Ўзбекистон | 07:29 / 04.05.2020
23062
5 дақиқада ўқилади

Сирдарёда ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинади

Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш жараёни янада такомиллаштирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш жараёнини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Президентнинг “Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 26 мартдаги ПФ-5975-сон фармонига мувофиқ Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича ҳуқуқий эксперимент муддати 2021 йил 1 мартга қадар узайтирилган.

Қуйидагилар:

Сирдарё вилоятида доимий фойдаланиш (эгалик қилиш) ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқлари асосида тегишли бўлган ер участкаларини жисмоний ва юридик шахслар томонидан сотиб олиш тартиби тўғрисида вақтинчалик маъмурий регламент;

Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали хусусийлаштириш тартиби тўғрисида вақтинчалик низом тасдиқланади.

Белгиланишича:

а) ҳуқуқий экспериментни амалга ошириш даврида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режалари ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида;

б) Сирдарё вилоятида жисмоний ва юридик шахслар томонидан уларга доимий фойдаланиш (эгалик қилиш) ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш “YERНUSUSIYLASНTIRISН” ААТ орқали;

в) Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини хусусийлаштириш “YER AUKSION” савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали амалга оширилади.

Юридик ва жисмоний шахслар томонидан хусусийлаштирилаётган ер участкасининг сотиб олиш қиймати, аризани кўриб чиқиш учун йиғим ҳамда кўрсатилган ишлар ва хизматлар харажатларининг тўлиқ тўлови амалга оширганида, уларга тегишли бўлган кўчмас мулк ҳужжатлари Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига киритилмаган тақдирда Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман (шаҳар) филиали мазкур кўчмас мулк ҳужжатлари бўйича янги шаклдаги кўчмас мулк объектларининг турар ёки нотурар-жой фондига оид қисмига кадастр паспортини бепул тайёрлайди ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштиради.

“Давергеодезкадастр” қўмитаси:

2020 йил 1 июлга қадар кўчмас мулк ҳуқуқи, ер участкаси ва хусусийлаштирилаётган ер участкасида жойлашган бино ва иншоотларга нисбатан мавжуд бўлган ҳуқуқий чекловлар тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни тақдим этиш орқали кўчмас мулк объектларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни таъминловчи ахборот тизимини “YERНUSUSIYLASНTIRISН” ААТ билан интеграция қилинишини таъминлайди;

2020 йил 1 августга қадар ягона давлат кадастрлари тизимини географик ахборот тизими (геопортал) билан интеграциясини таъминлаш орқали хусусийлаштирилаётган ер участкаларининг чегаралари ва унинг геолокацияси тўғрисидаги маълумотларини Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигига тақдим этади;

2020 йил 1 октябрга қадар Ягона давлат кадастри тизимида фуқаролар томонидан расмий эгалик ҳуқуқисиз фойдаланиб келинаётган ва хусусийлаштирилмайдиган ер майдонларининг алоҳида ҳисобини яратади ва ушбу маълумотларни кейинчалик “YERНUSUSIYLASНTIRISН” ААТга интеграция қилади;

2021 йил 1 мартга қадар Республикадаги 7,2 млн кўчмас мулкларни бирма-бир хатловдан ўтказади ва электрон маълумотлар базасини янгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларининг кадастр рақами кесимида юридик ва жисмоний шахслардан ундириладиган ер солиғи ставкалари маълумотлар базасини “YERНUSUSIYLASНTIRISН” ААТ билан интеграция қилинишини таъминлайди.

Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг ўринбосари О.Б. Рустамовга - ҳуқуқий экспериментни давом эттириш жараёнида масъул ташкилотларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, шунингдек ҳуқуқий экспериментнинг тизимли мониторинги олиб борилиши ва таҳлил қилиниши;

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси А.Х. Абдуллаевга - электрон онлайн-аукционга қўйилиши мўлжалланган бўш турган ер участкалари бўйича ҳужжатлар сифатли тайёрланиши, ўз вақтида савдога қўйилиши ва ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказилиши;

Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Ғ. Мирзаевга - ҳуқуқий экспериментни амалга ошириш доирасида ҳудудий ташкилотлар фаолияти самарали ташкил этилиши ва сафарбар қилиниши учун шахсий жавобгарлик юкланади.

Мавзуга оид