Ўзбекистон | 14:09 / 05.10.2021
10159
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Туркманистон транспорт соҳасида ва транзит йўлакларини ривожлантириш бўйича келишиб олди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг музокаралари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокидаги кенгайтирилган таркибда давом этди.

Учрашувда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли биродар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги, стратегик шериклик даражасига кўтарилгани алоҳида таъкидланди.

Давлат раҳбарлари кейинги йиллардаги ўзаро савдо суръатини мамнуният билан қайд этиб, товар айирбошлаш ҳажмини янада кўпайтириш учун мавжуд барча ресурс ва имкониятларни ишга солишга келишиб олдилар.

Савдо уйларини ташкил этиш ва учинчи мамлакатлар бозорларига чиқишни назарда тутган ҳолда ўзаро етказиб берилаётган маҳсулотларнинг номенклатурасини кенгайтириш ва диверсификация қилиш – бу борадаги йўналишлардан биридир.

Турли тармоқларда саноат кооперациясини ривожлантириш, шу жумладан автомобиллар йиғиш, кимёвий маҳсулотлар, электр техникаси ва маиший техника, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, пахта толаси ва мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, логистика инфратузилмасини яратиш ҳам икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида белгилаб олинди.

Ўзбекистон президенти тегишли «йўл харитаси»ни тайёрлашни таклиф қилди.

Томонлар транспорт соҳасида ва транзит йўлакларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олдилар. Ашхобод битимини биргаликда илгари суриш ҳамда Туркманбоши денгиз портининг ноёб имкониятларидан фойдаланишни кенгайтириш муҳим экани таъкидланди.

Бу борадаги ўзаро мувофиқлаштирилган қўшма саъй-ҳаракатлар юк ташишлар ҳажмини ошириш ҳамда транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш учун қулай шароитлар яратади.

Икки мамлакат ҳудудларидаги имкониятларни янада тўлиқ ишга солиш муҳим экани қайд этилди. Ҳамкорликнинг янги механизми – Ҳудудлараро форум ўтказишни йўлга қўйиш юзасидан келишувга эришилди.

Сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик юксак баҳоланди. Сув хўжалиги масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши муваффақиятли ўтказилгани олқишланди. Туямўйин сув омборининг Султон Санжар тўғонини реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш бошлангани мамнуният билан қайд этилди.

Халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш ва ўзаро англашувни кучайтиришнинг муҳим омили бўлган маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Маданият ва кино кунлари, театрлар ва мусиқий жамоаларнинг ижодий сафарлари, олимларнинг учрашувларини ва шу каби бошқа тадбирларни ташкил этиш халқларимиз янада яқин бўлишига хизмат қилади.

Шу маънода, Тошкент халқаро кинофестифалини «Ипак йўли дурдонаси» номи билан қайта тиклаш ташаббуси Туркманистон томонидан қўллаб-қувватлангани таъкидланди.

Ўзбекистон президенти бугун мамлакатимизда туркман миллатига мансуб 200 минг нафардан зиёд фуқаро истиқомат қилаётганини қайд этди. Улар Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқини ташкил этувчи бошқа барча миллат ва элатлар билан биргаликда бир оила фарзандларидек аҳил-иноқ ҳаёт кечирмоқда.

«Улар ўз тили, маданияти, анъана ва урф-одатларини ривожлантиришлари учун бундан буён ҳам барча шароитларни яратамиз. Ишончим комил, ҳурматли Гурбангули Мяликгулиевич ташаббуси билан Ашхободда барпо этилаётган «Тошкент» боғи халқларимиз дўстлигининг навбатдаги янги рамзи бўлади», – деди Шавкат Мирзиёев.

Музокараларда Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик бутун Марказий Осиё минтақасида барқарор тараққиёт гарови экани таъкидланди.

«Афғон халқига зарур инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишни давом эттиришга, ушбу мамлакатда муҳим ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишда туркманистонлик шериклар билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», - деди Ўзбекистон президенти.

Президентлар халқаро майдонда, шу жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида яқин мулоқотни давом эттириш ва ташаббусларни биргаликда илгари суришга келишиб олдилар.

«Бугунги учрашув натижалари стратегик шериклигимизни янги, янада салмоқли амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилади, ишонч, ўзаро англашувни мустаҳкамлашга имкон беради», - деди Шавкат Мирзиёев.

Музокаралар якунида президентлар Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ҳамраисларига эришилган келишувларни амалга оширишнинг аниқ механизмларини ўз ичига олган «йўл харитаси»ни тайёрлашга топшириқ бердилар.

Мавзуга оид