ипак етиштириш эркин шартномавий муносабатлар ва ихтиёрийлик асосида (давлат эҳтиёжи учун эмас) ташкил этилади. Фермер хўжаликлари ёки бошқа тадбиркорлик субектлари зиммасига бу борада бирон-бир мажбурият юклатилмаган.

Маҳаллий ҳокимият органлари эса соҳада фаолият юритаётган корхоналарга пилла мавсумларини уюшқоқлик билан ташкил этиш борасида амалий ёрдам кўрсатиши мумкин.

Ҳудди шу бўлимнинг еттинчи хатбошисида келтирилган маълумотлар ҳам асоссиздир. Чунки, пиллачилик кластерлари қатъий равишда тадбиркорлик субекти ҳисобланади ва давлат органининг қарори асосида эмас, балки муассис ёки муассислар томонидан ташкил этилади. Қонунчиликка кўра, пиллачилик кластерлари фаолиятига давлат органларининг асоссиз аралашувига йўл қўйилмайди ва бундай ҳоллар жавобгарликни юзага келтиради. Шу билан бирга, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, пиллачилик корхоналари (кластерлари)нинг “Ўзбекипаксаноат” уюшмасига аъзо бўлишлари мутлақо ихтиёрийлик асосида амалга оширилади. Бундан ташқари, пиллачилик корхоналари (кластерлари) ипакчилик соҳасини бошқарув тизимида иштирок этмайди.

Пиллачилик кластерлари, қурт боқувчи касаначилар ҳамда фермер хўжаликлари билан ихтиёрий равишда пилла етиштириш бўйича шартномалар тузади.

Фермер хўжаликлари пилла етиштириш бўйича шартномалар тузганидан кейин ипак қурти боқувчи касаначилар билан ички меҳнат шартномаси тузиб, пилла етиштирилади.

Мазкур шартномалар меҳнат лаёқатига эга бўлган шахслар билан икки тарафларнинг келишуви асосида имзоланиб, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига зид бўлмаган тартибда тузилади. Шунингдек, фермер хўжаликларининг ипак қурт парваришлаш режалари фермер хўжаликларининг ўзи билан уларнинг ипак қуртини парваришлаш имкониятларидан келиб чиқиб, дала четларидаги мавжуд тутларни инобатга олиб, икки томонлама келишилган ҳолда эркин шартнома тузиш билан амалга оширилади.

Юсупов мақоласининг “Фермерлар роли” номли бўлимининг 5 хатбошида келтирилган малумот асоссиз бўлиб, Республикада боқилаётган ипак қурти миқдоридан ортиқча равишдаги мавжуд якка қатор тут дарахтлари ва тутзорлар борлигини таъкидлаш жоиз. Бунга оддийгина мисол келтирамиз. Баҳорги мавсум ўтганидан сўнг, дала четларидаги тутлар ва тутзорлардаги навсиз қолиб кетган тут барглари ҳар йили келгуси йил яхши ҳосил бериши учун қўшимча иш кучи жалб қилиниб кесиб чиқилмоқда. Шу билан биргаликда ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш учун ҳар йили ҳудудларда тут кўчатлари экиб келинмоқда. Хусусан, 2021-йилда 120,3 млн туп, 2022-йилда 122,8 млн туп тут кўчатлари экилди ҳамда 2023-йилда 123,8 млн туп экиш режалаштирилган. Бу кўчатларнинг ҳар йили бир қисми ҳосил бериб, пилла боқиш учун фойдаланилмоқда.

Шу бўлимининг 6 кичик бандида пора бериб ипак қурти боқишдан озод бўлиш мумкинлиги айтилган

Биринчидан, мақолада келтирилган ҳолат бўйича Уюшмада бирор-бир маълумотлар мавжуд эмас.

Иккинчидан, мақола муаллифи ҳолат юзасидан аниқ фактларни келтирмасдан (қаерда, қачон, қайси ҳоким ўринбосари, қайси фермер хўжалиги) умумий гаплар билан чекланган ҳолос.

Агарда мақола муаллифи ушбу бўйича аниқ маълумотларни тақдим этса, ушбу ҳолат юзасидан қонуний чора кўриш таъминланади.

2022-йилда қурт боқувчи касаначилар ва фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган 24,2 минг тонна пилла ҳосили учун пиллачилик кластерлари ҳисобидан 593 млрд. сўм, республика бюджетидан ажратилган субсидия ҳисобидан 120,2 млрд. сўм, жами 713,2 млрд. сўм пул маблағлағлари ажратиб берилган (аҳолига етиштирилган пилла ҳосили учун берилган).

Пилла етиштириш билан асосан аҳолининг ишсиз қатлами шуғулланади. Шуни таъкидлаш жоизки, пилла етиштириш қишлоқ аҳолисининг асосий даромад манбаларидан бирига айланиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-йил 4-декабрдаги “Республикада пиллачилик тармоғини жадал ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4047-сон қарорига мувофиқ фермер хўжаликлари томонидан пилла ҳосили учун тузилган контрактация шартномаларида белгиланган миқдорлардан ортиқча пилла топширилганида, 5 килограммгача ортиқча пилла ҳосили харид нархига нисбатан 15 фоиз, 5 килограммдан юқори бўлган қисмига 25 фоиз миқдорида устама ҳақ тўлаш тизими “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибига кирувчи корхоналар томонидан амалга оширилиб келинмоқда.

(Маълумот учун: шартнома бўйича – 1 қути ипак қурти парваришлаб, 55 килограмм пилла ҳосили режалаштирилган бўлиб, амалда – 70 килограмм пилла ҳосили етиштириган қурт боқувчилар, 55 килограмм пилла учун 1 358 500 сўм, (1 килограмм тирик пилланинг ўртача харид нархи 24 700 сўм ҳисобида), қўшимча етиштирилган 5 килограмм пилла учун 142 025 сўм, қўшимча етиштирилган 10 килограмм пилла учун 308 750 сўм, 1 қути қурт ҳисобидан етиштирилган тирик пилла учун (харид нарх бўйича) жами 1 809 275 сўм ҳамда давлат томонидан ажратиладиган субсидия ҳисобидан 350 000 сўм ҳаммаси бўлиб жами 2 159 275 сўм миқдорда даромад қилишган.)

Муаллиф томонидан таъкидланган пилла пулини кечиктираётган баъзи бир, саноқли равишдаги фермер хўжаликлар ҳам мавжудлигини инкор қилмаймиз. Ундай фермер хўжаликларини масъулияциз, тадбиркорлик кўникмаси йўқ фермер хўжаликлари сифатида баҳолаш зарур деб ҳисоблаймиз. Сабаби бу хилдаги иккинчи тоифа фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалик ерларидан номигагина фойдаланиб, бошқа йўналишларда тадбиркорлик билан шуғулланади. Ўрганилса, қўшимча даромади ердан, қишлоқ хўжалиги йўналишидан эмаслиги намоён бўлади. Бу хилдаги фермер хўжаликлари номигагина шартнома тузиб, ипак қуртларини парваришлашда жонбозлик кўрсатмайди, олинган аванс пулларини ва якуний ҳисоб-китобдаги маблағларни касаначиларига, оилавий звеноларига бермайди. Касаначилар ва оилавий звенолари билан ғалладан олинган сомон, пахтадан олинган ғўзапоя билан ҳисоб-китоб қилишга ҳаракат қилади. Бу ҳақли равишда, кейинги йилда бундай тоифадаги фермер хўжаликлари касаначиларида, оилавий звено вакилларида норозилик ва ипак қурти боқмаслик кайфиятини туғдиради. Бундай фермер хўжаликлари билан юз бераётган бир-иккита ҳолатлар мавжудлиги муаллифнинг барча фермер хўжаликлари тўғрисида фикр юритишига асос бўлмаслиги лозимлигини таъкидлаш жоиз.

Бундан ташқари, “Ўзбекипаксаноат” уюшмасида мазкур масала бўйича тезкор штаб мавжуд бўлиб, ушбу штаб доимий равишда фаолият юритмоқда. Штабга келиб тушган мурожаатлар бир кун муддатда тезкорлик билан ҳал этиш чоралари кўриб келинмоқда.

Кейинги йилларда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси бошчилигида бевосита хориждан юқори сифатли ипак қурти уруғлари келтирилмоқда. Шунингдек, маҳаллий уруғ ишлаб чиқарувчи корхоналарда ҳосилдор ипак қурти зотларидан уруғ тайёрланмоқда. Бу эса қурт боқувчиларда 1 қутидан кутилганидан кўпроқ ҳосил олиш имконини бермоқда (1 қутидан 70-75 килограммгача). Фермер хўжаликлари шартномада кўрсатилган миқдордан ортиқча етиштирган пилла хомашёсини ҳохлаган истеъмолчига эркин сотиши мумкин. Шуни ҳисобига улар эркин бозорда маҳсулотини сотиб тегишлича тартибда юқори даромад олмоқда.

Бундан ташқари, фермер хўжалигининг ҳохишига кўра юқорида таъкидлангандек ПҚ-4047-сонли қарорга мувофиқ шартнома имзолаган пиллачилик кластери томонидан шартномаларда белгиланган миқдорлардан ортиқча пилла топширилганида, 5 килограммгача ортиқча пилла ҳосили харид нархига нисбатан 15 фоиз, 5 килограммдан юқори бўлган қисмига 25 фоиз миқдорида устама ҳақ тўланиши белгиланган.

Юқорида таъкидланганидек, баъзи бир саноқли равишдаги фермер хўжаликлари ҳам мавжуд албатта. Ундай фермер хўжаликларини масъулияциз, тадбиркорлик кўникмаси йўқ фермер хўжаликлари сифатида баҳолаш зарур деб ҳисоблаймиз. Ушбу турдаги фермер хўжаликлари пиллачилик кластери билан шартнома имзолашига қарамасдан, шартнома мажбуриятларини бажаришни ўз зиммасига олмайди ҳамда ўз ишига совуққонлик билан ёндашади. Натижада шартнома шартларини бажаришнинг турли хил ноқонуний йўлларини аҳтариб, қонунга мувофиқ бўлмаган ҳолатларни ҳам юзага келтиради. Лекин бундай ҳолатлар камдан-кам учраб, ҳозирги пайтда пилланинг харид баҳоси кластерлар томонидан юқори белгиланаётганлиги сабабли ўз-ўзидан бартараф бўлмоқда.

Мақоладаги Фермерларнинг роли” бўлимида фермерлар касаначиларга молиявий бўлмаган фойда ҳақида гапиради дейилган. Бундай ҳолатлар амалиётда учрамаганлигини маълум қилиш ўринлидир.

Аҳоли хонадонлари тут новдаларини (ипак қурти парваришлашдан сўнг барги олинган новда) исроф қилмасдан мақсадли фойдаланиб келинаётганлиги сир эмас. Улар баъзи ҳолатларда ортиқча новдаларни қўни-қўшниси ва маҳалладошларига маълум бир миқдордаги ҳақ эвазига сотиб, қўшимча даромад ҳам олишлари мумкин.

Кейинги йилларда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси тизимидаги корхоналарга бириктирилган тутзорларда мавжуд тутларни навли тутлар билан алмаштириш, реконструкция қилиш эвазига 1 гектар майдонда боқиладиган ипак қурти миқдори 15 қутига етказилиши режалаштирилган ҳамда бунинг устида аниқ ишлар олиб борилмоқда.

Амалдаги қонунчиликка кўра, пилла етиштириш эркин шартномавий муносабатлар ва ихтиёрийлик асосида ташкил этилади.

Ҳозирги кунда амалиётда ҳам пиллачилик агрономлари маҳалла фаоллари билан кенгашган ҳолда аҳолининг иш билан банд бўлмаган қатламини пиллачилик соҳасида бандлигини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилади. Хусусан, ижтимоий дафтарларга киритилган, яъни “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни шартнома асосида пилла етиштиришга жалб қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, ушбу фуқароларга пилла етиштирганлик учун бир қатор имтиёзлар, жумладан, даромад солиғидан озод қилиш ҳамда бир йиллик меҳнат стажлари бериш каби имтиёзлар қўлланилмоқда.

Ҳозирги кунда 54,8 минг гектар тутзорлар 64,8 минг нафар аҳолига оилавий пудрат асосида берилган, улар ушбу тутзорларда 4 мавсум пилла етиштириб, шунингдек, тутзорлар орасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб даромад топмоқдалар. Шу билан бирга, Давлат раҳбарининг топшириғига асосан, 2023-йилдан бошлаб 105 минг гектар ер майдонлари пиллачилик ва тутчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари ташкил этиш ҳамда Ветнам тажрибаси асосида ушбу ер майдонларида тут плантациялари барпо этиш ва пилла етиштириш амалга оширилади. 

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси тизимидаги тутзорлар аҳолига оилавий пудрат асосида 0,2 гектардан 3 гектаргача (аҳолининг тутзорни бут сақлаш имконияти ва орасига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш имкониятидан келиб чиқиб) тақсимлаб берилган.

Касаначилар - тақсимлаб берилган майдондаги тутлар сони ва улардан олинадиган барг миқдоридан келиб чиқиб пилла хомашёси етиштиришга шартнома қилади.

Фермер хўжаликлари звенолари – булар фермер хўжаликлари даласи четидаги тутлардан фойдаланган ҳолда пилла хомашёси етиштиради. Уларни фермер хўжаликлари ўзлари танлайди ва ички меҳнат шартномалари асосида пилла хомашёси етиштириш амалга оширилади.

Муаллиф томонидан пиллачилик кластерлари ва ҳудудий “Агропилла” МЧЖлари томонидан касаначиларнинг пилла хомашёси етиштириш учун ўзлари мурожаат қилаётгани тан олинган. Муаллиф шунингдек, кейинги йилларда топширилган пиллалар учун тўланаётган ҳақнинг сезиларли даражада бир неча марта ортганлигини таъкидлаган ва пилла хомашёси етиштириш учун пуллар ўз вақтида берилаётганлиги эвазига пилла боқувчилар сони ортиб бораётганлигини кўрсатган.

Кейинги йилларда пилла етиштириш мавсуми бошланиши билан пиллакорлар мурожаат қилмоқда, буюртма асосида имкониятини баҳолаган ҳолда ипак қуртини олишмоқда, сабаби юқорида таъкидланганидек, пилла хомашёси учун таклиф қилинаётган баҳолар кластерлар томонидан юқори бўлаётганлиги, сифат даражасига қараб, бир кг учун 40 минг сўмгача берилаётганлиги касаначиларда пилла етиштиришга қизиқишни орттирмоқда. Шу билан биргаликда 54,8 минг гектар мавжуд тутзорлар баргидан пилла етиштириш мавсумларида фойдаланиш учун кўп йиллик шартнома асосида касаначиларга бириктирилган. Касаначилар 4 та мавсумда пилла етиштириш ва йил давомида тутзорлар орасидан йилига 2-3-мартагача турли қишлоқ хўжалик экинларини парваришлаш ҳисобига даромад олиб келаётганлигини таъкидлаб ўтиш лозим.

Шунингдек, агар таққосланадиган бўлса (бу масала аҳоли томонидан доимий равишда таъкидланмоқда, агар муаллиф ҳақиқатдан касаначилар билан суҳбатлашганда буни билган бўлар эди) бир хонадон ўртача 2-2,5 қути ипак қурти парваришлаб, бир ой муддатда (кўпи билан 25-27 кун) 150 – 187,5 кг гача пилла олаяпти. Агар муаллиф таъкидлаганидек, 24,7 минг сўмдан харид қилинган ва 5000 сўм субсидия тақдим қилинган тақдирда ҳам олинган даромад ўртача 4,5-5,6 млн сўм эканлиги намоён бўлади. Бу бошқа тармоқлар билан солиштирилса, масалан қишлоқ хўжалик экинлари (3 ойдан – 5 ойгача ер банд бўлади), чорва молларини парваришлаш (бир қўй ёки қорамолни гўштга боқиш учун 3-4 ой кетади, камига ем-хашак харажати), иш билан банд бўлмаган аҳоли учун бир ойда бошқа тармоқда банд бўлиб олинган даромади ва харажати билан солиштирганда, сезиларли моддий харажатларсиз даромад олинишини кўриш мумкин.

“Касаначилар” бўлимининг 4 хатбошида фермер хўжаликлари томонидан пилла етиштирувчи касаначиларни топиш мушкуллиги, маҳалладошларини жалб этиш қийинлиги эвазига оила аъзолари томонидан пилла етиштиришга мажбур бўлинаётганлиги таъкидланган. Бу асоссиз фикр бўлиб, аксарият, фермер хўжаликлари томонидан, айниқса, аҳоли тиғиз бўлган, қишлоқ хўжалик мақсадида фойдаланиладиган суғориладиган ерлар кам бўлган ҳудудлардаги фермер хўжаликлари томонидан қишлоқ хўжалик экинларини етиштириш учун ажратилган ер майдонлари атрофида якка қатор тутларни кўпайтириш, даласининг бир қисмида тутзорларни барпо этиш, мавжудларини сақлаб қолиш тенденсияси кузатилмоқда. Сабаби оддий фермер хўжаликлари биринчидан, пилла хомашёси етиштиришдан даромад олишнинг ҳисобини олган, иккинчидан тутзорлар орасида ҳам қишлоқ хўжалик экинларини етиштириб даромад олиш ҳадисини ўзлаштирган. Улар томонидан контрактация шартномалари биринчилардан бўлиб, ўз ҳохиши билан тузилиш амалиёти йўлга қўйилган. Бундай фермер хўжаликлари сони йилдан-йилга ортиб бориши кузатилмоқда.

Муаллифнинг ўз фантазияларига таянган ҳолда келтирилаётган важлари тушунарсиз. Бу фуқаролар ўртасидаги ўзаро инсоний муносабатлар тизими ҳисобланади. Буни кимдир томонидан назорат қилиниши асоссиздир.

Муаллиф томонидан, касаначи тилидан “ипак қурти парваришловчи касаначиларнинг бир ой давомида ухламасдан ишлаши, эрталаб соат 4-5 дан барг кесиш учун бориш, тинмасдан барг истеъмол қилиниши” таъкидланган. Мазкур таъкидлар, соҳадан умуман хабари бўлмаган фуқаронинг фикри ёки ўйлаб топилган фикр эканлигини фактлар билан асослаймиз.

Ипак қуртлари ўзининг 5-ёшига етиб, асосий миқдордаги баргни истеъмол қилади. Бу ҳозирги кунда кўпи билан 7 кунни, агар яхши парвариш килинганда 5-кунни ташкил этмоқда. Жами бўлиб, ҳозирги кунда ипак қуртининг дастага чиқиш муддати жонлангандан сўнг 22-23 кунни ташкил қилмоқда. Эътибор қаратинг, жараён бир ойга етмаяпти. Бир қути ипак қурти кўпи билан ўртача 800 кг барг еяпти. Бир якка қатор тут дарахтидан ёки тутзордаги 7-8 ёшли тут дарахтидан ўртача 15-20 кг гача барг олинишини ҳисобга олсак, 40-60 та тут дарахти новдаларини чопиш билан бир қути ипак қуртини парваришлаш имкони мавжудлигини кўрамиз. Бу миқдордаги тут баргини йиғиш учун оила аъзосининг эрталаб соат 4-5 дан бошлаб кун бўйи тут новдасини чопишига эҳтиёж йўқ. Мазкур ҳисоб-китоблар оддий арифметика бўлиб, етук иқтисодчи бўлиш заруратини туғдирмайди. 

Пилла боқишда аҳоли хонадонлари, яшаш хоналарида боқилиши сабабли ноқулайчиликлар туғдираётганлиги таъкидланган. Афсуски, бу ҳам аниқ факт эмаслигини бир неча мисоллар билан асослаймиз.

Бугун пилла хомашёси асосан қишлоқ жойларда етиштирилмоқда. Бугунги кунда ипакчилик кластерли томонидан 5 гектарлик тутзорлар атрофида 50-100 қути парваришлаш имконияти бўлган махсус қуртхоналар барпо этилган, бу жойларга касаначилар жалб этилиб, барча шароитлар асосида парваришлаш амалга оширилмоқда. Шунингдек, маҳаллалардаги, тадбиркорлик субектларидан бўш майдонлар олиниб, ипак қурти парваришлаш олиб борилмоқда.

Кузатишлар ҳамда мутахассисларнинг аҳоли хонадонларида бўлиб, қурт боқиш жараёнларини кўриб келганлигидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ипак қуртлари кичик ёшларида (1-3 ёш) катта ҳажмдаги майдонга эҳтиёжи йўқ (кичкина сури ёки маҳаллий аҳоли фойдаланадиган хон тахта устига жой бўлади). Кичик ёшларида ошхонаси ёки омборхонасида парваришланиб, катта ёшга ўтгач катта омборхоналари ёки чорва моллари учун ажратилган ем-хашак сақлаш жойларида боқилаётганлигини таъкидлаш жоиз.

Барг етишмаслиги сабабли, тут барглари сотиб олинаётганлиги важ қилинган. Бу жуда асоссиз бўлиб, Республикада боқилаётган ипак қурти миқдоридан ортиқча равишдаги мавжуд якка қатор тут дарахтлари ва тутзорлар борлигини таъкидлаш жоиз. Бунга оддийгина факт келтирамиз. Баҳорги мавсум ўтганидан сўнг, дала четларидаги тутлар ва тутзорлардаги навсиз қолиб кетган тут барглари ҳар йили келгуси йил яхши ҳосил бериши учун қўшимча иш кучи жалб қилиниб кесиб чиқилмоқда. Шу билан биргаликда йилига миллион-миллион туп тут кўчатлари экилмоқда. Бу кўчатларнинг ҳар йили бир қисми ҳосил бериб, пилла боқиш учун фойдаланилмоқда.

2017-йилдан бугунги кунга қадар республикада пиллачилик соҳасини жадал ривожлантириш, соҳада аҳолининг бандлигини таъминлаш ва уларнинг даромадларини ошириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шахсан Давлат раҳбари томонидан қабул қилинаётган қарорларда ҳам бу ўз аксини топмоқда. Натижада, соҳанинг инвестицион жозибадорлиги ортиб, экспорт салоҳияти йилдан-йилга ривожланмоқда. 6 йил ичида 55 дан ортиқ янги пиллачилик кластерлари ташкил этилганлиги бунинг яққол исботидир. Шунингдек, бугунги кунда 1 қути ипак қурти парваришлаган аҳолининг даромади 2,1 млн сўмдан ортмоқда. Бунинг натижасида республикада соҳада 1 млн нафардан ортиқ аҳоли мавсумий иш билан таъминланмоқда.

Иқтисодиёти ривожланган хорижий давлатларда ҳам қишлоқ хўжалиги Давлат томонидан маълум бир даражада тартибга солинадиган ва етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари учун Давлат томонидан иқтисодий қўллаб-қувватлаш чоралари қўлланиладиган тизим ҳисобланади. Ўзбекистонда бугунги кунда ер муносабатлари тўлиқ бозор механизмига ўтказиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилган. Ажратилган ер майдонларини маҳаллий ҳокимият томонидан олиб қўйиш амалиётига чек қўйилди. Шундан келиб чиққан ҳолда таъкидлаш лозимки, пиллачилик соҳасида ҳам ажратилаётган ер майдонлари, жумладан, тутзорлар узоқ муддатли фойдаланишга ажратилганлигини ва улар ҳуқуқий механизмсиз олиб қўйилишига йўл қўйилмаётганлигини таъкидлаб ўтиш лозим.

Бугунги кунда республикада 54,8 минг гектар тутзорлар мавжуд бўлиб, ушбу тутзорлар вилоятлардаги “Агропилла” МЧЖлар балансига ўтказилган. “Агропилла” МЧЖлар томонидан шартномага асосан узоқ муддатга ҳудудлардаги пиллачилик кластерларига бепул фойдаланиш учун берилган.

Тутзорлар пиллачилик кластерлари томонидан жами 64,8 минг нафар аҳолига оилавий пудрат асосида тақсимлаб берилган (яъни 64,8 минг нафар аҳоли ер майдонида иш билан таъминланган).

Ушбу тутзорлар орасига аҳоли томонидан ҳар хил турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экилади ва бундан олинадиган даромад уларнинг ўзларида қолдирилади. Бу эса тутзорларга бириктирилган аҳоли учун пилла етиштиришдан ташқари қўшимча даромад ҳисобланади.

Туманда етиштирилган пилла хомашёси эса Давлатга эмас ўша тумандаги (ёки туманга бириктирилган) пиллачилик кластерига шартномага асосан топширилади ва пилла хомашёси учун белгиланган нарх пилла хомашёси навларидан келиб чиқиб шартномада кўрсатилади.

1 қути ипак қурти парвариш қилган пиллакор даромади 2,1 млн сўмдан ортиқ бўлади ва бу учун 1 ой меҳнат талаб қилинади. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29-мартдаги ПҚ-2856 сонли қарорига асосан пилла парвариш қилгани учун пиллакорга 1 йиллик меҳнат стажи берилади.

“Хулоса ва тавсиялар” бўлимидаги 9 хатбошида келтирилган важга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 29-мартдаги ПҚ-2856 сонли қарори билан изоҳ бериб ўтиш ўринлидир. Қарорда “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг асосий вазифалари белгиланган. Булар қуйидагилар.

А) озуқа базасини такомиллаштириш бўйича:

  • Тармоқнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш, тут қаторлари ва тутзорларни кенгайтириш мақсадида суғориладиган ер майдонлари ажратиш бўйича тегишли давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ўзаро самарали ҳамкорликни таъминлаш;
  • Ипак қурти парвариш қилинмайдиган даврларда пиллахоналар ва тутзорларда иккиламчи фаолиятни амалга ошириш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйиш, уларни ички ва ташқи бозорларда сотиш;
  • Б) ипак қурти уруғи ва пилла етиштириш, тайёрлаш ва бирламчи қайта ишлаш бўйича:
  • Уюшма таркибига кирувчи ташкилотларга ипак қуртининг юқори маҳсулдор зотларини яратиш, парвариш қилиш ва сифатли уруғ ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда кўмаклашиш;
  • Республика ҳудудлари бўйича пилла етиштиришнинг прогноз ҳажмларини белгилаш, пилла тайёрлаш ва қайта ишлаш ташкилотлари бўйича пилла етиштириш учун буюртмаларни жойлаштириш;
  • Сифатли пилла етиштириш ва тайёрлаш, уни дастлабки қайта ишлаш, хом ипак ва ипак калава ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ташкил этиш ва мавжудларини модернизация қилишни ташкил этиш;

В) пиллани чуқур қайта ишлашни ташкил этиш бўйича:

  • Ипакдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва унинг сифатини янада яхшилаш, унинг энг харидоргир турлари ва дизайнини ўзлаштириш, тармоқ маҳсулотларини халқаро талабларга мувофиқ сертификатлаштириш ва стандартлаштиришни таъминлаш, сифат менежментининг замонавий усулларини кенг жорий этишга доир ишларни самарали ташкил этиш;
  • Маҳсулот сотиш бозорларини кенгайтириш бўйича маркетинг тадқиқотлари олиб бориш, ипак маҳсулотлари нархини шакллантиришнинг мақбул механизмини яратиш бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда тайёр ипак маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш;

Г) тармоқни жадал ривожлантиришни мувофиқлаштириш бўйича:

  • Пиллачилик тармоғини ривожлантириш борасида қабул қилинган дастурий чора-тадбирлар амалга оширилишини мувофиқлаштириш, ягона илмий-техник, технологик, инвестициявий ва экспорт сиёсатини изчил юритиш ҳамда ички ва ташқи бозордаги нархлар мониторингини олиб бориш;
  • Норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, имтиёз ва енгилликлар бериш, халқаро молиявий институтлар ва донор мамлакатларнинг маблағларини жалб қилиш орқали Уюшма таркибига кирувчи ташкилотларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланишига кўмаклашиш;
  • Уюшма таркибига кирувчи ташкилотлар манфаатларини кўзлаб, давлат божини тўламасдан судга даъво аризалари тайёрлаш ва тақдим этиш ҳамда давлат органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракацизлиги) устидан шикоят қилиш.

Д) қўлда тўқилган гиламчиликни ривожлантириш бўйича:

  • Қўлда тўқилган гиламларнинг ички ва ташқи бозорларини тизимли таҳлил қилиш;
  • Тадбиркорлик субектларини қўлда гилам тўқиш кооперацияларига жалб қилиш, уларни гиламчилик соҳасида билим ва кўникмаларга эга бўлиши учун ўқитиш, шунингдек, бу жараёнга хорижий мамлакатлардан малакали мутахассисларни жалб қилиш ва инновацион технологияларни кенг татбиқ этиш;
  • Банд бўлмаган аҳолини, айниқса ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни гиламчилик билан шуғулланишга қизиқтириш, уларни ўқитиш ва малакасини ошириш, гилам тўқиш кўникмасини шакллантириш, жойларда кичик ишлаб чиқариш цехлари ҳамда аҳоли хонадонларида гилам тўқишни ташкил этиш орқали уларнинг бандлигини таъминлашда кўмаклашиш;
  • Ҳудудларда ипак, ипак чиқиндилари, жун ва пахта аралашмали гиламлар тўқишни ташкил этиш учун ҳунармандлар ва ташкилотларни керакли миқдорда хомашё ҳамда гилам тўқиш дастгоҳлари ва мосламалари билан таъминлаш чораларини кўриш;
  • Қўшилган қиймат занжирини яратиш мақсадида ипакни қайта ишлаш ташкилотлари, чорвачилик хўжаликлари ва гиламчилик ҳунармандлари ўртасида кооперацияни йўлга қўйишда кўмаклашиш;
  • Гиламчиликка оид семинар, анжуман, ярмарка ва кўргазмалар ташкил қилиш, шунингдек, маҳаллий гиламчилик ташкилотлари ҳамда ҳунармандларининг хорижий мамлакатларда ўтказиладиган ярмарка ва кўргазмаларда иштирок этишида амалий ёрдам кўрсатиш;
  • Халқаро сифат стандартларини жорий қилиш ва қўлда тўқилган гиламчилик маҳсулотларини экспорт қилиш ишларини ташкил этиш бўйича яқиндан кўмаклашиш.

Шу бўлимнинг 10 хатбошига қуйидагича жавоб берамиз.

Биринчидан, пиллачилик кластерлари хусусий тадбиркорлар томонидан ташкил этилган ва тўғридан-тўғри олинаётган даромад тадбиркорнинг хусусий даромади ҳисобланади.

Иккинчидан, тадбиркорлар маҳсулотни асосан экспортга йўналтириб, эркин бозор баҳоси асосида хорижий харидорларга сотиб келмоқда. Нархлар эса хорижий бозорларда ҳар йили ўзгарувчан характерга эга бўлиб, бозорнинг ипак маҳсулотларига тўйиниш даражасидан келиб чиқиб шаклланади. Нархни маҳаллий экспортёрлар томонидан назорат қилиниши мантиққа зиддир.

Учинчидан, тадбиркор доимий равишда ўз фаолиятини даромад олишга қаратади. Бозордаги фаолият эса доимий равишда рақобат муҳитига асосланган. Бугунги кунда “кластерлар фаолиятига маҳаллий ҳокимият ва мансабдор шахслар ёрдам беряпти” деган фикр умуман ҳақиқатга тўғри келмайди.

Тўртинчидан, пилла етиштириш бўйича шартномалар пиллачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари ўртасида ихтиёрий равишда тузилади ва бунга ҳеч қандай давлат ташкилотлари ёки бошқа идоралар аралашмайди.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмасига бугунги кунда 75 та пиллани қайта ишлаш корхоналари ҳамда 11 та ипак қурти уруғчилик корхоналари аъзо ҳисобланади. Ушбу корхоналар исталган вақт Уюшма билан тузилган ўзаро ҳамкорлик (аъзолик) шартномасини бекор қилиб, Уюшма таркибидан чиқишга ҳақлидир.

Юқорида таъкидланганидек, пиллачилик кластерлари қатъий равишда тадбиркорлик субекти ҳисобланади ва давлат органининг қарори асосида эмас, балки муассис ёки муассислар томонидан ташкил этилади. Қонунчиликка кўра, пиллачилик кластерлари фаолиятига давлат органларининг асоссиз аралашувига йўл қўйилмайди ва бундай ҳоллар жавобгарликни юзага келтиради.

Шу билан бирга, пиллачилик корхоналари (кластерлари)нинг “Ўзбекипаксаноат” уюшмасига аъзо бўлишлари мутлақо ихтиёрийлик асосида амалга оширилади.

Бўлимнинг 12 хатбошига қуйидагича изоҳ бериш мумкин.

Пилла хомашёси етиштириш жараёнида барча моддий техник ресурслар, шу жумладан ипак қурти уруғлари, тўшама қоғоз, термометр, фармолин, психрометр каби инвентар жиҳозлар пиллачилик кластерлари томонидан қурт боқувчиларга бепул етказиб бериш амалиёти йўлга қўйилди. Бу эса ўз навбатида қурт боқувчиларнинг сарф-харажатларини камайтириб, пилладан кўпроқ даромад олишига сабаб бўлади.

Пилла хомашёсини шартнома асосида етиштираётган фермер хўжаликлари зарар кўраётганлиги важи ҳеч қандай иқтисодий асосга эга эмас, бу бўйича етарли даражада иқтисодий таҳлиллар мавжуд.

Муаллифнинг фермерларни ипак қурти боқиш учун рози бўлишга мажбурлаш тўғрисидаги важи мутлақо асоссиздир. Бунга жавобан, Республикада бир неча йиллардан буён тадбиркорлик субектлари фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай текширишлар таъқиқланган бўлиб, тадбиркорларни текшириш фақатгина бизнес-омбудсманнинг тегишли рухсати билан амалга оширилади.

Сўнгсўз ўрнида шуни таъкидлаш керакки, бундан 6 йил муқаддам уюшма фаолияти 19 та пиллачилик кластерлари билан бошланган бўлса, бугунга келиб мавжуд кластерлар сони 75 тани ташкил этмоқда.

2017-йилда ипак маҳсулотларининг экспорт кўрсаткичи 20 миллион долларни ташкил этган бўлса, ҳозирда мазкур қиймат қарийб 5 баробар ўсган.

Соҳада меҳнат қилаётган фуқаролар сони  бугунги кунда 1 миллион 200 минг нафарни ташкил этиб, бу кўрсаткич Ўзбекистон аҳолиси сонинг 0,03 фоизига тўғри келмоқда.

Ўтган 6 йил мобайнида соҳани ривожи учун 10 га яқин қарор ва фармонлар ишлаб чиқилди. Мазкур қарор ва фармонларнинг барчаси Республика ипакчилик тармоғининг юксалишига ва фақат юксалишига хизмат қилмоқда.

Жорий йил 23-март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳа зиммасига янги вазифалар юклатилди. Жумладан, аҳоли яшаш жойларига яқин ҳудудлардан лалми ва яйлов майдонлари ўзлаштирилиб, янги тут плантациялари ҳамда янги пиллачилик кластерлари ташкил этиш топшириғи берилди.

Мазкур ер майдонлари 105 минг гектарга тенг бўлиб ҳар бир янги ташкил бўлган пиллачилик кластерига 1000 гектардан ер ажратилишини ҳисобга олсак, соҳада 105 та янги кластерлар пайдо бўлиши назарда тутилмоқда.

Бу соҳага нима беради? Аввало, бугунги кунда мавжуд пиллачилик корхоналари сони 75 тани ташкил этаётган бўлса, янги кластерларнинг ташкил топиши билан “Ўзбекипаксаноат” тизим корхоналари 180 тага етади.

Шунингдек, мазкур соҳада меҳнат қилаётган қурт боқувчи касаначилар, пиллани қайта ишлаш корхоналарида ишлайдиган хотин-қизлар умуман соҳада иш билан банд бўлганлар сонини 2 миллион нафарга етказиш имконияти пайдо бўлади. Бу кўрсаткич Распубликанинг бошқа соҳа тармоқларида жуда кам учрайдиган рақамлар эканини эътироф этиш лозим.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, бугунги кунда 75 та пиллачилик кластерлари қарийб 100 миллион долларлик ипак маҳсулотларини экспорт қилаётган бўлса, янги корхоналарнинг барпо бўлиши билан бу рақамлар 200 миллион долларга етиши кўзда тутилган.

Бундан кўринадики соҳа илдамламоқда, янги марраларни забт этмоқда. 10 йил олдин ипакчилик соҳасидаги бугунги натижалар ҳақида гапирилганда кўпчилик истеҳзоли жилмайиши маҳол эди, аммо нима деймиз, факт бу - факт.

Мавзуга оид