Ўзбекистон | 19:27 / 25.12.2020
9984
9 дақиқада ўқилади

Минтақадаги энг катта ботаника лабораторияси – Ўзбекистон миллий гербарийси ҳақида нималарни биласиз?

Ўзбекистон миллий гербарийси – 1,5 миллиондан ортиқ ўсимлик намуналари сақланадиган, Марказий Осиёдаги энг йирик гербарий.

Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника институти директори, академик Комилжон Тожибоев Kun.uz'га берган интервьюсида ушбу ноёб объект ҳақида сўзлаб берди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

— Дунёда расман рўйхатдан ўтган ва ўзига логотип олган 4 мингдан ортиқ гербарий бор. Шундан 3700 таси катта гербарий ҳисобланади. Шу 4000 га яқин гербарий орасида Ўзбекистон миллий гербарийси турларининг хилма-хиллиги жиҳатдан етакчи ўттизталикка киради.

Ўзбекистон миллий гербарийси Марказий Осиё ҳудудидан йиғилган гербарийлар бўйича дунёда 1-ўринда туради. Шунинг учун бу ерга бутун жаҳондан – Жанубий Америка, Африка, Европа, Осиёдан ва қўшни мамлакатлардан келишади. Бир йилда 20дан ортиқ делегация бу ерда илмий изланишлар олиб боради.

Хориждан келган мутахассисларнинг вақти кам ёки моддий жиҳатдан чегараланган бўлиши мумкин, гербарийда шундай мутахассисларга тўлиқ 24 соат ишлаши учун ҳам имконият яратиб берилади. Европа, Осиё, АҚШдаги гербарийларга борганимизда, бизга ҳам шундай имконият яратиб берилади.

Кўлами жиҳатдан бу гербарий – Марказий Осиёдаги энг катта ботаника лабораторияси. 1980 йилларда бутун Ўзбекистон бўйлаб тарқалган гербарийлар бир жойда жамланди. Агар ўша пайтда марказлаштирилиб, намуналар бир жойга олиб келинмаганида, биз ўта ноёб бойликни йўқотишимиз мумкин эди.

Ҳозир кўриб турганингиз шароитга етиб келгунча озмунча меҳнат қилинмади. 1,5 миллион нусхани бир жойдан иккинчи жойга кўчириш – деярли имконсиз иш. Дунё амалиётида бундай иш бўлмаган. Чунки гербарий залдан ташқарига чиқиши мумкин эмас – ўзига хос шароитда сақланиши лозим. Бу ерда фаолият юритган ва юритаётган ходимлар ўзига яраша жасорат кўрсатганлар.

Музей таъмирланишидан аввал аҳвол яхши эмасди. Зал шифтидан чакка ўтарди ва маълумки, бу қоғоз папкаларга таъсир қиларди. Ана шундай шароитларда фидойи ходимлар кечани кеча, кундузни кундуз демай, тахламлар устига клёнка ёзиб, гербарийни шу ҳолатда сақланиб қолишига улкан ҳисса қўшдилар.

«Йўқолиб кетган турлар ҳам бор»

— Буларнинг орасида табиатда йўқолиб кетган турлар бор. Бутунлай йўқолиб ёки кескин қисқариб кетган намуналар-да мавжуд.

Бу ерда Ўрта Осиё ўсимликларидан ташқари, Эрон, Афғонистон, Сурия, Россия, АҚШдан келтирилган гербарийлар бор. Ҳозирда биз кўпроқ Корея Республикаси, Хитой, Япония ва Жануби-шарқий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан ўсимликлар намуналарини алмашишни йўлга қўйганмиз. Ҳали аниқланмаган гербарийлар бўлими ҳам бор.

Ўтган асрнинг 70-йилларида Ўзбекистонда ўсимликларни ўрганиш учун махсус йирик кўламли тадқиқотлар олиб борилган. Ўша тадқиқотлар давомида жуда катта ҳажмдаги гербарий йиғилган ва катта ҳажмда алмашинув бўлган.

Собиқ иттифоқ даврида Тошкентдаги гербарий собиқ иттифоқ давридаги энг катта гербарий бўлгани учун қолган 14 та республика билан алмашинув ҳам интенсив эди. Шу сабаб 80-йилларда илм-фандаги инқироз, ходимлар етишмовчилиги ва бошқа сабаблар билан бу ердаги жуда катта гербарий аниқланмай қолиб кетди.

«Мақсадларимиз улкан»

— Мақсадларимиз улкан. Ўзим лолалар бўйича мутахассисман, лолаларнинг йирик коллекциясини, замонавий системасини яратаман.

Шунингдек, «Ўзбекистон флораси» номли 6 томли китобимиз бор, у анча эскирди. Уни янгилаш – яна бир мақсадим. Учинчи мақсадим – бу маълумотларни электрон форматга ўтказиб, уларнинг базасини яратиш орқали илмий тадқиқотларни янги савияга олиб чиқиш.

Ўзбекистон ҳудудида тарқалган ўсимликларни тўрт тизимли хариталаш орқали ҳужжатлаштириш ҳам режаларимдан бири. Буни бир ўзим қила олмайман, албатта. Жамоам менга бу борада кўмакчи. Биз бу жамоа билан Марказий Осиёдаги лидер позицияга чиқдик.

Бу ҳаммаси фундаментал илм, тинимсиз меҳнат, мартдан бошлаб августгача керак бўлса ойлаб, ҳеч ким юрмайдиган жойларда – тоғ-у тошда юриб, ишлаш дегани.

Бу – касбга садоқат. Олдинга мақсад қўямиз ва мақсадларга эриша-эриша шу нуқтага келдик.

Гербарий нима учун керак?

— Гербарий, ўз статусига кўра – музей. Маълум бир ҳудудда ўсадиган ўсимликлар намуналарини музей сифатида сақлаган бўламиз ва олимлар ишлаши учун майдон яратиб берамиз. Ҳар битта гербарий намунасининг ўсимлик органлари мисолида белгилари бор; илдизи, пояси, гули, булар – ўзида ботаник информацияни тутувчи намуналар.

1,5 миллион намунадан 300 мингдан кўпроғини рақамли форматга ўтказиб бўлдик. Буларни Ўзбекистон харитасига қўйсак, бу орқали иқлим ўзгаришлари, ҳудудлар ўзлаштирилиши чорва молларининг бетизгин ўтлатилиши, йирик корхоналарнинг табиатга таъсири каби ҳодисаларни ўрганиш мумкин.

Биз қаерда нима бор эди, нима қолди, нима қолади – шу асосда моделлаштиришимиз мумкин. Гербарий фони шунинг учун керак бўлади.

«Йил ўтган сари гербарий қадри ошиб бораверади»

— Ноёблик томони шундан иборатки, ҳар қандай замонавий асбоб, мобил қурилма эскиради. Лекин йиллар ўтган сари гербарий намуналарининг қадри ортиб боради. Гербарий намунаси тўғри аниқланган ва ёрлиқ тўғри ёзилган бўлса, қайси турга мансублиги тўғри аниқланган бўлса, унинг қадри ортиб бораверади. У янги-янги тадқиқотлар учун асос бўлаверади.

Йўқолиб кетган ўсимликларни тиклаш мумкинми? Ҳа, мумкин. Афсуски, ҳозир Ўзбекистон шароитида бунинг имкони йўқ. Жаҳон амалиётида мавжуд. Лекин бундан 200 йил олдинги гербарийдан тиклаш бошқа, замонавий молекуляр технологиялардан фойдаланган ҳолда 20 йил аввалги гербарий орқали тиклаш бошқа масала.

Яна бир томони, 30 йил олдинги гербарий билан ҳозиргини таққослаб туриб, кимёвий таркибидаги ўзгаришни ҳам кўришингиз мумкин.

«Гербарийларга мурожаат қилувчилар кўпайиб бормоқда»

— Гербарийнинг ҳажми ортиб боргандан кейин унга мурожаат қилувчилар кўпайиб кетди. Масалан, флористлар мурожаат қилишни бошлашди.

Флорист – маълум бир ҳудудда ўсадиган ўсимликлар йиғиндиси билан шуғулланадиган олим. Нимага мурожаат қилди? Чунки кўлам кенгайиб кетди. Терилган гербарийлар сони ортиб кетди. Мана, ҳозир бир шогирдимиз Қашқадарёда Тарқапчиғой ҳудудида ишлаяпти. Ўша ҳудудда, айтайлик, 1930–1950 йилларда қанақа гербарий намуналари терилган, деб мурожаат қилишни ва ўз базасига киритишни бошлади.

Молекуляр технологияларнинг ривожланиши билан генетиклар, биогеографлар, морфологлар мурожаат қилмоқда. Фармацевтлар мурожаат қилиши мумкин. Шунинг учун йиллар ўтган сари гербарий ўзининг классик мақомини сақлаб қолган ҳолатда замонавий тадқиқотчиларни ҳам ўзига жалб қила бошлади.

Молекуляр тадқиқотларга хизмат қилиш учун алоҳида чўнтакчаларга оляпмизки, у бу ўсимликнинг ДНКсини, геномини ўрганиш учун биз йиғган материалдан фойдаланишни бошлади. Бир қарашда эски йўналиш, эскириб бораётган ёки йўқолиб кетaётган, замонавий тадқиқот учун ҳам хизмат қилишга ўзининг форматини, кўринишини мослаштириб боряпти.

«Ўзбекистон флораси» номли йирик лойиҳа ҳақида

Комилжон Тожибоев

— Глобал биохилма-хиллик бўйича GBIF порталига Ўзбекистон 2020 йилда аъзо бўлди. Бу дегани, бутун дунё бўйича миллиондан ортиқ организмларнинг терилган нуқталари бўйича йиғилган базага йўл очилди. Айни пайтда биз ҳам ўзимизда бор маълумотларни бу тармоққа жойлаштиришни бошладик.

«Ўзбекистон флораси» номли лойиҳада бир қанча хорижлик мутахассислар ҳам иштирок этишади. Нима учун қўшни давлатларимиз бундай тадқиқотларни бошлай олмади? Аввало, бу узоқ муддатли иш. Таннархи жуда ҳам қиммат туради ва кучли салоҳият, йирик гербарий фондлари мавжудлигини талаб қилади.

Бундан унумли фойдаланган ҳолда, биз шундай йирик лойиҳаларни амалга оширишни бошладик. Бу, биринчидан, тадқиқотимиз савиясини кўтариш, иккинчидан, Ўзбекистондаги мавжуд салоҳиятни дунёга таништириш, гербарийни реклама қилиш ва шу орқали юртимизга бўлган эътиборни ошириш, мамлакат имижини ижобий томонга яхшилашга имкон беради.

Қолаверса, бу тўғри йўлга қўйилса, қўшимча инвестиция, қўшимча молия манбаларини жалб қилиш демакдир.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Асад Алланазаров.

Мавзуга оид