Жамият | 12:19
3706
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда машина каналга тушиб кетиши оқибатида 4 йигит ҳалок бўлди

ЙТҲда фақат машина ҳайдовчиси тирик қолган ва шифохонага ётқизилган. Унда йўловчи сифатида кетаётган 4 йигит эса машинадан чиқиб кета олмасдан, сувга чўкиб, вафот этган.

Фото: Видеодан кадр

Сирдарёда инсонлар ўлими билан боғлиқ мудҳиш ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Millar дастури хабар берди.

Маълум қилинишича, ЙТҲ 26 декабр куни соат тахминан 21:30 ларда содир бўлган. 2001 йилда туғилган шахс бошқарувидаги машина каналга тушиб кетган. Машинада бир маҳаллада яшовчи 4 нафар йигит йўловчи сифатида келаётган бўлган. Ҳайдовчи уларни футбол майдонидан уйларига олиб кетаётган бўлган. 

Каналга қулаган машинадан фақат ҳайдовчи чиқиб кета олган. У шифохонага ётқизилган. Йўловчи йигитлар эса машинадан чиқа олмай, сувга чўкиб, вафот этган. Аниқлик киритилишича, марҳумлар 19-20 ёшли йигитлар бўлган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилган.

Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ҳозирча ҳолат юзасидан расмий маълумот бермаган.

Аввалроқ Қорақалпоғистонда икки машина тўқнашуви оқибатида 3 киши ҳалок бўлганди.  

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид